Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани, Қарши шаҳридаги 12 та, Қарши туманидаги 4 та, Косон туманидаги 1 та маҳалла «қизил» ҳудуд мақомини олди. Қарши шаҳри ва тумани ҳамда Косон тумани «сариқ» ҳудуд дея эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, 2020 йил 3 июль куни вилоят махсус комиссияси қарори эълон қилинган. Унга кўра, вилоятнинг Ғузор тумани, Қарши шаҳридаги «Мағзон», «Қиличбек-Қўрғонча», «Отчопар», «Қарлиғбоғот», «Нахшаб», «Худойзод», «Комилон», «Табассум», «Кунчиқар», «Мустақиллик», «Истиқлол» ҳамда «Шўртан» маҳаллалари, Қарши туманининг «Боғобод», «Гулистон», «Хонобод», «Чоргумбаз», Косон туманининг «Қуйиоброн» маҳалласига «қизил» ҳудуд мақоми берилди.

Қарши шаҳри, Косон ва Қарши туманлари «сариқ» ҳудуд тоифасига ўтказилди. Шунингдек, Муборак, Китоб ва Чироқчи туманлари «қизил»дан «сариқ» ҳудудга ўзгарди.

Қайд этилишича, вилоятда «яшил» ҳудудлар 8 та, «сариқ» ҳудудлар 6 та, «қизил» ҳудуд эса 1 тани ташкил қилмоқда.

Шунингдек, 2020 йилнинг 4 июль кунидан бошлаб сув ҳавзаларида чўмилиш ва дарё бўйларида, айниқса, Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларининг тоғли ҳудудларида ҳордиқ чиқариш вақтинчалик тақиқланади.

Махсус комиссия қарорига кўра, «қизил» ва «сариқ» ҳудудларда соат 07:00 дан соат 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда соат 23:00 дан соат 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади. Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади. Мазкур чекловларга риоя этмаганлар карантин талабларини бузган деб ҳисобланиб, белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қарши шаҳрида карантин чоралари кучайтирилиши, шаҳарга кириб-чиқиш назоратга олиниши ҳақида хабар берилганди.