Samsung компаниясининг расмий сайтида бир вақтнинг ўзида стилусга эга бронза рангли янги смартфоннинг иккита сурати пайдо бўлди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Суратлар Samsung’нинг Россиядаги сайтида — Galaxy Note8 смартфонига мўлжалланган бўлимида пайдо бўлган. Galaxy Note20 Ultra суратлари ушбу саҳифада 8 кундан бери турган бўлса-да, у яқиндагина аниқланган. Ушбу хабарни тайёрлаш вақтида янгилик тўғрисидаги хабар ўчириб ташланган, шунга қарамай компания серверларида очиқ ҳолатда сақланмоқда.

Тахминларга кўра, сурат расмий сайтда хатолик сабаб пайдо бўлиб қолган. Бу сервердаги файлларнинг бир хил номланиши ёки шунчаки эътиборсизлик сабаб содир бўлган бўлиши мумкин.

Смартфон дизайни май ойининг охирларида Onleaks никли инсайдер томонидан эълон қилинган маълумотларга тўлиқ мос келади. Смартфонга учта объективга эга массив модул ўрнатилган бўлиб, қурилма корпусининг ўткир бурчаклари экранга бирлашиб кетган.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Шунингдек, суратда янги S Pen стилусини ҳам кўриш мумкин. У ўзидан аввалги стилуслардан ташқи кўриниши билан фарқ қилмайди.

Миш-мишларга ишониладиган бўлса, Galaxy Note20 Ultra смартфони Note линейкасидаги энг катта дисплейга эга бўлади — 6,9 дюйм. Note20 тақдимоти август ойининг бошларида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Тақдимотда янги флагмандан ташқари, 5G алоқа тармоғини қўллаб-қувватловчи букланувчан Galaxy Z Flip моделини, Galaxy Fold 2 смартфон-планшетини тақдим этиши керак.