Ўзбекистонда 2 июль соат 23:30 дан 3 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 318 та ҳолат қайд этилди. Ўзбекистонда бир кун ичида коронавирусга чалинганлар сони биринчи марта 300 нафардан ошди. Табиийки, 3 июлдаги кўрсаткич янги рекорд ҳисобланади. Бунгача 2 июль куни 297 кишида коронавирус аниқланиши рекорд натижа бўлиб турганди. Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 9396 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 273 нафари карантин муассасаларида;
  • 45 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 37 нафар, Андижон вилоятида — 5 нафар, Тошкент вилоятида — 3 нафар) аниқланган.

Кун давомида 6 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 3 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари бир кун олдингига қараганда 2,5 бараварга (113 тадан 45 тага) камайди. Халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида худди 29 июнда бўлгани каби биронтаям янги ҳолат қайд қилинмади.

Тошкент шаҳрида қайд этилган 85 та ҳолатдан 45 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 37 таси аҳоли орасида аниқланди. 22 июнь куни Республика махсус комиссияси Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси аниқланган «қизил» ҳудудларни блокпостлар ўрнатган ҳолда маҳалла, даҳалар ва кўчалар кесимида ёпилиши, карантинга олинган фуқароларнинг уйи олдида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилиши ҳақида қарор чиқарганди. Ушбу қарорга қарамай, Тошкентда касалланиш ҳолатлари камаймаяпти. Июль ойининг дастлабки уч кунида пойтахтда жами 261 кишида касаллик аниқланди, улардан 139 нафари аҳоли орасида, 122 нафари карантиндагилар орасида қайд этилди. Тошкент шаҳрида аҳоли орасида коронавирус аниқланмаган 3 июндан бери роппа-роса бир ой ўтди.

Сурхондарё вилоятида кун давомида 69 та янги ҳолат қайд этилди. Бу кўрсаткич вилоят учун рекорд ҳисобланади. Аввалги рекорд кўрсаткич 27 июнь куни 26 кишида касаллик аниқланганда ўрнатилганди. Бу орада эса вилоятда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмаганди. 3 июль куни вилоятда аниқланган ҳолатларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланган. Бир кун ичида Сурхондарёда касалланганлар сони 68 фоизга (101 нафардан 169 нафарга) ошиб кетди.

Тошкент вилоятида аниқланган 26 та ҳолатдан 23 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 3 таси аҳоли орасида қайд этилди. Вилоят аҳоли орасида энг кўп касаллик аниқланадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Тошкент вилоятида 17 июндан 3 июлгача фақат 29 июнь ва 1 июль куни аҳоли орасида касаллик қайд этилмаган.

Самарқанд вилоятида қайд этилган 14 та ҳолатнинг барчаси карантиндагилар орасида аниқланди. Самарқандда ҳафта давомида янги касалланганлар сони 44 кишига кўпайди. Ушбу ҳолатларнинг 3 таси аҳоли орасида, 41 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилди.

Бухоро вилоятида аниқланган 9 та ҳолатнинг ҳаммаси карантинга олинганлар орасида қайд этилди. Вилоятда касаллик аниқланаётган кунларда ҳар сафар янги касаллар сони 9 тани ташкил этмоқда. 29 июнь ва 1 июль кунлари ҳам Бухорода 9 тадан янги ҳолат қайд этилган. Умуман олганда, вилоятда 15 июндан кейин 16 июнь17 июнь, 21 июнь26 июнь27 июнь, 29 июнь ва 1 июль кунлари ҳам касаллик юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган ҳамда шу кунларнинг барида, албатта, аҳоли орасида ҳам касаллик аниқланаётганди.

Андижон вилоятида қайд этилган 5 та ҳолатнинг барчаси аҳоли орасида аниқланди. Бу жорий ҳафтада Андижонда аниқланган илк ҳолатлар. Андижон вилоятида 21, 23, 25 ва 28 июнь кунлари ҳам аҳоли орасида касаллик аниқланганди.

Касалликдан даволаниш

3 июль куни тиббиёт муассасаларида 217 нафар фуқаро соғайди. Улардан 212 нафари Тошкент шаҳридаги ва 5 нафари Наманган вилоятидаги шифохоналардан даволаниб чиқди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 9396 нафар бемордан 6251 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич 29 июндан буён ўзгармаяпти.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди23 июньда уларнинг сони 2000 нафардан, 28 июнда 2500 нафардан, 2 июлга келиб эса шифохонадаги беморлар сони 3000 нафардан ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 3116 нафар бемордан 2671 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 445 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Қорақалпоғистонда 9, Наманганда 15, Хоразмда 23, Андижонда 33, Бухорода 34, Навоийда 37, Жиззахда 38, Самарқандда 74, Қашқадарёда 81 ва Сурхондарёда 101 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 июндан 1 июлгача 7 та ўлим ҳолати ҳақида маълум қилди. Аммо 2 июль санасида коронавирусдан вафот этиш билан боғлиқ янги ҳолатлар ҳақида хабар берилмади. Аслида шу куни Тошкентда бир эркак ва бир аёл касаллик асоратларидан вафот этган экан.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшовчи 59 ёшли Ғ.Б. исмли эркак 2 июль куни ўта оғир ҳолатда Тошкентдаги I.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.

Унга юрак ишемик касаллиги, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, инфарктдан кейинги кардиосклероз, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Шунингдек, беморда шу куни коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Бемор охирги 7 йил давомида юрак ишемик касаллиги, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган. Доимий гемодиализ муолажасини олиб турган.

2 июль куни шифокорлар томонидан стандарт асосида кўрсатилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшовчи 77 ёшли Н.Г. исмли аёл 2020 йилнинг 7 июнидан 16 июнигача Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида юрак ишемик, гипертония, қон айланиш етишмовчилиги, ўнг сут бези саратони, икки томонлама бронхопневмония, ўпка шиши ташхиси билан даволанган.

23 июнь куни унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

У охирги 10 йил давомида юрак ишемик, гипертония ва онкологик хасталик каби қатор ташхислар билан даволаниб келган.

2 июль куни бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлим ҳолатларини нима учун бир суткадан кейин эълон қилганининг сабаби номаълум. Лекин вазирлик сўнгги вақтларда коронавирусдан вафот этаётган беморлар қайси куни оламдан ўтаётганига аниқлик киритмаётганди. Беморлар вафот этган саналар бошқа манбалардан чиқиб келаётганди. 20-беморнинг ўлими 5 кун ўтиб, 21-беморнинг ўлими 2 кун ўтиб, 27-беморнинг ўлими 2-кун ўтиб эълон қилингани маълум бўлди.

15 мартдан буён Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этгани расман тасдиқланганлар сони 29 нафарга етди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3116 нафар бемордан 16 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 41 926 нафар, стационар карантинда эса 22 438 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 2850 нафарга кўпайган бўлса, стационар карантиндаги фуқаролар сони 2284 нафарга камайди. Уй карантинидаги фуқаролар сони июнь ойида ҳам бирон марта 41 мингга чиқмаганди. Уй карантинидаги фуқаролар сони ошиши бир кун олдин аҳоли орасида 113 та ҳолат аниқлангани билан боғлиқ бўлиши мумкин.