1853 йилнинг 2 июлида Россия Молдова ва Валахияни босиб олиб, олдинроқ эришилган халқаро келишувларни бузгани боис дастлаб Усмонли салтанати, сўнг қатор Европа давлатлари унга қарши уруш эълон қилди. Шу тариқа тарихга «Қрим уруши» номи билан кирган қонли уруш бошланиб кетди. Қрим яримороли муаммоси ана шу йилларда кўтарилди, негаки бу ҳудудга Россия, Усмонли салтанати ва ҳатто Европа давлатлари кўз тиккан эди. «Дарё» ҳозирда ҳам зиддиятлар давом этишдан тўхтамаётган ҳудудда 167 йил олдин содир бўлган ва Россиянинг мағлубияти билан якунланган Қрим уруши ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Wikipedia

Тарихий шароит ва урушнинг сабаблари

Кавказда ҳукмронлик учун Россия ва Туркия ҳамда унинг  иттифоқчилари ўртасида 1853–1856 йилларда кечган кураш тарихга «Қрим уруши» ёки «Шарқий уруш» номи билан кирди. 1854 йилнинг февралида Туркия Россияга қарши курашда иттифоқ тузди. Унинг таркибига Буюк Британия, Франция ва 1855 йилдан Сардиния қироллиги кирган. Ҳарбий ҳаракатлар Кавказда, Дунай князликларида, Болтиқбўйи, Қора, Азов, Оқ ва Баренс денгизларида, шунингдек, Камчатка ва Курил оролларида бўлиб ўтди, асосий эътибор Қримга йўналтирилгани сабабли ҳам уруш «Қрим уруши» номини олди.

XIX асрнинг ўрталарига келиб Усмонли салтанати таназзулга юз тутди ва фақат Россия, Англия, Франция ва Австриянинг тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдамигина султонга икки марта Мисрнинг исёнкор вассали Муҳаммад Али томонидан Константинополнинг қўлга олинишининг олдини олиш имконини берди.  Бундан ташқари, православ халқларининг усмонлилар ҳукмронлигидан озод бўлиш учун курашлари давом этарди (Восточний вопрос. Энциклопедический словар Брокгауза и Ефрона: в 86 т. (82 т. и 4 доп.). — СПб., 1890-1907).

Ушбу омилларнинг барчаси Россия императори Николай I да 1850 йилларнинг бошларида асли православ халқлари яшаган Усмонли салтанатининг Болқон мулкларини эгаллаб олиш фикри пайдо бўлишига олиб келди.  Буюк Британия Россияни Қора денгиз соҳилларидан, Кавказ ва Шимолий Америкадан қувиб чиқаришга ҳаракат қилди. Франция императори Наполеон III инглизларнинг Россияни кучсизлантириш режасига қўшилмаган бўлса-да, 1812 йилги қасос ва шахсий ҳокимиятни мустаҳкамлаш воситаси сифатида Россия билан урушни қўллаб-қувватлади.

Фото: Google Photos

Ким нимага эришишни истаган?

Хўш, урушдан томонларнинг асосий мақсади нима эди? Россия жанубий чегараларни хавфсизлантиришга, Болқонда унинг таъсирини таъминлашга ва Босфор, Дарданелл ва Қора денгиз бўғозлари устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилди, бу ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан муҳим эди. Ўзини буюк православ монархи деб билган Николай I Усмонли турклар ҳукмронлиги остидаги православ халқларини озод қилишни давом эттиришга интилди. Буюк Британияни урушга киришга ундаган асосий омил Россияни Николай I томонидан олиб борилган протексионистик сиёсатдан воз кечишга ва Британия товарларини олиб кириш учун қулай бўлган режимни жорий қилишга мажбурлаш эди, дея айтиш мумкин. Францияни урушга тортган нарса эса «Озод Польша» ғояси бўлди.

Урушнинг бошланиши ва бориши

Франция билан Байт Лаҳмдаги Исо Масиҳ туғилган черковни назорат қилиш масаласида юзага келган дипломатик зиддият пайтида Туркияга босим ўтказиш мақсадида Россия Адрианопол тинчлик шартномаси шартларига биноан ҳимоясида бўлган Молдавия ва Валахияни эгаллаб олди. Россия императори Николай I нинг қўшинларни олиб чиқишдан бош тортиши 1853 йилнинг октябрида Туркиянинг ҳарбий ҳаракатларини бошлашига олиб келди, шундан сўнг 1854 йилнинг март ойида Буюк Британия ва Франция Россияга қарши уруш эълон қилди. Шу тариқа тарихга «Қрим уруши» номи билан кирган жанглар бошланиб кетди.

Навбатдаги жанг ҳаракатларида иттифоқчилар рус армиясининг техникалари эскиргани ва қўмондонларнинг собит қадам эмаслигидан фойдаланиб, ўз армияларининг сон жиҳатдан устунлиги ва техник сифатини Қора денгизга қаратди. Қрим соҳилларига туширилган десант корпуслари у ерда жойлашган рус армиясига зарба берди ҳамда рус Қора денгиз флотининг асосий базасини қўлга киритди. 1855 йил февралда Николай I нинг ўлимидан кейин унинг жанубий қисми ҳам эгалланди. Кейин иттифоқчилар Севастополдан эвакуация қилинган Қора денгиз флоти бўлинмалари тўпланган Николаевни эгаллаб олишга ҳаракат қилди.

Фото: Google Photos

Англия-Франция флоти Днепр-Буг қўлтиғидаги Россиянинг миналаштирилган артиллерия мудофаа тўсиқларидан ўтишга журъат эта олмасди. Ҳарбий ҳаракатлар давомида иттифоқчилар томонидан эгалланган Кинбурн рус қалъаси бир неча ойдан сўнг жангсиз таслим бўлди. Шундан сўнг Қора денгиз ҳудудида амалга оширилган кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди. Кавказ фронтида турк қўшинларига бир қатор жиддий зарбалар берган рус қўшинлари Карс қалъасини эгаллаб олишга муваффақ бўлди.

1855 йил охирига келиб Севастополь (Севастополь қамали пайтида инглиз ҳарбийлари махсус кимёвий модда – одорантлардан фойдаланган) таслим бўлгач, Қрим уруши фронтларида ҳарбий ҳаракатлар деярли тўхтади. Россия дипломатик жиҳатдан яккалаб қўйилди. Уруш тугаганидан кейин томонлар тинчлик музокараларини тайёрлашга киришди. Йил охирида Австрия ҳукумати беш пунктдан иборат ультиматумни янги рус императори Александр II га топширди. Россиянинг ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан рақибларидан қолоқлиги унинг мағлубиятига сабаб бўлди.

Париж конгресси. Якун ва ҳудудларнинг қайта тақсимланиши

13 февраль куни Парижда дипломатик конгресс очилди. Унинг натижаларига кўра, 1856 йилнинг 18 мартида Россия ҳамда Франция, Буюк Британия, Туркия, Сардиния, Австрия ва Пруссия ўртасида Париж шартномаси имзоланди. Россия Севастополнинг жанубий қисми, Балаклава ва Қримнинг бошқа шаҳарлари эвазига Карс қалъасини Туркияга қайтариб берди, Молдавия князликларига Дунай ва Бессарабиянинг жанубий қисми берилди. Сербия ва Дунай князликлари автономияси тасдиқланди.

Фото: Google Photos

Қора денгиз, Босфор ва Дарданелл бўғозлари нейтрал – савдо кемалари учун очиқ ва ҳарбий кемаларга ва бошқа барча кучлар учун ёпиқ деб эълон қилинди. Россия Олланд оролларида истеҳкомлар қурмасликка ваъда берди, 1774 йилдаги Кучук Қайнаржа тинчлик битимида қўлга киритган Молдова ва Валахия протекторатидан ва Россиянинг Усмонлилар империясининг христиан фуқаролари устидан ҳомийлигидан маҳрум бўлди.

Уруш пайтида аксилроссия коалициясининг иштирокчилари ўзларининг барча мақсадларига эриша олмади, аммо Болқонда Россиянинг кучайишига тўсқинлик қилди ва уни 15 йил давомида Қора денгиз флотига эга бўлиш имкониятидан маҳрум этишди. Шу тариқа тинчлик шартномаси имзоланди.

1871 йилнинг 1 мартида Лондонда Париж шартномасининг моддаларида кўзда тутилган Қора денгизни қуролсизлантириш режимини бекор қилиш тўғрисида конвенция имзоланди (Собрание трактатов и конвенсий, заключённих Россией с иностранними державами. Т. XV. Трактати с Францией. «Runivers.ru»).

Қрим қурбонлари. Йўқотишлар рақамларда

Ҳарбий йўқотишлар ҳисоб-китобларига кўра, жангда ҳалок бўлганларнинг, шунингдек, иттифоқ қўшинида яраланганлар ва касалликлардан вафот этганларнинг умумий сони 160-170 минг кишини, Россия армиясида 100-110 минг кишини ташкил этган. Бошқа баъзи манбаларда келтирилишича, урушда ҳалок бўлганларнинг  умумий сони, шу жумладан, ҳарбий бўлмаган йўқотишлар билан ҳисоблаганда Россия ва иттифоқчилар томонидан тахминан 250 мингтани ташкил қилади.

Фото: Google Photos

Қрим уруши ортидан қандай унвонлар пайдо бўлди?

Урушнинг номига ва у билан боғлиқ тарзда таъсис этилган мукофот ва унвонлар билан ҳам тарихда қолди. Жумладан, Буюк Британияда фидойи аскарларни мукофотлаш учун «Қрим медали» ҳамда Болтиқбўйи қироллик денгиз флоти ва денгиз корпусидаги муносиб аскарларни мукофотлаш учун «Болтиқ медали» таъсис этилди.

1856 йилда «Қрим уруши» даврида муносиб хизмат қилганларни мукофотлаш учун таъсис этилган «Виктория хочи»  бугунги кунгача ҳам Буюк Британиядаги энг юқори ҳарбий мукофотдир. Россия империясида 1856 йил 26 ноябрда император Александр II томонидан «1853–1856 йиллардаги урушни эслаш учун» медали (Ионина Н., 100 великих наград. М.: «Вече», 2003.), шунингдек, «Севастополни ҳимоя қилгани учун» медали таъсис этилди.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади.