Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи 71 ёшли онахон М.Г. 30 июнь куни коронавирус аниқланганлиги сабабли Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 5 июль куни тарқатилган хабарга кўра, унга «Юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги» ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал сўнгги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган. Сўнгги бир ой ичида эса режали гемодиализ муолажаларини олишни бошлаган.

Қайд этишларича, беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлар томонидан маслаҳатлар, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ўтказилиб, доимий назоратга олинган.

«Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди», — дейилади вазирлик ахборотида. Бемор айнан қачон вафот этганлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида аниқлик киритилмаган. У коронавируснинг Ўзбекистондаги 32-қурбони бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 5 июль соат 10:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ жами 9829 та ҳолат аниқланган, шундан 6425 та ҳолатда беморлар соғайган.