Москвадаги Сеченов номидаги тиббиёт университетида COVID-19 вакцинаси синовида иштирок этаётган кўнгиллилар ўзини яхши ҳис қилмоқда. «РИА Новости»нинг хабар беришича, бу ҳақда университетнинг Дори воситаларини клиник ўрганиш маркази раҳбари Елена Смолярчук маълум қилди.

Фото: AP Photo

Сеченов университетида вакцинанинг клиник синовлари 18 июнда бошланган. Смолярчукнинг айтишича, кўнгиллиларнинг биринчи гуруҳи вакцинани 3 ҳафта олдин, иккинчи гуруҳи эса икки ҳафтадан аввалроқ олган.

Шифокорнинг таъкидлашича, препарат юборилганидан кейин кўнгиллиларда бошқа вакциналарникидан фарқ қилмайдиган озгина реакция кузатилган. Эмланган жойда қизариш ҳосил бўлган, айримларида бош оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши бўғимларда оғриқ, томоқ қичиши кузатилган.

Аммо бу реакциялар минимал даражада намоён бўлган, шу сабабли шифокорлар аралашуви талаб этилмаган. Барча реакциялар сутка давомида ўтиб кетган.

«Айни пайтда кўнгиллилар ўзини яхши ҳис қилмоқда, ҳеч қандай шикоятлар йўқ, барча ҳаётий функциялар нормал ҳолатда», — деб таъкидлаган Смолярчук. Кўнгиллилар ўзини яхши ҳис қилишда давом этса, уларга 15 ва 20 июль кунлари жавоб берилади.

Елена Смолярчукнинг билдиришича, ушбу вакцина хавфсиз ва самарадор деб топилса, ундан нафақат Россияда, балки бошқа давлатларда ҳам фойдаланиш мумкин.