Навоий вилоятида коронавирусдан дастлабки ўлим ҳолати расман қайд этилди. Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Навоий шаҳрида яшовчи 38 ёшли Х.Ш. исмли эркак 2 июль COVID-19 инфекциясига намуна топширган ва унда касаллик тасдиқланган. Бемор шу куннинг ўзида Навоий вилоят болалар юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама зотилжам, нафас етишмовчилигининг 1—2-даражаси асорати билан кечган.

Бундан ташқари беморда гипертониянинг 3-даражаси, артериал гипертензия 2, хавф — III, семизликнинг 1-даражаси каби ҳамроҳ касалликлари бўлган. Шунингдек, бемор 2019 йилдан буён гипертония касаллиги билан назоратда турган.

«6 июль куни беморнинг аҳволи ўта оғирлашган ҳамда мутахассислар томонидан консултация қилиниб, даволаш жараёни тегишли мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. Аммо шунга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашган. Реанимация бўлими мутахассислари томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чоралар самара бермаган ҳамда биологик ўлим қайд этилган. Ўлим сабаби — ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир бош мия ва ўпка шиши», — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати хабарида.

Хабарда беморнинг айнан қайси куни вафот этгани айтилмаган. Бироқ Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсуновнинг 6 июль куни вилоят аҳолисига қилган мурожаатида Навоийда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилганди.

«Энг аянчлиси шундаки, куни кеча вилоятимизда олиб борилаётган даволаш профилактика тадбирлари, тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, илк бор ўлим ҳолати қайд этилди», — деганди Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов.

Ҳоким мурожаатида ўлим ҳолати айнан қачон юз бергани, беморнинг ёши ва жинсига доир маълумотларни ошкор қилинмаганди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, вафот этган бемор «Саноат қурилиш банк»нинг Навоий вилояти филиали бошқарувчиси ўринбосари Хуршид Шабоновдир.

Фото: Telegram

38 ёшли навоийлик эркак Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 40-бемор бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча Навоийда юз берган илк ўлим ҳолати ҳақида хабар бермади. Сўнгги вақтларда ССВ беморлар ўлими ҳақидаги хабарни 1-2 кун кечикиб бермоқда. Деновда юз берган ўлим ҳолати ҳақидаги хабарни эса 5 кундан кейин берган. Аммо Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида яшовчи фуқаронинг коронавирусдан вафот этгани ҳақидаги хабарни туман ҳокимлиги маълум қилган бўлса-да, ССВ бу хабарни на тасдиқлаган ва на изоҳлаган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус асоратларидан 39 киши вафот этганини маълум қилган.