Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль, чоршанба куни бўлиб ўтган видеоселекторда мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, карантин вақтида ўтказилишга рухсат берилган 30 кишилик тўйлар ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Агар биз ҳозир одамларнинг ҳаёти билан боғлиқ нарсаларга эътиборни сусайтирсак, эртага аҳволимиз яхши бўлмайди», — деди Президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатда 30 киши иштирокида ўтказишга рухсат берилган тўйларда иштирокчилар сони 130 кишига кўпайиб кетмоқда. Жойларда оддий талабга эътибор берилмаяпти.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев касалликни яшириш ва уни мустақил равишда уйда даволашга уриниш атрофдагиларга катта хавф туғдираётганини таъкидлади.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Тошкент шаҳрида охирги бир ой ичида 4 та тўйда 110 та касалланиш ҳолати аниқлангани, Юнусобод туманида ўтказилган тўйда 79 киши вирус юқтириб олганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 23 мартдан эътиборан оммавий тадбирлар, хусусан, тўй-маросимларнинг ўтказилиши тақиқланган эди. Ушбу тақиқдан сўнг тўй маросимларини ўтказишга уринганларга нисбатан ҳатто жиноят иши ҳам қўзғатилди.

Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашиб, нисбатан назорат остига олингач, Республика махсус комиссиясининг 30 майдаги қарори билан «яшил» тоифага киритилган ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказишга рухсат берилди.

Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан бошлаб мамлакатда тўйларни ўтказиш яна тақиқланади.