Ҳаво яхши айланмайдиган бинолар ичида коронавирус билан касалланиш хавфи юқори. Бу ҳақда вирусолог ва иммунологларга таяниб, «Известия» хабар берди.

Таъкидланишича, бинодан нима мақсадда фойдаланиш ундаги ҳаво айланиш тизимининг ишлаши каби муҳим эмас.

«Ҳаво яхши айланмаса, хавф ёпиқ бино ичида юқори бўлади», — дейди Москва физика-техника институти геном инженерияси лабораторияси раҳбари Павел Волчков.

Олимларнинг фикрича, инфекциянинг юқиш хавфи бўйича иккинчи ўриндан жамоат транспорти, шунингдек, одамлар узоқ вақт давомида мулоқот қиладиган жойлар ўрин олган.

Барлар, ресторан ва караоке-клублар коронавирус билан касалланиш борасида катта хавф туғдирадиган масканлар рўйхатининг 3-поғонасидан ўрин олган. Мутахассислар, шунингдек, стадионлар, чилимхоналар ва ибодатхоналарга ташриф буюришда ҳам огоҳ бўлишга чақирган. Бундан ташқари, стоматолог кўригига борганда ҳам эҳтиёткор бўлиш тавсия этилади.

Экспертларнинг таъкидлашича, одамлар ниқоб тақиш ва ижтимоий масофаланишга эътибор қаратмай қўйган. Бу эса вазиятни янада мураккаблаштиради.

Аввалроқ олимлар бассейн ва сув ҳавзалари орқали коронавирус юқтириб олиш эҳтимолини баҳолагани тўғрисида, вирусни озиқ-овқатлар орқали юқтириб олишдан сақланиш йўллари тўғрисида хабар берилган эди. Дунёнинг 32 мамлакатидан бўлган 239 нафар олим Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мурожаат йўллаб, ундан коронавирус борасидаги тавсияларини қайта кўриб чиқишни талаб қилган.