Ўзбекистонда охирги бир ой ичида бозорлар ва турли ташкилотларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, охирги бир ойда Тошкент шаҳридаги «Ўрикзор» бозорида 35 та, «Юнусобод» бозорида 39 та, «Чорсу» бозорида 11 та, «Абу Сахий» бозорида 47 та, «Чилонзор буюм бозори»да 52 та ҳолатда вирус аниқланган.

Вазирнинг сўзларига кўра, мазкур беморлар орасида бозорларда ишлайдиган ходимлар, сотувчилар ва харидорлар бор.

Шунингдек, савдо мажмуаларининг ходимлари ва у ерга ташриф буюрганлар орасида 20 та ҳолатда коронавирус аниқланди.

Бундан ташқари, вино ишлаб чиқарувчи битта корхонада 71 кишида коронавирус қайд этилган. Банкларнинг 34 нафар ходимида, қурилиш ташкилотларида 200 дан ортиқ кишида вирус аниқланган.

Тадбиркорлик объектларида 63 та, меҳмонхоналарда 15 та, давлат идораларида 18 та, акциядорлик жамиятларида 17 та ҳолатда коронавирусга чалиниш кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан буюм бозорлари ёпилади.