Бутун дунёда энг йирикларидан ҳисобланган Шарқий Сибир ва Узоқ Шарқдаги БАМ темир йўл лойиҳаси XIX асрнинг охиридаёқ муҳокама қилинган, аммо 1926 йилга келибгина ушбу ҳудудда топографик тадқиқотлар бошланган эди. «Дарё» СССР даврида қурилиши бошланган, кўплаб меҳнат кучи ва маблағ сарфланган темир йўл лойиҳаси ҳақида ҳикоя қилади.

Аср магистралининг яралиш тарихи

1932 йил 13 апрелда СССР Халқ Комиссарлари Советининг «Байкал—Амур темир йўлини қуриш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, унга мувофиқ лойиҳалаш ва қидирув-қурилиш ишлари бошланди.

Фото: Google Photos

Кузга келиб лойиҳада ишчилар етишмаслиги муаммоси пайдо бўлди. Расмий равишда 25 минг киши ишлаши мўлжалланган лойиҳага атиги 2,5 минг киши жалб қилинди. Натижада 1932 йил 25 октябрда СССР Халқ Комиссарлари Советининг иккинчи фармони чиқди, унга биноан БАМ қурилиши махсус хизмат бошқарувига топширилди. Аҳамиятлиси, шундан сўнг магистрал қурилиши учун ишчи кучи сифатида «қулоқ» асирларидан фойдаланилди. 1932 йилдаги «Байкал—Амур темир йўлининг энг яхши зарбдори» нишони ҳам айнан БАМ асирларига берилган.

Қурилишнинг бошланиши

1938 йилда Тайшетдан Братсккача бўлган қисмида қурилиш бошланди. Май ойида БАМлаг тарқатиб юборилди ва унинг асосида олтита темир йўл мажбурий меҳнат лагери ташкил этилди. Улар: Амур темир йўл меҳнат лагери, Жанубий темир йўл меҳнат лагери, Ғарбий темир йўл меҳнат лагери, Шарқий темир йўл меҳнат лагери, Жануби-Шарқий темир йўл меҳнат лагери ва Бурейский темир йўл меҳнат лагери. 1938 йилда қурилиш майдончасида 150 мингдан ортиқ маҳбуслар ишлаган.

1939 йилда шарқий қисмда Комсомольск-Амурдан Совет Гавангача қурилиш учун тайёргарлик ишлари бошланди. 1942 йил январда Давлат Мудофаа қўмитасининг қарори билан Сталинград—Саратов—Сизрань—Ульяновск йўналиши қурилиши бошланди (Побожий А.А. Сквозь северную глушь. — М.: Современник (издательство), 1978. — 318 с.). 1945 йилда темир йўлнинг Комсомольск-Амур—Совет Гавань қисми фойдаланишга топширилди.

1951 йил июль ойида биринчи поезд Тайшет—Братск—Усть-Кут (Лена) линиясини тўлиқ босиб ўтди ва 1958 йилда темир йўлнинг йўналиши тўлиқ фойдаланишга топширилди ва қурилиш қарийб 10 йилга тўхтатилди.

1967 йил 24 мартда КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг лойиҳалаш ва қидирув ишларини қайта бошлаш тўғрисида қарори чиқди. КПСС Марказий Комитети ва СССР Вазирлар Кенгашининг 1974 йил 8 июлдаги «Байкал—Амур темир йўлини қуриш тўғрисида»ги қарори билан узунлиги 3145 километр бўлган биринчи тоифали Усть-Кут (Лена)—Комсомол-Амур темир йўли ва Тайшетнинг иккинчи йўлини қуриш учун зарур маблағлар ажратилди.

Фото: Wikipedia

Қайта бошланганидан сўнг қурилишга асосан ёшлар жалб қилина бошланди, ғарбий ва марказий қисм (Тайшетдан Тиндагача) қурувчилар томонидан, шарқий қисм эса (Тиндадан Ваниногача) темир йўл қўшинлари томонидан қурилди. Шу тариқа БАМ СССРдаги энг қиммат лойиҳа (қиймати 17,7 миллиард рубль) сифатида тарихга кирди. Қийин геологик ва иқлим шароити туфайли темир йўлнинг марказий қисмини қуриш 12 йилдан кўпроқ вақт талаб қилди ва қурилиши энг кўп меҳнат талаб қилган қисм — Северомуйск туннелининг фаолияти фақат 2003 йилга келибгина узлуксиз йўлга қўйилди (5 декабрь куни очилиш маросими бўлиб ўтган).

1974 йил апрелдаги комсомолнинг XVII қурултойида БАМ қурилиши учун штаб ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Комсомол комитетининг котиби Дмитрий Филипов штаб раҳбарига айланади. 1977 йилда Бам—Тинда линияси, 1979 йилда Тинда—Беркакит линияси доимий ишга туширилди.

1986 йилда магистрални қуриш учун СССР Транспорт қурилиши вазирлиги 800 дан ортиқ япон қурилиш ускуналарини етказиб берди. Кўприкларни қуриш жараёнида технологияга мос келмаслик ва иш сифати пастлиги, натижада темирбетон билан қопланган 150 дан ортиқ кўприкнинг аксариятида нуқсонлар мавжудлиги аниқланди — бу юк ҳажми ва тезлигини чеклашга олиб келади.

1928 йилги совет лойиҳасига кўра, Буюк шимолий темир йўлнинг шарқий қисми ҳисобланган БАМ темир йўл линияси барпо этилган ҳудудларнинг табиий бойликларини ўзлаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилганди, аммо темир йўл бўйлаб саноат мажмуалари қурилиши на СССР даврида, на ҳудудлар хусусий тадбиркорларга топширилганидан кейин амалга оширилмади. БАМ йўлида дастлаб 9 та гигант ҳудудий саноат мажмуасини қуриш режалаштирилган эди, аммо якунда фақат битта — Жанубий Якут кўмир комплекси (шу жумладан, Нерюнгри кўмир кони) қурилди.

Фото: Wikipedia

1997 йилдан бошлаб БАМ бошқаруви билан Шарқий Сибир темир йўллари ва Узоқ Шарқ темир йўллари маъмурияти шуғуллана бошлади. Айнан шу йилга келиб БАМдаги қатнов ҳажми 1990 йилдаги энг юқори кўрсаткичга нисбатан икки баравар камайди (кунига атиги бир неча поезд ўтган). 2010 йилдан бошлаб магистралнинг ўтказиш қобилияти ва юк ташиш ҳажмини ошириш, шунингдек, оғир поездлар учун ихтисослаштириш режалаштирилди. Магистрал юк ташишни кўпайтириш мақсадида модернизация қилинди (Антон Вебер. БАМ — это не только железнодорожний проект. 18 мая 2015).

Дунёдаги энг йирик магистраллардан бирининг қамрови

Байкал—Амур темир йўлининг Тайшетдан Совет Гавангача (Хабаровск ўлкасидаги шаҳар) бўлган асосий йўналишининг узунлиги 4287 км. БАМ трассаси Транссибир темир йўлининг шимолий қисмидан Тайшет станциясига, ундан кейин Братскдаги Ангара дарёсидан, Усть-Кутдаги Лена дарёсидан ўтади, Северобайкалск орқали шимолдан Байкал кўлини айланиб ўтиб, Тинда орқали Амур дарёсидан ўтиб, Комсомольск-Амур дарёсидан ўтади ва Тинч океанида — Совет Гаванда тугайди.

Магистрал йўналиши асосан тоғли ҳудудлардан ташкил топган бўлиб, шу жумладан, у Становое тоғликлари орқали еттита тоғ тизмасини кесиб ўтади. Йўналишнинг энг юқори нуқтаси Муруринский довони бўлиб, у денгиз сатҳидан 1323 метр баландликда жойлашган. Магистралда ўнта туннель бўлиб, улар орасида Россияда энг узунларидан бири ҳисобланган Северомуйск туннели бор. Темир йўл йўналишида 11 та катта дарё кесиб ўтилади — уларнинг устида 2230 та катта-кичик кўприк қурилган. Магистрал 200 дан ортиқ темир йўл станциялари ва 60 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқлардан ўтади.

XXI аср: БАМнинг янги тарихи

2009 йилга келиб Тайшет—Тинда—Комсомольск йўналишида юк ташиш ҳажми яна ўсди ва йилига, тахминан, 12 миллион тоннани ташкил этди. 2009 йилдан бошлаб БАМ ҳар йили, тахминан, 12 миллион йўловчини ташийди, бу бутун Россия бўйлаб темир йўл транспортида йўловчи ташишининг бир фоизидан кўпроғини ташкил этади.

Фото: Wikipedia

2006 йил февраль ойида «ТВЭЛ» компанияси ва Шарқий Сибир металлургия корпорацияси БАМ ва Транс-Сибир темир йўллари ўртасида узунлиги, тахминан, 350 км бўлган Новий Уоян—Хиагда—Озерний—Могзон темир йўлининг қурилиши лойиҳасини ишлаб чиқди. Йўл Хиагда ва Озерний конида уран ишлаб чиқарилиши ва ташилишини таъминлаши керак эди. 2007 йилда ҳукумат режани тасдиқлади.

2009 йилда Комсомольск-Амур—Совет Гавань қисмини (Узоқ Шарқ темир йўли) реконструкция қилиш янги Кузнецовский туннелини қуриш билан бошланди — туннель 2016 йилда қуриб битказилиши режалаштирилган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 59,8 миллиард рублни ташкил этиб, бунда поездлар тезлигининг оширилиши, натижада ўтказиш қобилияти ва юк ташиш қобилиятининг ўсиши, шунингдек, поездлар оғирлигини 3600 тоннадан 5600 тоннагача орттириш имконияти юзага келиши кўзда тутилган.

2013 йил охирида Тинда—Хани темир йўл участкасида лойиҳавий қидирув ишлари бошланди. Ушбу қисм БАМнинг энг гавжум жойи бўлиб, уни уч йил ичида тушириш учун юз километрдан кўпроқ иккинчи йўлларни ётқизиш режалаштирилганди. 2015 йил бошида Тинда станциясидан кунига икки мингга яқин вагон ўтарди ва ушбу қисмдаги реконструкция ва кенгайтирилишлардан сўнг бу кўрсаткич уч бараварга кўпаяди (БАМ-2 поможет амурскому северу пережит кризис. Фоторепортаж. Амурская правда (16 марта 2015).

2019 йил 7 июлда Россия темир йўллари Лена-Восточная—Предленский Шарқий-Сибир темир йўл линиясида Лена дарёси орқали янги кўприк билан иккинчи йўл бўйлаб ҳаракатни бошлади. Ушбу ҳодиса Байкал—Амур темир йўлининг 45 йиллигига бағишланди. Янги йўналишнинг очилиши сабаб ташиш ҳажмини йилига 26,9 миллион тоннадан 34,5 миллион тоннагача кўтарилиши кераклиги белгиланди. 2019 йил 20 августда БАМда иккинчи Северомуйск туннелини қуриш ишлари бошланиб кетди.

Фото: Google Photos

БАМ қурувчилари ўнлаб йиллар давомида вақтинчалик уйларда яшаб келган. БАМнинг собиқ қурувчилари учун янги барпо этилган уй-жойларнинг сифати паст эди. Бу омиллар натижасида БАМ ҳудуди аҳолиси 35 йил ичида (1982—2017) икки бараварга қисқарди (Елена Рачева. После БАМа // Новая газета. — 2018. — № 8. — С. 11—14).

Шарқий қисмни қуришда СССР қуролли кучлари темир йўл қўшинларининг иккита темир йўл корпуси иштирок этди. БАМ қурилиши ҳал қиладиган вазифалардан бири Хитой билан ҳарбий тўқнашув юз берган тақдирда мамлакатнинг Узоқ Шарқ минтақалари билан ишончли алоқани таъминлаш эди.

БАМ ҳақида эсда қоларли фактлар

БАМ қурилиши учун Германия Федератив Республикасига 10 мингга яқин самосваллар ва ҳаво совитадиган дизель двигателли Magirus Deutz русумли юк машиналарига буюртма берилган. СССРда фуқаролик автоуловлари учун бундай дизеллар ишлаб чиқарилмасди. Етказиб бериш ишлари 1975—1976 йилларда амалга оширилган. Ушбу машиналарнинг бир қисми ҳозирда Сибир ва Узоқ Шарқ минтақаларида ишлайди. Ушбу машиналарда ишлаш энг обрўли деб ҳисобланган ва улар СССРда ишлаб чиқарилган машиналардан сифат ва қулайликлари билан ажралиб турган.

Фото: Google Photos

БАМ шарафига астероидлардан бири «(2031) БАМ» деб номланган бўлиб, у 1969 йилнинг 8 октябрида Қрим расадхонасидан Людмила Черних томонидан топилган. БАМга атаб ўндан ортиқ қўшиқлар, «Мурурин довони» фильми (1994 йил) ва адабий асарлар яратилган.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади.