Ўзбекистонда 7 июль соат 23:30 дан 8 июль соат 23:30 га қадар коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 422 та ҳолат қайд этилди. Бу мутлақ рекорд. Аввалги рекорд ўрнатилган 6 июль кунидагидан 80 нафар кўп беморда касаллик аниқланди. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 11 092 нафарга етди. 8 июль куни янги касалланганлардан ташқари соғайиш ва ўлимлар сони бўйича ҳам рекорд ўрнатилди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 295 нафари карантин муассасаларида (хориждан келиб карантинга олинганлар — 110 нафар, Қашқадарё вилоятида — 127 нафар, Тошкент шаҳрида — 37 нафар, Самарқанд вилоятида — 11 нафар, Қорақалпоғистонда — 7 нафар, Наманган вилоятида — 3 нафар);
  • 127 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 76 нафар, Қашқадарё вилоятида — 34 нафар, Самарқанд вилоятида — 11 нафар, Наманган вилоятида — 4 нафар, Қорақалпоғистонда — 2 нафар) аниқланган.

Кун давомида 5 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг барида аҳоли орасида ҳам, карантиндагилар орасида ҳам коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида 127 та янги касалланиш ҳолати кузатилди. Июль ойининг ўзида аҳоли орасидаги касалланиш ҳолатлари 6 марта 100 нафардан ошди. 8 кун ичида аҳоли орасида 831 та янги ҳолат аниқланди.

Кун давомида энг кўп касалланиш ҳолати июль ойида биринчи марта Тошкент шаҳрида эмас, бошқа ҳудудда аниқланди. Қашқадарё вилоятида 8 июль куни қайд этилган 161 та ҳолатдан 127 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 34 таси аҳоли орасида аниқланди. Бу вилоятда энг кўп касаллик аниқланган кун бўлди. Бунгача 16 июнь куни 104 кишида касаллик аниқланиши Қашқадарё учун рекорд эди. Табиийки, вилоятда аҳоли орасида ҳам ҳеч қачон бунча кўп касалланиш аниқланмаган. 5 июнда вилоятга коронавирус қайтганидан сўнг, асосан карантиндагилар орасида касаллик қайд этилаётганди. 5 июндан 7 июлгача Қашқадарёда қайд этилган 198 та ҳолатдан 185 таси карантиндагилар орасида, 13 таси аҳоли орасида аниқланганди.

Тошкент шаҳрида кун давомида 113 та янги ҳолат қайд этилди. Июль ойининг ўзида пойтахтда кунлик касалланиш ҳолати 6 марта 100 ва ундан ортиқ бўлмоқда. Янги ҳолатларнинг 37 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 76 таси аҳоли орасида қайд этилди. Тошкент шаҳрида охирги марта 3 июнь куни аҳоли орасида касалланиш ҳолати қайд этилмаган. Ўшандан буён узлуксиз равишда пойтахтда аҳоли орасида коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Июль ойида Тошкентда аҳоли орасида 606 кишида коронавирус аниқланди. Ўзбекистонга коронавирус кириб келгандан буён ҳеч бир ҳудудда касалланганлар сони 600 нафарга ҳам етмаган (Тошкент вилоятидаги беморлар ҳам Тошкентда даволанаётгани учун вилоят бўйича алоҳида статистика мавжуд эмас).

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг айтишича, охирги бир ойда Тошкент шаҳридаги «Ўрикзор» бозорида 35 та, «Юнусобод» бозорида 39 та, «Чорсу» бозорида 11 та, «Абу Сахий» бозорида 47 та, «Чилонзор буюм бозори»да 52 та ҳолатда вирус аниқланган. Мазкур беморлар орасида бозорларда ишлайдиган ходимлар, сотувчилар ва харидорлар бор. Шунингдек, Юнусобод туманида ўтказилган тўйда 79 киши вирус юқтириб олган. Тўйни 30 киши билан ўтказиш учун бир кунда уч марта тўй қилинган.

Самарқанд вилоятида қайд этилган 22 та ҳолатнинг 11 таси карантиндагилар орасида, 11 таси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда коронавирус аниқланиши бўйича кўрсаткичлар ҳар сафар кўпайиб бормоқда. 1 июль куни 11 кишида, 3 июль куни 14 кишида ва 5 июль куни 19 кишида касаллик қайд этилганди. Июнь ойида Самарқандда энг кўп касаллик аниқланган кунда 17 та ҳолат қайд этилганди. Самарқанд вилоятидаги беморлар сони 500 нафардан ошди. Самарқанд ҳозирда беморлар ва касалликдан тузалганлар сони бўйича Тошкент ва Бухородан кейин учинчи, ўлимлар сони бўйича Тошкент ва Намангандан кейин учинчи бўлиб турибди.

Қорақалпоғистонда аниқланган 9 та ҳолатдан 7 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 2 таси аҳоли орасида аниқландиИкки кун олдин мазкур ҳудуддаги шифохоналарда фақат бир нафар бемор қолиб, ушбу республика коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турганди. Аммо 2 кун ичида беморлар сони 23 нафарга кўпайди, ҳудудда илк ўлим ҳолати ҳам қайд этилди.

Наманган вилоятида қайд этилган 7 та ҳолатдан 3 таси карантиндагилар орасида, 4 таси аҳоли орасида аниқланди. Июль ойи бошидан бери Наманганда аниқланган 30 та ҳолатдан 20 таси аҳоли орасида қайд этилди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8 июль куни 5 кишининг вафот этганини хабар қилди. Улардан уч нафари аёллар, икки нафари эркаклар. Бир кун ичида 5 нафар беморнинг вафот этиши — бу рекорд кўрсаткич.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 64 ёшли М.Х. исмли аёл 1 июль куни қоринда ва чап кўкрак соҳасида оғриқлар кучайганлиги сабабли Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига ётқизилган.

У постхолецистэктомик синдром, ўткир панкреатит, гастрит, сурункали камқонлик, юрак ишемик касаллиги, стенокардия ташхиси билан даволанган. 3 июль куни эса беморда нафас етишмовчилиги белгилари кучайганлиги сабабли реанимация бўлимига ўтказилган ва COVID-19 инфекциясига намуна олинган.

Унга COVID-19, икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдром, постхолецистэктомик синдром, ўткир панкреатит, гастрит, сурункали камқонлик, юрак ишемик касаллиги, стенокардия ташхиси қўйилган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мутахассислар томонидан доимий назоратга олинган. Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди. 64 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 25, Ўзбекистондаги 41-бемор бўлди.

Иккинчи ўлим. Учтепа туманида яшовчи 64 ёшли Б.К. исмли эркак 2020 йил 1 июлдан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси реанимация бўлимида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабетнинг 2-тури, нафас етишмовчилигининг 1—2-даражаси, шунингдек, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.

2 июль куни ундан COVID-19 инфекциясига намуна олинган ва касаллик тасдиқланган. Охирги 8 йил давомида у паркинсон касаллиги билан диспансер назоратида бўлган. Бундан ташқари, бемор 2019 йил 1 июль куни бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ишемик турини ҳам ўтказган.

Сўнгги кунларда даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилганига қарамасдан аҳволи кескин оғирлашган. Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга карамай бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 64 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 26, Ўзбекистондаги 42-бемор бўлди.

Учинчи ўлим. Нукус шаҳрида яшовчи 56 ёшли З.Д. исмли аёлда 23 июнь куни бош оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, бурундан сув оқиши, аксириш, қалтираш ва иштаҳанинг йўқолиши кузатилган. Бемор ҳеч кимга мурожаат қилмасдан уйида даволанган.

29 июнь куни эса тана ҳарорати тушмаганлиги сабабли тез тиббий ёрдам машинасида Республика юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган ва изоляторга жойлаштирилган. Шу куни ундан COVID-19 инфекциясига намуна олинган ва беморда ушбу инфекция борлиги тасдиқланган.

Республика юқумли касалликлар шифохонасида унга COVID-19 инфекциясининг оғир кечиши, шунингдек, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, юрак-қон томир етишмовчилигининг 3-даражаси, ўткир респиратор дистресс синдроми ташхиси қўйилган.

Бемор бир неча йил давомида гипертония, юрак ишемик касаллиги билан даволаниб юрган ва назоратда турган. Бундан ташқари, у зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллигининг 3-даражаси, артериал гипертензиянинг 3-даражаси, қандли диабетнинг 2-тури, семизликнинг 2-даражасидан ҳам даволаниб келган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 56 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Қорақалпоғистондаги биринчи, Ўзбекистондаги 43-бемор бўлди.

Тўртинчи ўлим. Навоий шаҳрида яшовчи 52 ёшли Б.А. исмли эркак 30 июнь куни тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага COVID-19 инфекциясига гумон билан олиб келинган. Унга COVID-19, икки томонлама бронхопневмониянинг ўта оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигининг 3—4-даражаси, ўткир бош мия ва ўпка шиши асоратлари билан кечган.

Бемор бундан аввал гипертония касаллигининг 3-даражаси, артериал гипертензия, семизликнинг 4-даражаси ташхиси билан даволаниб юрган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир бош мия ва ўпка шиши оқибатида вафот этди. 52 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Навоийдаги иккинчи, Ўзбекистондаги 44-бемор бўлди.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Миробод туманида яшовчи 72 ёшли Л.С. исмли аёл 29 июндан 1-сонли Республика клиник шифохонасида COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмониянинг ўта оғир кечиши, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, сурункали юрак-қон томир етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.

Шунингдек, бемор бундан аввал юрак ишемик касаллиги, зўриқувчи стенокардия, гипертония касаллигининг 3-даражаси, қандли диабетнинг 2-тури (инсулинга муҳтож), диабетик нефропатия, ангиопатия, ретинопатия, полинейропатия, ёғли гепатознинг 2-даражаси, сурункали панкреатит билан даволаниб юрган ва назоратда турган.

Динамикада беморнинг ҳолати оғирлашганлиги сабабли 4 июль куни у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ўтказилган.

Клиникада бемор бир неча марта Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

7 июль куни ССВ сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ўта оғир аҳволдаги ушбу беморнинг видеосини ҳам эълон қилганди.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 72 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 27, Ўзбекистондаги 45-бемор бўлди.

ССВ қайд этилган 5 та ўлим ҳолати ҳам қайси куни бўлганини эълон қилмади. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби 8 июль куни ўтказилган брифингда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳақидаги хабарлар нега кечикиб эълон қилинаётганига изоҳ берди.

Республика ихтисослаштирилган Эндокрионология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Олимовнинг сўзларига кўра, Махсус комиссиянинг қарори бўйича 5 июлгача бўлган муддатда ҳар бир касалликнинг ташхисини тасдиқлаш Тошкент шаҳридаги референс лабораториядан ўтмагунича рўйхатга олинмаган. Рўйхатга олинганларнинг тузалганидан сўнг таҳлили худди шу лабораторияларда тасдиқланмагунича касаллар рўйхатидан чиқарилмаган. Бироқ 5 июлдан бошлаб вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбарига ташхис қўйиш, яъни PSR диагностикаси бўйича олинган маълумот асосида ташхис қўйишга рухсат берилган. Бемор даволанганидан сўнг PSR диагностикаси бўйича натижалар тузалганини қайд этган ҳолда вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбарининг ўзига берилган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3987 нафар бемордан 31 нафари оғир, 12 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бу ҳам рекорд кўрсаткичАҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони биринчи марта 40 нафардан ошдиБир сутка аввал аҳволи оғир беморлар 24, аҳволи ўта оғир беморлар 13 нафарни ташкил этаётганди. Бу орада эса 5 кишининг вафот этгани ҳақида хабар берилди.

Касалликдан даволаниш

8 июль куни 249 нафар фуқаро соғайди. Бу натижа ҳам рекорд ҳисобланади. Тузалганларнинг 158 нафари Тошкент шаҳри, 49 нафари Самарқанд, 20 нафари Навоий, 14 нафари Сурхондарё ва 8 нафари Бухоро вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 11 092 нафар бемордан 7060 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 63 фоизни ташкил этмоқда. Бир кун ичида бу борадаги кўрсаткич ўзгармади.

Айни вақтда 3987 нафар бемордан 3374 нафари Тошкентда даволанмоқда. Фарғонада 3, Жиззахда 12, Қорақалпоғистонда 23, Хоразмда 23, Наманганда 31, Навоийда 33, Бухорода 39, Самарқандда 65, Сурхондарёда 80, Андижонда 113 ва Қашқадарёда 191 нафар бемор қолди.

Янги чекловлар

Республика махсус комиссияси 10 июлдан 2020 йил 1 августга қадар Ўзбекистон миқёсида қуйидаги карантин чекловлари жорий этилишини эълон қилди:

  • автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланди;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилиши, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши белгиланди;
  • давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда йиғилишлар ўтказиш тақиқланди, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференсалоқа режимида ўтказиш белгиланди;
  • ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланди (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно);
  • томоша, маданий-кўнгилочар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди;
  • тўй ҳамда бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланди;
  • 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланди.

Шунингдек, 10 июлдан 2020 йил 1 августга қадар Ўзбекистон миқёсида қуйидаги объектлар фаолияти тўхтатилди:

  • парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;
  • буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;
  • спорт заллари, фитнес клуб, тренажёр ва бассейнлар;
  • ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;
  • умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) (етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно);
  • санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари.

Бундан ташқари, халқаро авиақатновлар хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартирилиши эълон қилинди. Шунга мувофиқ, 19 июлгача белгиланган чартер рейслар жадвалига ўзгартириш киритилиб, 6 та рейс бекор қилинди. Улардан 3 таси Москвага, 1 таси Санкт-Петербургга, биттаси Дубайга ва яна биттаси Сеулга амалга оширилиши керак эди. Шавкат Мирзиёев 8 июлдаги йиғилишда шу пайтга қадар хорижий давлатлардан 90 мингдан ортиқ фуқаро олиб келингани, чет элдаги қолган фуқаролар ҳам, албатта, олиб келинишини айтди.