Ўзбекистонда 2020 йил 8 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 110 кишига кўпайиб, 11 092  нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида аниқланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йил 8 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 168 нафарга кўпайгани, 17:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 144 кишига кўпайиб, 10 982 нафарни ташкил этгани хабар қилинганди. Кун давомида 422 та янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, касалланиш ҳамда тузалиш кўрсаткичи бўйича рекордлар янгиланган.

8 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 7060 нафарни (63 фоиз) ташкил этган.

Ўлимлар сони бўйича ҳам антирекорд янгиланди, кун давомида 5 та ўлим ҳолати қайд этилгани хабар қилиниб, шундан 3 таси Тошкент шаҳрида, 1 таси Қорақалпоғистонда ва 1 таси Навоий вилоятида кузатилган. Эпидемия бошланганидан буён жами 45 нафар бемор коронавирус асоратлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3987 нафар бемордан 31 нафари оғир, 12 нафари эса ўта оғир аҳволда.