Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қурилаётган Uzbekistan GTL заводи қурилишида қатнашаётган 127 нафар кишида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб ЎзА хабар берди.

Фото: «Дарё»

Хабар берилишича, мазкур фуқаролар коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгандан кейин карантинга жойлаштирилганди.

Қайд этилишича, айни пайтда корхонанинг қурилиш ҳудудида инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8 июль куни Қашқадарё вилоятида 161 кишида коронавирус аниқлангани, улардан 34 нафари аҳоли орасида қайд этилгани ҳақида хабар берганди.

Маълумот учун, айни пайтда Қашқадарё вилоятида жами 2793 киши, жумладан, 576 киши тиббиёт муассасаларида, 2217 киши уй шароитида карантинга олинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинади. 10 июлдан тўйлар, оилавий ва оммавий тадбирлар тақиқланади, автотранспорт ҳаракати чекланади, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилади, халқаро авиақатновлар икки бараварга қисқартирилади, коронавирусдан уй шароитида даволанаётганларга тиббий ёрдам бериш учун мобил гуруҳлар ташкил этилади, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари эпидемиологик тоифаси «қизил» бўлади. Шунингдек, Ўзбекистондаги саноат ва қурилиш объектлари қатъий карантин қоидалари асосида фаолиятини давом эттириши мумкин бўлади.