Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов коронавирусни уй шароитида даволаш шартлари, ичилиши мумкин бўлган дори турларини маълум қилди.

Унга кўра, симптомсиз, яъни касаллик аломатларсиз кечаётган, уйда даволаниш учун етарли шароит бор, деб ҳисобланган беморлар фақат қонни суюлтирувчи ва иммунитетни кўтарувчи дори воситаларини профилактик равишда қабул қилиши мумкин.

Улар оилавий поликлиниканинг умумий амалиёт шифокори томонидан назорат қилинади. Тана ҳарорати ва бошқа шикоятларни билиш учун ҳар куни белгиланган ходим телефон орқали бемор билан боғланиб унинг аҳволидан хабардор бўлиши керак. Аломатсиз шакл билан касалланган беморлар туман ва шаҳарларда ташкил этилган «мобил гуруҳ» томонидан сараланади.

Уйда кузатувда бўлган беморлар оила аъзоларидан яккаланиши, жисмоний фаоллик, гигиена талабларини барчасини вақтида бажариши, хонани тез-тез шамоллатиб туриши лозим эканлиги таъкидланди. Идиш-товоқлар бир марта ишлатиладиган ёки ўзи учун индивидуал ажратилади. Агар кузатув даврида: йўталиш, томоқ қирилиши, таъм ёки ҳид сезиш бузилиши, тана ҳарорати кўтарилса, зудлик билан оила шифокори ёки 103 рақамига қўнғироқ қилиб, шифохонага ўтказилади.

«Яшаш шароити санитария-эпидемиологик талабларга жавоб бермаган ёки яккалаш имконияти бўлмаган, 60 ёки ундан юқори ёшдаги, ортиқча вазн, сурункали касалликлар: гипертония, қандли диабет, юрак ва қон-томир касалликларига эга шахслар бундан мустасно. Агар 10 кун давомида инфекциянинг клиник белгилари намоён бўлмаса, беморлар рўйхатдан чиқарилади», — дейди Оқилов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу қоидалар Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 июндаги 31-сон баёни ижроси юзасидан шу йил 2 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишини олдини олиш борасида ўтказилаётган эпидемияга қарши кураш тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳуқуқий ҳужжатига асосан амал қилишини билдирган.

Ҳудудий маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда уй шароитида кузатувга олинган беморларни карантин қоидаларига риоя этилиши юзасидан тегишли ишларни олиб бориш ва қатъий назорат ўрнатилади.

«COVID-19» аломатсиз шакли билан касалланган беморларни уйда даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартиби ҳар бир бирламчи тиббий санитария бўғини муассасалари, тез тиббий ёрдам хизмати, санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ходимларига етказилиб, моҳиятини тушунтириш мақсадида онлайн ўқув семинарлар ташкил этилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавируснинг аломатсиз шаклини уйда даволаш бўйича саволларга жавоб берадиган Call-марказ ишга тушгани ҳақида хабар берилган эди.