Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов коронавирус инфекцияси билан касалланганини маълум қилди. У ўзининг Telegram’даги канали орқали касалликдан қандай даволанганини айтиб берди.

Кадр: UzReport

Бундан бир неча кун олдин менда ҳарорат кўтарилиши ва ҳолсизлик сезилди. Ҳароратимни ўлчаб кўрсам — 37,1 ва 37,2 даража. Жуда ҳам ҳолсизланиб, бутун мушакларим, суякларим, баданимда турли оғирлар пайдо бўлди. Кейин тест топшириб кўрсам, менда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди. Шудан сўнг шифокорларга мурожаат қилдим. Шифокорларнинг тавсияси билан ўпкамни МРТ қилишди, умумий қон таҳлилини топширдим. Ва уларнинг ташхисига асосан, менда енгил шаклли коронавирус кечаётгани маълум бўлди.

Мен ўз уйимда, оила аъзоларимдан алоҳида бўлган шароитда ушбу касалликни бошимдан ўтказдим. Шифокорларнинг тавсиясига асосан, ҳар икки соатда ҳароратимни ўлчаб турдим. Ҳароратим биринчи куни 37 даражадан 39 даражага қадар кўтарилди. Жуда ҳам кўп — кунига 5-6 литр сув ичдим. Тана ҳароратим 37 ёки 38 даража бўлганига ҳеч қандай дори истеъмол қилмадим, фақатгина 39 даражага кўтарилганида дори ичдим.

Дастлабки икки кун кечаси ухлаганимда этларим увишиб, қалтираб чиқдим ва секин-секин шифокорларнинг тавсияси асосида белгиланган тартибда томоғим ва бурнимни махсус суюқликда ювиб-чайиб турдим. Кунига уч марта таркибида витамин C бўлган дориларни ичдим. Асосан, шамоллашда, грипп пайтида бўладиган муоалажаларни қўллаш тавсия қилинди. Лекин бу ҳаммада индивидуал тарзда кечади.

Бу видеомурожаатни тайёрлашимдан асосий мақсад — жуда кўпчилик шамолладим деб ўйлаб, коронавирусга чалинганини билмай қоляпти, мен ана шундай ҳамюртларимизга ваҳимага тушмасликни ва албатта, шифокор кўригидан ўтишни тавсия қиламан…

Шифокорларнинг айтишича, 7—8-кунлар энг хавфли кунлар ҳисобланар экан. Менда уч кундан кейин ҳарорат чиқиши тўхтади, бироқ қисқа йўтал пайдо бўлди. Шифокорлар шундан кейин менга антибиотик ёзиб берди.

Шифокор маслаҳатисиз, таҳлиллар топширмасдан туриб, дориларни ичмасликни маслаҳат бераман. Шифокорлар томонидан тавсия қилинган дориларни ҳам минг марта ўйлаб, истеъмол қилишингизни сўрайман.

Энг асосийси, уйда ўтирса ҳам, уй шроитида ҳам даволанса бўлар экан. Енгил шаклдаги коронавирус шамоллашга ўхшайди. Агарда менда коронавирус инфекцияси бўлмаганда шу ҳолатга тушсам, шамолладим деб ўйлаган бўлардим. Энг асосийси шуки, шамолладим деб ўйлаб, шамоллашга қарши барча муоалажаларни, керак-керакмас капельницаларни олиб, ўзингизга зарар келтириб қўйманг. Шифокор билан маслаҳатлашиш керак...

Ҳозирда менинг аҳволим яхши, ҳид ва таъм билиш сезгиларим қайтган. Ўзимни соғлом пайтда қандай бўлса, шундай ҳис қилмоқдаман.

Интернетда коронавирусга деб турли дориларни тавсия қилишяпти. Мен буларга амал қилмаган бўлардим. Шамоллашга қарши арзимаган воситалар билан даволаниш мумкин бўлган жойда, ўзингизни ўзингиз турли бошқа касалликларга ҳам чалинтириб қўйишингиз мумкин.

Ўзингизни ва яқинларингизни асранг, ҳеч қачон тушкунликка тушманг. Бу касалликнинг барибир давоси бор.

Комил Алламжонов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси 

Комилжон Алламжонов Ўзбекистон санъат ва маданият институти (2006 йил) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2010) битирувчиси. 2005—2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизматига раҳбарлик қилган, 2009—2013 йилларда қўмита матбуот котиби ҳам бўлган. У Avtotest автомактаби, «Солиқ-инфо» газетаси, бухгалтерлик фаолиятини автоматлаштириш бўйича «БЭМ» дастури ва бошқа лойиҳалар асосчиси ҳисобланади. 2017—2018 йиллар давомида Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари ўринбосари, Президент матбуот котиби, 2018—2020 йилларда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифаси фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 11 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 12 206 нафарга етди. Айни пайтда Ўзбекистонда 7530 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаро соғайган. Эпидемия бошланганидан бери касаллик оқибатида вафот этган беморлар сони эса 55 нафарга етган.