Ўзбекистонда 9 июль соат 23:30 дан 10 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 463 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет учинчи кун касалланганлар сони 400 нафардан ошмоқда. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 12027 нафарга етди. Касалланганлар сони 11 минг нафардан 12 минг нафарга етиши учун 2 сутка етарли бўлди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 268 нафари карантин муассасаларида (хориждан келиб карантинга олинганлар — 209 нафар, Наманган вилоятида — 18 нафар, Навоий вилоятида — 17 нафар, Самарқанд вилоятида — 15 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 9 нафар);
  • 195 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 155 нафар, Жиззах вилоятида — 11 нафар, Сурхондарё вилоятида — 10 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 7 нафар, Наманган вилоятида — 6 нафар, Хоразм вилоятида — 5 нафар, Фарғона вилоятида — 1 нафар) аниқланди.

Кун давомида 10 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 7 тасида аҳоли орасида ҳам коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида 195 та янги касалланиш ҳолати кузатилди. Июль ойининг ўзида аҳоли орасидаги касалланиш ҳолатлари 8 марта 100 нафардан ошди.

Тошкент шаҳрида кун давомида аниқланган 155 та ҳолатнинг бари аҳоли орасида қайд этилди. Бир кун ичида Тошкентда аниқланган янги ҳолатлар 7 тага, аҳоли орасидаги ҳолатлар 1 тага камайди. Июль ойининг ўзида пойтахтда кунлик касалланиш ҳолати 8 марта 100 ва ундан ортиқ бўлмоқда. Аҳоли орасидаги касалланиш ҳолати эса июль ойида 5 марта 100 нафардан ошмоқда.

Тошкент шаҳрида июль ойининг ўзида касалланганлар сони 1286 нафарга кўпайди. Ўзбекистонга коронавирус кириб келган 15 мартдан бутун республика бўйича касаллар сони 1286 нафарга етгунча 31 кун керак бўлганди.

Наманган вилоятида аниқланган 24 та ҳолатдан 18 таси карантиндагилар орасида, 6 таси аҳоли орасида қайд этилди. Вилоятда бир кун олдин ҳам 24 та ҳолат қайд этилганди ва уларнинг 18 таси карантиндагилар орасида, 6 таси аҳоли орасида аниқланганди. Ҳафта бошидан бери Наманганда 4 кун янги касалланиш ҳолатлари кузатилди.

Навоий вилоятида қайд этилган 17 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. Навоийда 11 июнь куни аҳоли орасида 18 та касалланиш ҳолати қайд этилганидан сўнг вилоятда аниқланаётган янги ҳолатлар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилмоқда. 15 июнда 5, 18 июнда 6, 19 июнда 4, 24 июнда 5 ва 27 июнда 3, 2 июль куни 6, 4 июль куни 6 ва 7 июль куни 12 кишида касаллик аниқланганди.

Қорақалпоғистон Республикасида 16 та янги ҳолат қайд этилди. Улардан 9 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 7 таси аҳоли орасида аниқландиҲафта бошида шифохоналарда фақат бир нафар бемор қолган Қорақалпоғистон коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турганди. Аммо 4 кун ичида беморлар сони 63 нафарга кўпайди, ҳудудда илк ўлим ҳолати ҳам қайд этилди. Шу 4 кун ичида ҳар куни аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари кузатилди. Республикада касалланганлар сони 200 нафардан ошди.

Самарқанд вилоятида аниқланган 15 та ҳолатнинг бари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилди. Вилоятда уч кундан буён узлуксиз равишда янги ҳолатлар қайд этилмоқда, аммо сўнгги икки кунда аҳоли орасида касалланиш аниқланмади. Умуман олганда ой бошидан буён Самарқандда 85 та ҳолат аниқланган бўлиб, улардан 58 таси карантиндагилар орасида, 27 таси аҳоли орасида қайд этилди.

Жиззах вилоятида қайд этилган 11 та ҳолатнинг барчаси аҳоли орасида аниқланди. Жиззах вилоятига 25 июнь куни коронавирус қайтганидан бери касаллик қайд этилган кунларда, албатта, аҳоли орасида ҳам касаллик аниқланмоқда. 25 июнь куни 2 та ҳолат ҳам, 29 июнь куни 5 тадан 4 таси, 2 июль куни 33 тадан 27 таси, 7 июль куни 2 та ҳолат ҳам, 9 июль куни 16 та ҳолатдан 10 таси аҳоли орасида қайд этилганди.

Сурхондарё вилоятида аниқланган 10 та ҳолатнинг барчаси аҳоли орасида қайд этилди. Вилоятда бир кун олдин 16 кунлик танаффусдан сўнг биринчи марта аҳоли орасида битта ҳолат аниқланганди. Сурхондарёда июль ойининг 10 куни ичида 80 кишида касаллик қайд этилди, вафот этганлар эса 2 нафарга кўпайди.

Хоразм вилоятида аниқланган 5 та ҳолатнинг бари аҳоли орасида қайд этилди. Июнь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб ой охиригача Хоразмда касаллик аниқланса, камида 10 кишида коронавирус чиқаётганди ва ҳар сафар касалланганлар сони ошиб бораётганди. 15 июнь куни 10 кишида, 19 июнь куни 12 кишида, 20 июнь куни 13 кишида,  23 июнь куни 14 кишида, 26 июнь куни эса 22 кишида коронавирус аниқланганди. Июль ойига келиб касалланиш ҳолатлари камайиб, улар аниқланаётган кунлар ораси ҳам узайиб бормоқда. 1 июль куни 5 кунлик танаффусдан сўнг 7 та ҳолат аниқланган бўлса, 10 июль куни 9 кунлик танаффусдан сўнг 5 та ҳолат қайд этилди. Июль ойида Хоразмда қайд этилган 12 та ҳолатдан 9 таси аҳоли орасида аниқланган.

Фарғона вилоятида ягона ҳолат аҳоли орасида қайд этилди6 июль куни вилоятга коронавирус қайтганда ССВ Фарғонада аҳоли орасида 3 кишида касаллик аниқланганини маълум қилганди. Ўшанда Коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишни мувофиқлаштирувчи Фарғона вилояти штаби вилоят ҳудудида касаллик юқтирилганини рад этиб, инфекция 2 нафар фуқарога Тошкент шаҳрида, 1 нафар фуқарога Самарқандда юққан деган хулосага келганди. Икки кундан буён Фарғонада яна аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланмоқда, вилоят штаби бу ҳолатлар бўйича ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Тошкент вилоятидаги карантин муассасаларида хориждан келиб карантинга олинганлар орасида 200 дан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланди. Вилоятда коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар ва аҳоли орасида 3 кундан буён янги касалланиш ҳолати қайд этилмади. 2020 йилнинг 10 июль куни соат 00:01 дан бошлаб ҳар қандай транспорт воситаларида Тошкент вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Нурафшон шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Нурафшон шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан, вилоят туман ва шаҳарларига чиқиш тўхтатилган.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

10 июль давомида Навоий, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан, жами 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Уларнинг бари эркаклар. Бир кун олдинга солиштирганда вафот этган беморлар сони 2 бараварга камайди.

Биринчи ўлим. Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшовчи 55 ёшли Ж.Ў. исмли эркак 6 июль куни COVID-19 инфекциясига намуна топширган, шу куни Зарафшон шаҳридаги шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси ташхиси қўйилган. У гипертония касаллиги, артериал гипертензия, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, семизлик каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Касаллик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка артерияси тромбоэмболияси асорати билан кечган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. 55 ёшли эркак коронавирус асоратларидан вафот этган Навоийдаги учинчи, Ўзбекистондаги 52-бемор бўлди.

Навоийда қисқа вақт ичида 3 нафар беморнинг вафот этгани хабар қилинди. 7 июль куни 38 ёшли, 8 июль куни 52 ёшли ва 10 июль куни 55 ёшли беморлар вафот этди. Уларнинг бари эркаклар.

Бош прокуратуранинг «Дарё»га маълум қилишича, Навоий вилояти Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахслари 509,8 миллион сўмлик товар моддий бойликларини талон-торож қилган. Марказ раҳбарининг хонадонидан 6 дона кўп тармоқли даволаш ва 1 дона ташхис қўйиш ускунаси ҳамда марказнинг 2019 йил учун юритилган буйруқларни рўйхатга олиш китоби, хўжалик мудирининг хонадонидан 8 тўплам инфекцияга қарши махсус ҳимоя кийими ва 5 турдаги тиббий ҳимоя воситалари олинган.

Иккинчи ўлим. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи 67 ёшли Р.А. исмли эркак 3 июль куни ўзини ёмон ҳис қилган, нафас йўлларида яллиғланиш бўлган. 4 июль куни COVID-19 инфекциясига намуна топширган ва шифохонага ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясига гумон, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, икки томонлама пневмония, ўткир юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 67 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Сурхондарёдаги тўртинчи, Ўзбекистондаги 53-бемор бўлди.

Вилоятда бир кун олдин ҳам ўлим ҳолати қайд этилганди. Сурхондарё Тошкент шаҳри, Наманган ва Бухоро вилоятларидан сўнг ўлимлар сони 4 тага етган тўртинчи ҳудуд бўлди.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Бектемир туманида яшовчи 69 ёшли V.М. исмли эркак 8 июль куни Тошкент вилояти шифохонасидан ўта оғир аҳволда Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилган. Унга COVID-19 оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, миокард инфаркти асоратлари билан кечган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 69 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Тошкент вилоятидаги биринчи, Ўзбекистондаги 54-бемор бўлди.

Ўзбекистонда июль ойида вафот этганлар сони 2 баробарга кўпайди. 1 июль куни ССВ Қашқадарёда 64 ёшли эркакнинг вафот этгани ҳақида хабар берганди. Аммо ғузорлик ушбу эркак аслида 29 июнь куни оламдан ўтгани кейинроқ маълум бўлди. Қашқадарёлик эркак коронавирус асоратларидан вафот этган 27-бемор бўлганди. Ўшандан сўнг июль ойида 27 кишининг вафот этгани ҳақида хабар берилди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлардан 43 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал аҳволи оғир беморлар 42 ва аҳволи ўта оғир беморлар 10 нафарни ташкил этаётганди. Бу орада эса 3 нафар беморнинг вафот этгани ҳақида хабар берилди.

Касалликдан даволаниш

10 июль куни 243 нафар бемор соғайди. Улардан 166 нафари Тошкент шаҳри, 16 нафари Қорақалпоғистон Республикаси, 38 нафари Сурхондарё вилояти, 11 нафари Навоий вилояти, 6 нафари Хоразм вилояти ва 6 нафари Бухоро вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди. Уч кундан бери янги касалланганлар сони 400 нафардан ошаётган бўлса, касалликдан соғайганлар сони 200 нафардан ошмоқда.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 12027 нафар бемордан 7530 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 62 фоизни ташкил этмоқда. Бу май ойи бошидан бери энг паст кўрсаткич.

Айни пайтда 4443 нафар бемордан 3752 нафари Тошкентда даволанмоқда. Фарғонада 9, Хоразмда 22, Бухорода 28, Жиззахда 38, Навоийда 38, Қорақалпоғистонда 47, Сурхондарёда 51, Самарқандда 69, Наманганда 74, Андижонда 113 ва Қашқадарёда 202 нафар бемор қолди.