7 июль куни Чилонзор туманида яшовчи 76 ёшли V.Т. исмли аёл ва унинг ўғлида коронавирус тасдиқланганидан сўнг уйига махсус тез тиббий ёрдам гуруҳи келган. Аммо беморда касаллик белгилари бўлса-да, шифохонада стационар ҳолатда даволаниш рад этилган, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

11 июль куни беморнинг аҳволи оғирлашганлиги сабабли Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. У ерда унга COVID-19’нинг оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Қайд этишларича, беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллигининг 2-даражаси, юрак ва бош мия томирлари атеросклерози, дисциркулятор энсефалопатиянинг 2-даражаси, 12 бармоқли ичак яраси касаллиги каби ҳамроҳ касалликлари бўлган.

«Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», — дейилади ССВ ахборотида.

Бунгача Ўзбекистонда 58 киши коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 11 июль соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ жами 12 855 та ҳолат рўйхатга олинган. Шу вақтгача беморларнинг 7 723 нафари соғайган.