Ўзбекистонда 10 июль соат 23:30 дан 11 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 486 та ҳолат аниқланди. Бу янги антирекорд. Бунгача 9 июль куни 472 кишида касаллик аниқланиши энг катта кўрсаткич бўлиб турганди. Кетма-кет тўртинчи кун янги касалланиш ҳолатлари 400 тадан кўп бўлмоқда. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 12 513 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 391 нафари карантин муассасаларида (хориждан келиб карантинга олинганлар — 284 нафар, Самарқанд вилоятида — 52 нафар, Андижон вилоятида — 43 нафар, Навоий вилоятида — 9 нафар, Тошкент шаҳрида — 2 нафар, Қорақалпоғистонда — 1 нафар);
  • 95 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 48 нафар, Андижон вилоятида — 19 нафар, Бухоро вилоятида — 15 нафар, Қорақалпоғистонда — 13 нафар).

Кун давомида 7 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 4 тасида аҳоли орасида ҳам коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида 95 та янги касалланиш ҳолати кузатилди. Бу бир кун аввалги аҳоли орасидаги кўрсаткичдан 100 нафарга кам дегани.

Андижон вилоятида қайд этилган 62 та ҳолатдан 43 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 19 таси аҳоли орасида аниқланди. Бир кунда 62 кишида касаллик аниқланиши Андижон учун антирекорд эмас, лекин илгари бир кунда аҳоли орасида 19 кишида касаллик қайд этилмаганди. Июль ойининг ўзида Андижонда 147 кишида касаллик аниқланди. Бу вилоятда эпидемия мавсуми бошлангандан бери касалланганларнинг 41 фоизи деганидир. Андижон касалланганларнинг умумий сони 300 нафардан ошган ССВ жадвалидаги 7-ҳудуд бўлди.

Тошкент шаҳрида 50 та янги ҳолат қайд этилди. Бу Тошкент шаҳрида июль ойида энг кам касалланиш аниқланган кун бўлди. Янги ҳолатларнинг 2 таси карантиндагилар орасида, 48 таси аҳоли орасида аниқланди.

9—11 июль кунлари пойтахтда аниқланган касалланиш ҳолатларининг 359 таси аҳоли орасида ва бор-йўғи 8 таси карантиндагилар орасида қайд этилди. Коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар орасида касалланиш ҳолатлари кам кузатилаётганига уларнинг тест топшира олмаётгани сабаб бўлиши мумкин. Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова коронавирусга оилавий чалингани ва COVID-19’га тест топшира олмаётганини маълум қилди.

Ярим кун СЕС эшигида сарғайиб, тест топширолмай қайтдим. Зарурми шу тест менга, бўлди, ўзим учун қарор қилдим, менда катта эҳтимол билан COVID-19.

Контакт бўлган, ҳароратим 4-кун 37-37,5 атрофида ушланиб турибди. Қизим, онам, укам, келиним — ҳаммамиз иситмаладик, онам таъм билмаяптилар, йўталяптилар. Келинимда қаттиқ қуруқ йўтал ва 39 даражагача иситма кузатилди, менда эса фақат тана қақшаб оғриши ва иситма. Тез ёрдам ва поликлиника менда COVID-19 бўлиши мумкин деб фақат масофадан маслаҳат беряпти, лекин тест йўқлиги учун расман коронавирус, деб тан ҳам олмаяпти. Хуллас, бетартиблик ва тизимсизлик. Ўзинг учун ўл етим.

COVID-19’дан даволанавераман энди. Албатта, мустақил даволанаман, чунки тестсиз биров мени коронавирусдан даволамайди, тест топширолмайман, демак ёпиқ доира...

...Масалан, уч кун аввал иситмам чиққанида поликлиникага телефон қилдим, у тез ёрдамга қил деди. Call-центр ҳам тез ёрдамга йўналтирди, тез ёрдам поликлиникага, поликлиника яна тез ёрдамга... Охири телефоним овоз ёзяпти, шикоят қиламан деганимдан сўнг участка врачим телефонда дориларни айтиб турди. Мана аҳвол!

Ҳамма тест топшираман деб касал юқтириб юрибди бир-бирига ва вақтни ҳам бой беряпти. Одамларга ҳозир бугун нима қилса, қаерга мурожаат қилса, тўғри ва хавфсиз бўлишини айтиш керак. Айтиш учун ўзинглар биласизларми бу саволларнинг жавобини?, — деб Шаҳноза Соатова Соғлиқни сақлаш вазирлигига савол йўллади.

Тошкент вилоятида июль ойининг бошидан 7 июлгача аҳоли орасида 78 кишида касаллик аниқланди. Бироқ шундан сўнг ҳозиргача аҳоли орасида ҳам, коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида ҳам янги ҳолатлар қайд этилмади. Тошкент вилоятида 7 июлдан сўнг фақат хориждан келиб карантинга олинганлар ва халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари (булар ҳам аслида хориждан келган) орасида коронавирус аниқланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилоятида 11 июль куни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида 52 та ҳолат аниқланганини хабар қилди. Самарқандда илгари ҳеч қачон бир кунда бунча касаллик аниқланмаган, бу вилоят учун антирекорд. Ушбу ҳолатларнинг 37 тасини ССВ соат 17:00, 15 тасини 23:30 ҳолатига кўра аниқланганини хабар қилди. Вилоятда бир кунда 37 киши касалланганини ССВдан бир кун олдин — 10 июль куни Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти аҳолисига қилган мурожаатида маълум қилганди.

Вилоят ҳокими касалланган 37 кишидан 27 нафари Самарқанд шаҳрида, 3 нафари Пастдарғом туманида, яна қатор туманларда бир нафардан бемор аниқланганини айтди. Эркинжон Турдимов 10 июль куни вилоятда касалланганларнинг умумий сони 573 нафарга етганини маълум қилганди. Бироқ ССВ 10 июль куни Самарқандда 37 эмас, 15 киши коронавирус юқтирганини хабар берган. Бундан ташқари ССВ келтирган жадвал бўйича касалланганлар сони 10 июль куни 536 нафарни ташкил этаётганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда 37 кишида коронавирус аниқланганини бир кун кеч хабар берди ва вазирлик ҳисоби бўйича Самарқандда коронавирусга чалинганлар сони 11 июль соат 17:00 ҳолатига кўра 573 нафарга етди, айни вақтда бу кўрсаткич 588 нафарга тенг. Бу ҳодисадан шу нарса маълум бўладики, июнь охири ва июль бошида ўлим ҳолатларини 1—2 кун ўтиб хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги эндиликда баъзи (эҳтимол барча) ҳудудларда касалланганлар сонини бир кунгача кеч бермоқда.

Бухоро вилоятида қайд этилган 15 та ҳолатнинг барчаси аҳоли орасида аниқланди. Июль ойининг ўзида Бухорода иккинчи марта 15 кишида касаллик аниқланмоқда. Фақат 7 июль куни аниқланган барча ҳолатлар карантиндагилар орасида чиққанди.

Қорақалпоғистонда аниқланган 14 та ҳолатнинг 1 таси карантиндагилар орасида, 13 таси аҳоли орасида қайд этилдиҲафта бошида шифохоналарда фақат бир нафар бемор қолган Қорақалпоғистон коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турганди. Аммо 5 кун ичида беморлар сони 77 нафарга кўпайди, ҳудудда илк ўлим ҳолати ҳам қайд этилди. Шу 5 кун ичида ҳар куни аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари кузатилди.

Навоий вилоятида қайд этилган 9 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. Навоийда охирги марта роппа-роса бир ой олдин — 11 июнь куни аҳоли орасида бир йўла 18 кишида коронавирус аниқланган. Шундан сўнг вилоятда қайд этилган 73 та ҳолатнинг бари фақат карантинга олинганлар орасида чиқди. 15 июнда 5, 18 июнда 6, 19 июнда 4, 24 июнда 5 ва 27 июнда 3, 2 июль куни 6, 4 июль куни 6, 7 июль куни 12 ва 10 июль куни 17 кишида касаллик аниқланганди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

11 июль давомида Тошкент шаҳрида 2 аёл, Хоразм вилоятида 1 эркак, жами 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Хоразмда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Миробод туманида яшовчи 50 ёшли Р.Ю. исмли аёл 3 июлдан 9 июлгача уй шароитида даволаниб юрган. Нафас етишмовчилиги белгилари кучайгач, 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги билан кечган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, илк аниқланган қандли диабет ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган. 9 июль куни беморнинг аҳволи оғирлашиб, нафас етишмовчилиги белгилари кучайганлиги сабабли сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.

Бемор бир йилдан буён онкологик касаллик билан оғриб келган. Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 50 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги (Тошкент вилояти билан бирга ҳисоблаганда) 31, Ўзбекистондаги 55-бемор бўлди.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшовчи 66 ёшли М.Р. исмли аёл 1 июлдан шаҳар 1-сонли клиник шифохонасида даволанган. Унга COVID-19 оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония каби ҳамроҳ касалликлари билан оғриган. Бемор бундан аввал, охирги 12 йилдан буён қандли диабет касаллиги билан даволаниб келган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган. 66 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги (Тошкент вилояти билан бирга ҳисоблаганда) 32, Ўзбекистондаги 56-бемор бўлди.

Учинчи ўлим. Хоразм вилояти Шовот туманида яшовчи 56 ёшли Д.С. исмли эркак бир ҳафта давомида тана ҳарорати кўтарилиб, ҳолсиз бўлган. Сўнгра бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекцияси оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги билан ҳам оғриган. Хасталик ўткир нафас ва ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этди.

56 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Хоразмдаги биринчи, Ўзбекистондаги 57-бемор бўлди. Ўлим ҳолати қайд этилмаган фақат Андижон ва Сирдарё вилоятлари қолди. Аммо Сирдарёдаги барча беморлар Тошкент шаҳрига ўтказилган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 4733 нафар бемордан 45 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун ичида аҳволи ўта оғир беморлар сони 3 нафарга камайди. Кун давомида ўлим кўрсаткичлари ҳам 3 тага тенг бўлди.

Касалликдан даволаниш

ССВ 11 июль куни 193 нафар бемор соғайгани, улардан 140 нафари Тошкент шаҳри, 31 нафари Андижон, 10 нафари Жиззах, 7 нафари Навоий ва 5 нафари Самарқанд вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида шифо топганини маълум қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Самарқандда коронавирусдан соғайганлар сони 469 нафарни ташкил этмоқда. Эркинжон Турдимов 10 июль куни вилоят аҳолисига қилган мурожаатида соғайганлар сони 475 нафарни ташкил этаётганини маълум қилганди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов коронавирус инфекцияси билан касалланганини маълум қилди. Президентнинг собиқ матбуот котиби ўзининг Telegram’даги канали орқали касалликнинг енгил шаклидан уй шароитида қандай даволанганини айтиб берди.

Комил Алламжоновнинг сўзларидан июнь ойи охирида коронавирус аниқланганини англаш мумкин. Аммо коронавирусни уй шароитида даволашга Ўзбекистонда 5 июлдан рухсат берилган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 12 513 нафар бемордан 7723 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 61 фоизни ташкил этмоқда. Бу май ойи бошидан бери энг паст кўрсаткич.

Айни пайтда 4733 нафар бемордан 3944 нафари Тошкентда даволанмоқда. Фарғонада 9, Хоразмда 21, Жиззахда 28, Навоийда 40, Бухорода 43, Сурхондарёда 51, Қорақалпоғистонда 61, Наманганда 74, Самарқандда 116, Андижонда 144 ва Қашқадарёда 202 нафар бемор қолди.

Янги чекловлар

Республика махсус комиссиясининг  қарори билан аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида Ўзбекистонда навбатдаги карантин чекловлари жорий этилди.

Унга кўра, 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қўшимча равишда қуйидаги карантин чекловлари киритилди:

  • сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти тўхтатилади;
  • маҳаллий (ички) авиақатновлар ва темир йўл қатнови тўхтатилади;
  • 65 ёшдан ошган шахсларга ўзини ўзи яккалаш ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Шунингдек, 2020 йил 18—19 июль ҳамда 25—26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган автотранспорт воситалари ҳаракатланишига, махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, 18—19 июль ҳамда 25—26 июль (шанба ва якшанба) кунлари қуйидагилар тавсия этилади:

  • аҳолига — ўзини ўзи яккалаш ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш;
  • давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга — ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш.