Ўзбекистонда 12 июль соат 23:30 дан 13 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 594 та ҳолат қайд этилди. Бу мисли кўрилмаган антирекорд. Бунгача энг кўп касалланиш 11 июлда кузатилган бўлиб, ўша куни 486 кишида коронавирус аниқланганди. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 13 591 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 272 нафари карантин муассасаларида (хориждан келиб карантинга олинганлар — 83 нафар, Тошкент шаҳрида — 146 нафар, Наманган вилоятида — 21 нафар, Бухоро вилоятида — 20 нафар, Фарғона вилоятида — 2 нафар);
  • 322 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 302 нафар, Навоий вилоятида — 9 нафар, Фарғона вилоятида — 7 нафар, Наманган вилоятида — 4 нафар) аниқланган.

Кун давомида 6 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 4 тасида аҳоли орасида ҳам коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида 322 та янги касалланиш ҳолати кузатилди. Бу антирекорд. Бунгача аҳоли орасидаги энг кўп касалланиш ҳолати бир кун олдин кузатилган ва аҳоли орасидаги 265 кишида касаллик аниқланганди.

Тошкент шаҳрида кун давомида 448 та ҳолат кузатилди! Бунақаси илгари ҳеч кузатилмаган (бу Тошкент шаҳрининг аввалги антирекордидан 208 тага кўп деганидир). Солиштириш учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Хоразм вилоятларининг ҳеч бирида коронавирус кириб келгандан буён шунча касаллик аниқланмаган.

Янги касалланиш ҳолатларининг 302 таси аҳоли орасида қайд этилди. Тошкентда 12 июль куни аҳоли орасида 240 та касалланиш ҳолати кузатилганди. 9—12 июль кунлари Тошкент шаҳрида аниқланган касалланиш ҳолатларининг 599 таси аҳоли орасида ва бор-йўғи 8 таси карантиндагилар орасида қайд этилганди. 13 июлга келиб карантиндагилар орасида бир йўла 146 кишида коронавирус аниқланди.

Охирги вақтларда аҳоли орасидаги касалланиш ҳолатлари кўпаяётгани сабаблари ҳақида Тошкент шаҳри СЕОМ бош шифокори ўринбосари Бобур Қурбонов тўхталиб ўтди.

«Аҳоли орасида коронавирусга чалинганларнинг кўпайиб кетаётганига сабаб фуқаролар, асосан ёшлар карантин тадбирларига амал қилмай қўйди. Тиббий ниқобларни нотўғри тақиш (бурунни очиб), масофа сақламаслик, ёшларнинг кечалари маҳаллалар ва кўп қаватли уйлар тагида йиғилиб бирга вақт ўтказишлари — мана шу сабаблар туфайли Тошкент шаҳрида касалланишлар сони кескин кўпаймоқда», — деди Бобур Қурбонов.

Аммо аҳоли орасидаги касалланиш ҳолатлари кўпаяётганига яна бир сабаб бўлиши мумкин — коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганларни ўз вақтида карантинга олмаслик. Бу ҳақда бир неча марта мурожаат қилганига қарамай, шифохоналар томонидан қабул қилинмаган, вафотидан кейин эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «вақтида мурожаат қилмай, уйида даволанган» деб айтилган беморнинг яқини «Дарё»га сўзлаб берди.

Қариндошимиз вафотига қадар биз билан бир уйда яшаганига қарамай, у коронавирус оқибатида вафот этган бўлса-да, карантинга ҳам олишмади. Уйни ўзимиз икки марта хлорлаб ювиб чиқдик. Энди болаларим билан ҳаммамиз бирга хусусий клиникага бориб тест топширмоқчимиз.

Қариндоши коронавирусдан вафот этган фуқаро

Наманган вилоятида аниқланган 25 та ҳолатнинг 21 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 4 таси аҳоли орасида қайд этилди. Бир кун олдин ҳам вилоятда 25 кишида касаллик аниқланганди. 9 ва 10 июль кунлари эса 24 тадан ҳолат қайд этилганди. Наманганда жами касалланиш ҳолатларининг 128 таси ёки 30 фоизи июль ойида кузатилди.

Бухоро вилоятида қайд этилган 20 та ҳолатнинг бари карантиндагилар орасида аниқланди. Вилоятда охирги марта бир кунлик касалланишлар сони 1 май куни 20 тага етганди. Июль ойида Бухорода коронавирусга чалинганлар сони 70 нафарга кўпайди.

Навоий вилоятида аниқланган 9 та ҳолатнинг барчаси аҳоли орасида қайд этилди. Вилоятда 11 июндан бери илк марта аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Ўшанда аҳоли орасидаги 18 кишида касаллик қайд этилганидан сўнг вилоятда 13 июлгача яна 73 кишида коронавирус аниқланди. Бироқ уларнинг бари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилди. 13 июль куни аҳоли орасида қайд этилган 9 та ҳолат Халқ банкининг ходимларида аниқланган. Нурота филиалида 8 ходимнинг, Навоий шаҳар филиалида 1 нафар ходимнинг COVID-19’га топширган тести ижобий чиққан. Ушбу филиаллар ва банкнинг Андижон вилояти Куйганёр филиали (бу ерда ҳам бир ходимда коронавирус аниқланган) ҳам карантинга олинган.

Фарғона вилоятида қайд этилган 9 та ҳолатнинг 2 таси карантиндагилар орасида, 7 таси аҳоли орасида аниқланди. Бир ҳафта олдин вилоятга коронавирус қайтганди. Ўшандан кейин вилоятда 9 ва 10 июль кунлари ҳам янги касалланиш ҳолатлари кузатилган ва бу кунларда, жумладан, 13 июль куни ҳам аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Аммо 6 июль куни аҳоли орасида қайд этилган 3 та ҳолатга изоҳ берган Коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишни мувофиқлаштирувчи Фарғона вилояти штаби вилоят ҳудудида касаллик юқтирилганини рад этиб, инфекция 2 нафар фуқарога Тошкент шаҳрида, 1 нафар фуқарога Самарқандда юққан деган хулосага келганди.

Тошкент вилоятида июль ойининг бошидан 7 июлгача аҳоли орасида 78 кишида касаллик аниқланди. Бироқ шундан сўнг ҳозиргача аҳоли орасида ҳам, коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида ҳам янги ҳолатлар қайд этилмади. Тошкент вилоятида 7 июлдан сўнг фақат хориждан келиб карантинга олинганлар ва халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари (булар ҳам аслида хориждан келган) орасида коронавирус аниқланмоқда. 13 июль куни ҳам хориждан келган 83 кишида коронавирус қайд этилди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ 13 июль куни пойтахтлик икки аёл ва бир эркакнинг Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги янги қурилган юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар қилди.

Биринчи ўлим. 10 июль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи 67 ёшли М.Т. исмли аёлда COVID-19 тасдиқланган. Шу куниёқ ўткир нафас етишмовчилиги сабабли беморнинг аҳволи оғир бўлганлиги учун Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Шифохонада унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, беморда гипертония касаллигининг 2-даражаси, артериал гипертензия, қандли диабет, сурункали холетцистит каби ҳамроҳ касалликлар бўлган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган. 67 ёшли аёл коронавирус асоратларидан вафот этган Тошкент вилоятидаги тўртинчи, Ўзбекистондаги 61-бемор бўлди.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи 65 ёшли С.Қ. исмли аёлда 9 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва ўткир нафас етишмовчилиги билан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик нафас ва ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги билан кечган.

У, шунингдек, қандли диабет, гипертония ва жигар циррози касалликлари билан ҳам оғриб келган. Шифохонада беморнинг даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, у ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган. 65 ёшли аёл коронавирус асоратларидан вафот этган Тошкент вилоятидаги бешинчи, Ўзбекистондаги 62-бемор бўлди.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшовчи 60 ёшли Б.Э. исмли эркак 6 июль куни эрталаб қон босими юқори бўлиб, гапирмай қўйганлиги сабабли тез тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган.

Унда COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва бемор ўта оғир аҳволда сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ҳолда Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилган.

Б.Э.га COVID-19 инфекцияси оғир кечиши ҳамда инсульт ташхиси қўйилган. Хасталик мия шиши, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги ҳамда кома асоратлари билан кечган. Бемор бундан аввал, бир неча йиллардан буён гипертония, қандли диабет билан оғриган, 2019 йилда инсультни ўтказган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва у ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган. 65 ёшли эркак коронавирус асоратларидан вафот этган Тошкент вилоятидаги олтинчи, Ўзбекистондаги 63-бемор бўлди.

Ўзбекистонда ўлими хабар қилинган охирги беш беморнинг бари Зангиотадаги янги қурилган шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 5498 нафар бемордан 45 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал аҳволи оғир беморлар 43 нафарни, аҳволи ўта оғир беморлар 7 нафарни ташкил этаётганди. 11 июлдан бери аҳволи ўта оғир беморлар сони ўзгаришсиз қолмоқда. Аммо 12 июлда ҳам, 13 июлда ҳам 3 нафардан бемор вафот этди.

Касалликдан даволаниш

13 июль куни 178 нафар фуқаро коронавирусдан соғайди. Улардан 164 нафари Тошкент шаҳри ва 14 нафари Наманган вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди. Касалликдан соғайган беморлар сони 8000 нафардан ошди. Уч кундан буён касалликдан тузалаётган беморлар сони 200 нафарга етмаяпти.

Маълумот учун, 5 июлдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморлар уй шароитида даволаниши мумкин, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 13 591 нафар бемордан 8030 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 59 фоизни ташкил этмоқда. Тўрт кундан буён бу борадаги кўрсаткичлар 1 фоиздан тушиб бормоқда. 1 майдан сўнг шу кунгача даволаниш кўрсаткичи бирон марта 60 фоиздан паст бўлмаганди.

Айни пайтда 5498 нафар бемордан 4598 нафари Тошкент шаҳри ва вилоятида даволанмоқда. Фарғонада 18, Хоразмда 21, Жиззахда 28, Навоийда 48, Сурхондарёда 51, Қорақалпоғистонда 57, Бухорода 60, Наманганда 110, Самарқандда 133, Андижонда 172 ва Қашқадарёда 202 нафар бемор қолди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 51 555 нафар, стационар карантинда эса 23 860 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидагилар сони 1302 нафарга кўпайган бўлса, стационар карантиндагилар сони 1622 нафарга камайди.