Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурайим Абдуваҳобов 57 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Халқ сўзи Online»

«Бугун ўзбек санъатида оғир жудолик! Яна бир санъат арбоби, ўзларининг такрорланмас роли билан бутун кино ва театр ихлосмандларининг юрагидан жой олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик театри актёри Абдурайим Абдуваҳобов 57 ёшида оламдан ўтди», — дейилади хабарда.

Маданият вазирлиги марҳумнинг яқинлари ва оила-аъзоларига таъзия изҳор қилади.

Маълумот учун, Абдурайим Абдуваҳобов 1963 йил 8 август куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

Актёр «Шум бола», «Суюнчи», «Муҳаббат синовлари», «18-квадрат», «Ада эмас, дада», «Фирибгар», «Осий банда», «Пойга», «Бевалар», «Сўнгги нафасимгача», «Севги балки, бу жаннат 2», «Назира» каби фильмлари, «Шайтанат» сериали ҳамда «Чимилдиқ» спектаклидаги роллари билан машҳурликка эришган.