Галуст Гюльбенкян жамғармаси Португалияда «Инсонийлик учун» мукофотини 17 ёшли швециялик экология фаоли Грета Тунбергга топширишга қарор қилди. Грета ушбу мукофотни табиатни сақлаб қолиш ва ёшларни бу борадаги курашга жалб этишдаги ҳаракатлари сабаб қўлга киритган, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: Twitter

Мукофот пули деярли бир миллион еврони ташкил қилади. Тунберг барча пулларни атроф-муҳитни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳисобига ўтказишини билдирган.

«Бу мен тасаввур қилганимдан ҳам кўпроқ пул, лекин барча маблағни ўз фондим орқали иқлим инқирозидан зарар кўрган одамларга кўмак берувчи ташкилотлар ва лойиҳаларга ўтказиб бераман», — деган Тунберг.

Дастлабки 100 минг евро маблағ Aмазония ўрмонларини сақлаб қолиш ва маҳаллий аҳолига коронавирусга қарши курашда ёрдам бераётган SOS Amazonia ҳисобига ўтказилади. Яна 100 минг евро Stop Ecocide лойиҳасига йўналтирилади, ушбу лойиҳа ташкилотчилари бутун дунёда табиатга зиён етказишни жиноят эканини исботлаш учун курашмоқда.

2018 йилда Грета Тунберг Швеция парламенти биноси ёнида ҳар жума куни норозилик намойиши ўтказишни бошлаган ва ҳукуматдан иқлимни асраш бўйича чора-тадбирлар ўтказишни талаб қилганди.

2019 йилда бу каби норозиликлар бутун дунё бўйлаб ёшлар томонидан ўтказилган, Тунберг эса БМТнинг Нью-Йоркда ўтган иқлим ўзгаришларига бағишланган анжуманида нутқ сўзлаган. 2019 йил охирида Time журнали швециялик ўсмир қизни «Йил одами» деб эътироф этган.