Ўзбекистон Киберхавфсизлик маркази томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш рейтинги аниқланди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Рейтинг Киберхавфсизлик марказига давлат органлари томонидан ахборот ва киберхавфсизликни мониторинг қилиш тизими доирасида тақдим этилаётган маълумотлар асосида баҳоланди.

Энг юқори рейтингдаги ташкилотлар Топ-10 талигига Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, қатор банк ва бошқа ташкилотлар, жумладан, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари кирди.

Фото: Адлия вазирлиги

Таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлигига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz), меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (Project.gov.uz), меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (Regulation.gov.uz), «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими (E-notarius.uz), нодавлат нотижорат ташкилотлари портали (E-ngo.uz), Давлат хизматлари портали (Davxizmat.uz), «Интеллектуал мулк» ахборот-қидирув тизими сингари ва бошқа йирик ахборот ресурслари тегишли.