Kickstarter сайтида бешта функцияни, жумладан, смартфонларни дезинфекциялашга қодир ноодатий тостер сотувга чиқди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Phone Toster бу — дизайнерлик аксессуари бўлиб, унга смартфонни худди нон бўлаги каби жойлаштириш мумкин. Фақат гаджет қурилма ичида қиздирилмайди, балки ультрабинафша лампалар ёрдамида дезинфекцияланади. Кафолатланган натижа учун таймер мавжуд — дезинфекцияни 11 соатга қадар амалга ошириш мумкин.

Дезинфекция учун мўлжалланган тешик деярли барча турдаги замонавий смартфонларга мос келади — ҳатто Samsung Galaxy Note20 Ultrа ёки iPhone 11 Pro Max каби улкан флагманларга ҳам.

Шунингдек, тостернинг яна бир қанча қўшимча функциялари ҳам мавжуд. Унинг ичига симсиз QI қувватлантиргич ўрнатилган бўлиб, бу дезинфекция қилинаётган смартфонни бир вақтнинг ўзида зарядлаш имконини беради. Симсиз қувватлана олмайдиган смартфонлар учун эса блок ичига 18 Ваттли USB разём кабел ўрнатилган.

Бундан ташқари, тостер корпусига Bluetooth ёрдамида ишлайдиган симсиз колонка ва соат ўрнатилган.

Ҳозирда смартфонлар учун мўлжалланган тостер Kickstarter сайти орқали сотилмоқда. Уни 79 доллар эвазига буюртма қилиш мумкин. Компания ишлаб чиқариш учун керак бўладиган минимал маблағни йиғиб бўлган.

Аввалроқ Samsung стерилловчи қувватлантиргични сотувга чиқаргани тўғрисида хабар берилганди.