Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов матбуот хизматида ишлаган, 1980—1990 йиллар ўзбек телевидениесининг юлдузи бўлган сухандон Лола Ҳотамова 20 йилдирки Американинг Флорида штатида истиқомат қилмоқда. «Дарё» мухбири ўзбек аёллари орасидаги илк сиёсий шарҳловчи ва ҳиндшунос сифатида ҳам танилган ижодкор билан интернет орқали боғланиб, суҳбатлашди. Очиқ-ойдин кечган интервьюда кўпчиликни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб топиш мумкин.

Фото: Zo‘r TV скриншот

- Лола опа, аввало, суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат. Интервью уюштириш мақсадида сизни топишимиз бироз қийин кечди. Сўраб-суриштирсак, анча йил аввал океан ортига кўчиб кетган экансиз. Хўш, нима учун бугун Америкадасиз?

- АҚШда яшашимнинг албатта, ўзига хос сабаблари мавжуд. 1991 йили мени Президент девони ва телевидениедаги иккала ишимдан ҳам ҳеч қандай асоссиз бўшатишди. Анча вақт ҳақиқатни излаб, бир қанча ташкилотлар эшигини тақиллатдим. Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманга хат йўлладим, аммо натижа бўлмади. Ҳатто «Саодат» журналининг ўша пайтдаги муҳаррирининг олдига ҳам борганман. Унда Ҳалима Худойбердиева Республика хотин-қизлар қўмитаси раислигига сайлангач, ўрнига бир таниқли халқ шоираси муҳаррирлик қиларди. У менинг гапларимни эшитиб, хонасидан ҳайдаб юборган. Ўшанда жуда ёмон аҳволга тушганман ва муҳаррирдан кўнглим қолган. Эл назарига тушган ва унвони бор шоира аёл сифатида кўнглимни кўтариб, икки оғиз илиқ сўз билан менга далда бўлганида шунинг ўзи етарди аслида. Назаримда, у амалидан ажралишдан қўрқиб, каминага қўпол муомала қилган.

Шундай бўлса-да, тўққиз йил давомида турли соҳаларда фаолият юритдим. «Балки, яна ҳаёт ўнгланиб қолар, яхши яшаш насиб қилар», дея эртанги кунга умид билан қарадим. Аммо Ўзбекистондаги ҳаёт йилдан йилга баттарлашиб, ноҳақликлар ва адолатсизликлар кўпайиб кетди, бу эса руҳиятимга ёмон таъсир қилди.

Икки нафар қизимни оёққа турғизиб, уларни ўқитиш, турмушга узатиш учун ҳам қўлимда етарли маблағ бўлиши керак эди. Лекин мамлакатда ойлик маошларнинг жудаям пастлиги мени чет элдан иш қидиришимга сабаб бўлди. Америка элчихонасидан виза олиб, сеҳрли диёрда ишлаб, яхши даромад топаётган юртдошларимизга нисбатан ҳавас мени океан орти томон етаклади. Хорижга фақат моддий манфаат қидириб келганим йўқ, балки, ўз юртимда қадримни билишмагани, билимим, тажрибам ва иқтидоримга яраша иш беришмагани учун Ўзбекистондан кетишга қарор қилганман. 2000 йилдан бери АҚШдаман. Бироқ ҳалигача Ўзбекистон фуқаросиман.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти проректори Шавкат Мирзиёев ҳамда Мирзо Улуғбек тумани фаоллари билан. 1987 йил

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

- Сиз истиқомат қилаётган Флорида штатида пандемия давридаги ҳаёт қандай?

- Флорида штатида аввалига касалланганлар сони кўп эмас эди. Кейинчалик шимолий штатлардан одамлар жанубга қараб йўл олганлари, пляжлар, ресторанларда гавжумлик пайдо бўлгани туфайли бугунги кунда коронавирусга чалинганлар сони ниҳоятда ошиб кетяпти.

Одамларнинг жамоат жойларида тиббий ниқоб ва қўлқоп тақиб юриши одатга айланган. Аммо бу минтақада бутунлай кўчага чиқишни тақиқлаш чоралари кўрилмаган. Шахсий машинани ҳайдаш, аҳоли кам жойларда сайр қилиш, тонгда югуриш мумкин. Озиқ-овқат дўконлари ҳам карантин қоидаларига амал қилиб, фаолият юритяпти.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

- Ҳозир қайси соҳада меҳнат қиляпсиз? Даромад манбайингиз нима?

- Америкага сайёҳ визаси билан келган одам дарров яхши ишга ўрнаша олмайди. Аввало, ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни қўлга киритиш керак ва бунга бир неча йил вақт кетади. Бу ерда аёллар учун ишлаш имконияти жуда катта. Болаларга энагалик қилиш, нуронийларни парваришлаш орқали пул топса бўлади. Мен ҳам бошида шундай ишларни қилганман. Қўлимга ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни олгач, тузукроқ жойларда ишлашга уриниб кўрдим.

Айни пайтда ўзбек, рус, ҳинд ва инглиз тилларида хизмат кўрсатувчи иммиграция судида таржимон бўлиб ишлаяпман. Яъни бошқа давлатлардан АҚШга келиб яшашни истайдиганларга таржимонлик қиламан. Бу мақомга эга бўлишим осон кечмади, албатта.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

- Телевидение ёки радиода фаолият юритиш истаги туғилдими ҳеч?

- Медиа соҳасида ҳам ишлашга ҳаракат қилдим. Аммо тан олиш керак, Америкада кўпроқ ёшларга йўл берилади. Айниқса, маҳаллий дипломга эга йигит-қизларга эътибор катта. Мен бу мамлакатга деярли 50 ёшга тўлган давримда келганим боис АҚШдаги бирор олий таълим муассасасида ўқишга имконим бўлмади. Чунки икки фарзандим учун ҳам ота, ҳам она бўлиб ишлаб, уларни улғайтиришим керак эди. Қолаверса, Тошкентдаги яқинларимга ҳам ғамхўрлик кўрсатишга интилардим. Шу сабаб ишга берилиб кетдим.

- Сизни кўпроқ катта авлод вакиллари яхши танийди. Аммо шахсингизга доир маълумотларни кўпчилик билмайди. Шу ўринда ўзингиз тўғрингизда гапириб берсангиз?

- Тошкент шаҳрининг «Лабзак» маҳалласида ўзбек хонадонида туғилганман. Илмни, китобни қадрига етадиган оилада камол топдим. Ота-онам Низомий номидаги педагогика институтида ўқитувчи бўлиб ишлашган. Улар биз олти фарзанднинг китоб ўқиш, чуқур билим олиш ва мусиқа ўрганишга даъват этишган. Барчамиз олий ўқув юртларида ўқиганмиз.

Лола Ҳотамова ота-онаси ва яқинлари билан. 1985 йил

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Болалигим жуда бахтли ўтган. Мусиқа мактабида халқ чолғуларидан рубоб чалиш сирларини ўрганганман. Спортга иштиёқим кучли бўлгани туфайли баскетбол ва от спорти билан ҳам шуғулланганман. Ўқувчилик пайтларимда шеър ва ҳикоялар ёзишга қизиқардим. Аммо тил ўрганишга бўлган муҳаббатим кучли келиб, шарқшунослик соҳасида олий маълумот олганман.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Талабалик чоғимда «Қизлар давраси», «Куйланг, ёш хонандалар», «Доира рақсга чорлайди» каби кўрсатувларда бошловчилик қилардим, нутқим равон, талаффузим яхши эди. Мутахассислигим бўйича ҳиндшунос бўлганим учун илк фаолиятимни Ўзбекистон радиосининг чет элларга эшиттириш  ҳинд бўлими таҳририятида бошлаганман. Шу тариқа теле ва радиоходимга айланганман.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

- Моҳир таржимон, ҳиндшунос сифатида ҳам анча танилгансиз. Нима учун айнан ҳинд тилини мукаммал ўрганишга киришгансиз?

- Ўзбек мактабида ўқиганим билан рус тилидаги китобларни жуда кўп мутолаа қилардим. 12-13 ёшларимда Тошкентда кучли зилзила бўлган ва биз ўқувчиларни уч ой Москвага пионер лагерига юборишган. Русчани яхши билганим ўшанда анча қўл келган. Инглиз тилини талабалик давримда иккинчи тил сифатида ўрганганман.

Ҳинд тилини эса саккиз ёшимдан биламан. Чунки бу тил мактабимизда чуқурлаштирилган тарзда ўқитиларди. Кейинчалик Ҳиндистонда ўн ой таҳсил олиш насиб қилди. Ҳиндистон маданияти ва сиёсати ҳам ҳиндчани пухта ўрганишимга бир омил бўлган. Қисқаси, уч-тўртта тилда эркин мулоқот қила олишим карьерамда муҳим роль ўйнади ва мусофир юртда ҳам анча асқатяпти.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

- Айнан ҳинд тилини яхши билганингиз туфайли Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг назарига тушган экансиз.

- Худди шундай. 1990 йилнинг ёзида Тошкентга Ҳиндистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Нарасимха Рао расмий ташриф билан келди. Мен ундан интервью олиш учун аэропортга бордим. Лекин аввалига меҳмонлар интервью беришни рад этди. Уларга суҳбатимиз инглиз тилида эмас, балки ҳинд тилида кечишини айтдим. Шундан кейин «Ҳинд тилини биласизми?» дея ҳайратланишди ва интервьюга рози бўлишди. Нарасимха Раодан 20 дақиқача интервью олдим. Ёнимизда Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг ўша вақтдаги Президенти Ислом Каримов ва собиқ бош вазир Шукрулло Мирсаидов ҳам бор эди.

Ўнгдан чапга: Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов, Лола Ҳотамова, тележурналист Екатерина ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов. Олий Мажлис сессияси, 1990 йил

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Ҳиндистон делегацияси қайтиб кетганидан кейин Ислом Каримов олдимга яқинлашиб, «Ҳинд тилини бу даражада яхши гаплашишни қаердан ўргангансиз?», деб савол берди. Унга ҳам ҳиндчани махсус мактабда, беш йил собиқ ТошДУнинг шарқшунослик факультети ва бир йилга яқин вақт Ҳиндистондаги университетда ўқиган даврларимда ўрганганимни айтдим. «Шунча билим билан телевидениеда нима қилиб юрибсиз?!», дегач, ҳайрон бўлиб қолганман. Чунки оммавий ахборот воситаларида чуқур билимли ва ҳақиқий мутахассислар ишлаши керак, деб ўйлардим.

Мазкур суҳбатдан сўнг орадан уч ой ўтиб, Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати бўлими раҳбари лавозимига ишга таклиф қилишди. Мен ижод одами эканлигимни, телевидениеда кўрсатувлар тайёрлаб, эфирга узатишдан завқланишимни таъкидладим. Улар эса ярим ставка телевидениеда қолишим мумкинлигини айтишди. Шундан сўнг ҳукуматда ишлашга ҳам рози бўлдим. Ҳар ҳафта Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва олиб бораётган сиёсати ҳақида махсус кўрсатувлар тайёрлардим.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

1990 йилнинг декабрь ойида катта «Совмин» кенгаши бўлди ва унда анча ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, матбуот хизмати Президент қабулхонаси бошқарувига ўтказилди. Шу тариқа менинг лавозимим ҳам ўзгарди, яъни Президент матбуот котиби маслаҳатчиси бўлдим. Ўшанда ҳам телевидениедаги фаолиятимни давом эттирардим. Барчаси 1991 йил апрелгача яхши кетаётганди. Аммо тўсатдан «Лола Ҳотамова Президент Каримовга эрга тегаётганмиш», деган турли миш-мишлар тарқалди. Бу гапларни ким ва нима сабабдан тўқиб чиқарганини ҳалигача билмайман.

- Бундай гап-сўзларнинг «болалаши»га нималар сабаб бўлган деб ўйлайсиз?

- Ислом Каримов менга жуда эътиборли эди. Мажлисларда ҳамманинг ичида «Лолахон тўғри айтяпманми?», «Лола Муҳаммаджоновна сизнинг фикрингиз қандай?», деган хитоблар орқали шахсимга ҳаддан ташқари кўп аҳамият қаратарди. Мен эса ўзимни жуда ноқулай ҳис этардим. Чунки ҳукуматга янги ишга келган кадр эдим ва биринчи шахснинг оғзига тушадиган бирор ишни қойиллатишга улгурмагандим.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Миш-мишларнинг пайдо бўлишига мен томонимдан ҳеч қандай сабаб бўлмаган ва гуноҳ ишга қўл урмаганман. У кишига ёқишга ҳаракат ҳам қилмаганман. Доим ўз ишимни вақтида бажарардим. Балки, менинг бирор фаолиятим у инсонда катта таассурот қолдиргандир ёки йўқ, билмадим. Лекин кимгадир шундай гап-сўзлар керак бўлганки, туҳмат қилишгача боришган.

Ўртамизда ҳеч қачон ҳеч нарса бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас эди. У одамга давлат раҳбари ва бир сиёсатчи сифатида қараганман. Оиласи борлигини ҳам яхши билардим. Аммо асоссиз миш-мишлар туфайли иккала ишимдан ҳам айрилганим рост. Менинг битта айбим — ўша даврда жуда машҳур ва омадли тележурналист эдим.

- Босиб ўтган умр ва ижод йўлларингизга назар ташлаганингизда нималардан қаттиқ афсусланасиз?

- Ҳар бир инсон маълум бир даврда ортда қолган ҳаётига кўз ташлаб, қабул қилган қарорларини тарозига қўяди. Ачинганим шуки, телевидениеда ижодкор сифатида ишлаб юрганимда ҳукумат ёки Президент девонида фаолият юритишимнинг умуман кераги йўқ эди. Мен ўша даврдаги раҳбарларнинг таклифини рад этиб, тинчгина тележурналистлигимни қилсам бўларди. Турли балолар ана шу даврда бошимга ёғилди. Оддий ижодкор сифатида ҳаётимдан мамнун эдим, ойлигим ҳам яхши эди.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

1991 йили мени ноҳақ ишдан бўшатиб, бўлмағур қарорлари орқали экранга чиқармай қўйишган пайтидаёқ мамлакатни тарк этмаганлигимга ачинаман. Тўққиз йил умримни нималарнидир кутиб, орзу қилиб, беҳуда ўтказганимга афсусланаман. Аммо Америка менга файласуфона мушоҳада юритишимга жуда катта имконият яратди. Бу ерга келиб, ҳаётга ижобий кўз билан қарайдиган бўлдим. «Ҳаётда нимаки бўлса, бу фақат яхшиликка» шиори билан яшашга одатландим.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Агар ҳаммаси яхши бўлиб, она юртимда карьерамни давом эттирганимда жуда катта баландликларга чиқишим мумкин эди. Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг бирор мамлакатдаги элчиси ёки вазир ҳам бўлардим. Тўғри, ўтмишимни сарҳисоб қилганимда озгина алам бўлади ва ранжийман. Аммо бугунги ҳаётимдан хурсандман.

- Кўплаб таниқли шахслар ва сиёсий арбоблар билан суҳбатлашишга муяссар бўлгансиз. Эсда қоларли интервьюнгиз ким билан кечган?

- Ўзбекистоннинг совет давридаги ажойиб раҳбарларидан бири Шароф Рашидов билан уч марта суҳбат қурганман. Ҳиндистоннинг ўша пайтдаги бош вазири ҳамда бир қанча элчилардан интервью олганман. Тошкентда ўтказилган халқаро кино фестивалларда машҳур актёрлар – Раж Капур, Амитабҳ Баччан, Зинат Омон, Риши Капур кабилар билан мулоқот қилганимда ҳамиша ички ҳаяжон бўларди менда. Чунки улар ўзга сайёрадан келган одамлардек туйиларди. Ҳар бири билан кечган суҳбат ўзига хос таассуротлар қолдирган.

Ҳиндистонлик актёр ва режиссёр, Капурлар сулоласининг машҳур вакилларидан бири Риши Капур билан. 1974 йил

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Машҳур ҳинд актёри ва режиссёри Раж Капур мухлислари билан. 1982 йил. Тошкент

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

- Ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистондаги журналист ва блогерларга нисбатан босим, тазйиқлар бўлаётгани ҳақидаги муҳокамаларни кузатиб борсангиз керак. Ижодкор сифатида бундай ҳолатларга қандай муносабат билдирасиз?

- Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда блогер ва журналистларга босим жуда ошиб кетган. Назаримда, ҳокимларнинг ҳаддан ташқари катта ҳуқуққа эга эканлигини ҳукумат жиддий назорат қилмаяпти. Бу мени, албатта, ташвишга солади.

Америкада журналистлар учун эркинлик бор. Хоҳласа президент ёки бошқа амалдорларни ҳам бемалол танқид қилиб, хатоларига кўзгу тутиши мумкин. Негаки бу ерда суд тизими жуда яхши ишлайди. Судлар давлат раҳбарининг қарорини ҳам бекор қилиб, ўзи мустақил ҳукм чиқариши мумкин. Ўзбекистонда эса афсуски, судлар ҳамон чўнтак судлари бўлиб қолган. Яъни ҳоким ёки бирор мутасадди тўра телефон қилиб, бирор гап айтса, судьялар ўша амалдорнинг гапини маъқуллайди ва адолатдан кўз юмишади.

- 2017 йилнинг баҳорида Ўзбекистонга келганингизда МТРК раҳбарияти сиз билан учрашиб, телевидениедаги фаолиятингизни давом эттиришингизга хайрихоҳ бўлган экан. Таклифни нега рад этдингиз?

- Талабалик давримдан эфирга чиқиб юрганим учун 1991 йили ҳеч қандай сабабсиз экранга чиқишимни тақиқлашгани менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Одам яхши кўриб, ишлаган карьерасидан айрилса, қийин бўларкан. Тушларимга микрофон ушлаб, камера қаршисида кўрсатувлар тайёрлаган пайтларим кирарди — роса хумори тутарди.

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

27 йилдан кейин зангори экран орқали томошабинлар, мухлисларим билан учрашиш насиб этди. Телевидениедаги аввалги ҳамкасблар, танишлар билан дийдорлашиб жуда хурсанд бўлдим. МТРК раҳбари Алишер Хўжаев мен учун вақт ажратиб, телевидениенинг янги биноси - телемарказни бирга айланиб, экскурсия қилдирди. У инсон «Ўзбекистон 24» каналида интервью бериш имконини ҳам тақдим этди. Аммо расмий равишда бирон иш таклиф қилгани йўқ.

- Фарзандларингиз билан ҳам яқиндан таништирсангиз.

- Иккала қизимга ҳам олий маълумот бериш насиб этди. Катта фарзандим Нью-Йоркдаги нуфузли банкларнинг бирида масъул лавозимда ишлайди. Уч ёшли қизчаси ва умр йўлдоши билан бахтли ҳаёт кечирмоқда. Кенжа қизим Bluegreen vacations компаниясида фаолият юритади. Ҳар иккиси ҳам Америкада ўз уй-жойига эга. Ёлғизгина набирам Ширин ҳозирнинг ўзида учта тилда гаплаша олади. Гарчи оиламда мендан бошқа ҳеч ким журналистикага қизиқмаган бўлса-да, тил ўрганишга уқув ҳаммада бор. Бундан мен фахрланаман. Чунки тил билган эл билади.

Фото: YouTube

- Самимий суҳбат учун миннатдорчилик билдириб қоламан.

- Мени эслаб, топиб ва фаолият юритаётган сайтингиздан минбар тақдим этганингиздан жуда қувондим. Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Бугунги оғир кунлардан эсон-омон ўтиб олишсин, қаторларида хато бўлмасин. Барчага жисмоний ва руҳий саломатлик тилайман!