Июль ойида Туркиядаги Аё София тарихий обидасининг қайтадан масжид деб эълон қилиниши дунёда ва хусусан Ўзбекистонда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. 527 йил 1 август куни Аё София ибодатхонасини қурдирган Византия императори Юстиниан I император деб эълон қилинган. «Дарё» анъанавий тарих рукнида Юстиниан I ва унинг бугунги сиёсатга таъсир кўрсатаётган асосий мероси – Аё София ҳақида ҳикоя қилади.

Император Юстиниан

Румнинг энг сўнгги буюк императори Imperator Caesar Flavius Petrus Justinianus Sabbatius Augustus ёки Буюк Юстиниан 482 йилда ҳозирги Шимолий Македония ҳудудида жойлашган Тауресиум ёки Градиште шаҳрида дунёга келди ва 565 йил 15 ноябрь куни Константинополь шаҳрида вафот этди. Юстиниан кеч антик даврнинг йирик намояндаларидан бири ҳисобаланади. Қонунчилик соҳаси бўладими ёки империя чегараларини кенгайтиришми, диний соҳада бўлсин ўзидан ажойиб ном қолдирган бир шахсиятдир.

Император Юстиниан.

Фото: Google Photos

Келиб чиқиши камтарона бўлган Юстиниан амакиси император Юстин I ҳукмронлиги даврида унинг қўллаб-қувватлаши натижасида ҳукуматга келган. Император бўлишидан олдин эса Юстин I нинг асосий маслаҳатчиларидан бири бўлган. Юстиниан кўпинча Византия империясининг энг йирик императори ва Рим империясининг энг сўнгги йирик императори сифатида тилга олинади. Сабаби, ўша даврга келиб ҳали Шарқий Рим империяси алоҳида тилга олина бошланмаган эди.

У Рим империясининг бўлинмаслигини таъминлашга ҳаракат қилган энг сўнгги ҳукмдорлардан бири ўлароқ Италия ва Африкага бир неча бор империя чегараларини форслар ва славянлардан ҳимоя қилиш мақсадида юришлар қилган ва ғалаба билан қайтган. Ҳарбий муваффақиятлардан ташқари, Европада кейинги асрларда ҳуқуқнинг ривожланишига таъсир кўрсатган қонунчилик соҳасида ҳам катта ишларни амалга оширган. У жуда художўй инсон бўлгани учун ҳам диний фаолиятга катта эътибор қаратган. Унинг бўлинмас Рим империясини қайта тиклаш ҳақидаги амбициялари бутун империя учун ягона насронийлик динини жорий қилиш ҳақидаги қарашлари билан қоришиб кетди.

Бу йўлда у жуда қаттиқ ҳаракат қилиб, баъзан бутпарастлар билан келишувга борган бўлса, баъзан репрессиялардан фойдаланган. Диний ҳаётни кучайтириш учун бир қатор диний иншоотларни бунёд эттирган императордир. Улардан энг йириги шубҳасиз Аё София ибодатхонасидир. Бу ҳақида қуйида ўқийсиз.

Император Юстинианнинг императорлик даврини икки қисмга бўлиш мумкин. Юқорида айтганимиздек, у 527 йилнинг 1 август куни империя тахтига ўтирган бўлса, шундан 540 йилгача бўлган биринчи давр асосан унинг муваффақиятларга бой даври бўлган. Аммо унинг ҳукмронлигининг иккинчи даври янада қарама-қаршиликларга бой. Империя чегаралари ҳужумларга учрайди, унинг янги ғалабалари, хусусан, Италиядаги ғалабалари барбод бўлди. Империя заифлашса ҳам вазият қайта тикланди ва унинг вафот этган пайтида империя чегаралари ўзининг энг юқори чўққисига чиққан эди.

Мамлакатдаги ички аҳвол эса унга боғлиқ бўлмаган ташқи таъсирлар остида издан чиқа бошлади. Жумладан, Юстиниан вабоси ва бошқа бир қатор табиий офатлар мамлакат демографик ҳолатига жиддий таъсир қилиб, унинг таъсири Юстиниан вафотидан кейин ҳам сезилиб турди. Император ўйлаган режаларини тўлиқ амалга ошира олмади. Унинг эгаллаган ҳудудлари қўлдан чиқиб кетди ва бўлинмас Рим империяси ғояси ҳам узоқ яшамади. Баъзи тарихчилар унинг амбицияларини империянинг ҳақиқий куч-қудрати ва у юзлашаётган муаммоларни инобатга олмасдан туриб танқид остига олади. Шунга қарамай, у Қадимги Рим меросини тарғиб қилишда ғайрат кўрсатган шахсият сифатида тилга олинади.

Фото: Google Photos

Румнинг бунёдкор императори

Юстиниан тарихга philoktistès, яъни бунёдкор номи билан кирган ҳукмдорлардан биридир. У ўз ҳукмронлиги даврида бутун империя ҳудудида жуда кўплаб обидалар, нафақат диний, балки ҳарбий истеҳкомлар ҳам қурдирган. У мамлакат пойтахти Константинополга жуда катта эътибор берган (Paul Lemerle, Histoire de Byzance, Paris, PUF, coll. «Que sais-je?», 1975, pp. 53-54).

Император Константин томонидан Бизанс шаҳри харобалари ўрнида қурилган Константинополь шаҳри империя пойтахти ўлароқ жуда катта ҳудудга эга эди. 532 йилги Ника исёни чоғида шаҳар катта талафот кўрди, бир нечта даҳалар бутунлай ёниб кетади. VI асрда яшаган византиялик тарихчи Жоан Лаурентиус Лидус шаҳарни шундай тасвирлайди: «Шаҳар худди Лапури ва Везувий сингари қорайиб кетган тошлардан иборат тоғдан фарқ қилмай қўйган эди. Чанг, тутун ва заҳарли ҳиддан яшаб бўлмас ҳолга келиб қолган эди».

Юстиниан Константинополни қайта қурди. Императорлар учун некропол вазифасини ўтаган Апостоллар черкови, Аё Ирина черковлари қурилди. Юстиниан пойтахтда 33 та диний мазмундаги иморатлар қурдирган. У, шунингдек, Августиан майдонидаги биноларни ҳам қайта қурдирди. Ушбу майдонда қад ростлаган Юстиниан устуни унинг барбарларга қарши урушдаги ғалабасининг рамзи бўлиб ҳисобланган.

Константинополь мудофаасига диққат қаратган император Юстиниан шаҳар деворларини қайта тиклади. Шунингдек, бугунги кунгача мавжуд бўлган, Аё София масжиди яқинида жойлашган Базилик ерости сув иншооти Византия меъморчилигининг ёрқин намуналаридан бири ҳисобланади. Ушбу иншоот шаҳарни Усмонли давригача сув билан таъминлаб турган (Georges Tate, Justinien. L'épopée de l'Empire d'Orient (527-565), Paris, Fayard, 2004, p. 470).

Юстиниан нафақат пойтахтда, балки бутун имприя бўйлаб улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Зилзила оқибатида вайрон бўлган Антиохия каби шаҳарларни қайта тиклади. Юстиниан замонида 398 та қадамжо янгидан бунёд этилган бўлса, 398 таси қайта реконструкция қилинган (Pierre Maraval, Justinien, Le rêve d'un empire chrétien universel, Paris, Tallandier, 2016, p. 343).

Фото: Google Photos

Константинополь ва империянинг шарқий вилоятларини боғлайдиган Сакарья дарёси устида Юстиниан кўприги, Ҳекзамилион девори, Синайдаги Аё Катрина монастири, Сен-Виталь черкови сингари кўплаб иншоотлар Юстиниан томонидан қурдирилган ёки қайта тикланган.

Аё София – Византия меъморчилигининг гултожи

Ника исёни бостирилгач, Юстиниан ўз даври меъморчилигининг шоҳ асарини қурдиришга киришди. Бу Аё София черкови эди. У исёнлар пайтида ёқиб юборилган шу номдаги эски черков ўрнида қурилиши белгиланди. Бу Худонинг ғалабаси рамзи бўлиши ва империя қудратини кўрсатиши керак эди. Шунингдек, бу орқали Юстиниан исённи бостиришда империя гуноҳларига каффорот ўташни ҳам мақсад қилган эди. Шунинг учун ҳам у барча насроний ибодатхоналаридан баланд ва устун бўлиши лозим эди.

Черков қурилиши икки меъмор томонидан олиб борилди. Унинг майдони 77 метрга 71,70 метр ҳамждаги тўғри тўртбурчакдан иборат. Унинг ички тузилиши ҳажм ва катталик жиҳатидан тенгсиздир. Унинг гумбазининг баландлиги ердан ҳисоблаганда 54 метрга етади ва диаметрик 31 метрга тенг. Ибодатхона 532–537 йиллар мобайнида, яъни беш йилда қуриб битказилган ва расман 537 йил 27 декабрь куни фойдаланишга топширилган. Гумбази 558 йилда қулаб тушганидан кейин 562 йилда қайта қурилган. Черков қурилганидан буён деярли ўзгаришга учрамаган.

Салиб юришлари пайтида Аё София

Христиан черкови иккига бўлингач, Аё София провославлар черкови сифатида хизмат қила бошлади. XII аср охирида ғарб монархиялари Папа бошчилигида шарққа салиб юришларини бошлади. Шундай юришларда 1204 йилда Константинополь шаҳри салибчилар томонидан эгалланди ва Аё София талон-торож қилинди. Черков меҳроби қимматли материалларини олиб кетиш учун бузиб ташланди. 1204–1261 йиллар мобайнида Аё София Константинополь Лотин патриархининг қароргоҳи сифатида хизмат қилди. 1231 ва 1237 йилларда черков зилзила оқибатида жиддий зарар кўрди. Баъзи муаллифларга кўра, ғарбий томондаги ушлаб турувчи аркалар лотин даврида қурилган.

Византияликлар черковни 1261 йилда қайтариб олишга муваффақ бўлди ва бир неча бор қайта таъмирлади.

Аё София – Константинополь фатҳининг рамзи

1453 йилда Константинополь шаҳри Усмонли султони Фотиҳ Султон Меҳмет II тарафидан фатҳ этилди. Фотиҳ Меҳметхоннинг илк иши Аё Софиянинг черковдан масжидга айлантириши бўлди. Аммо ибодатхона номини ўзгартирмади. Чунки бу Константинополнинг эгалланишининг рамзи эди. Султон Меҳмет бу иншоотга жуда катта эътибор қаратди. Ичидаги инсон тасвири туширилган мозаикалар оҳак ёрдамида бекитилди. Унинг вориси Боязид II масжид ёнида янги минора қурдирди.

Фото: Google Photos

Буюк Султон Сулаймон Қонуний (1520–1566) Можористон зафаридан иккита йирик шамдон олиб келиб масжид меҳробининг икки ёнига жойлаштирди. Султон Салим II (1566–1577) ҳукмронлиги даврида масжид нурай бошлади. Шунда Усмонлининг энг буюк меъмори Синон томонидан масжидни мудофаа қиладиган қўшимча тутқичлар ва ғарбий томондаги икки улкан миноралар қурилди.

XVIII асрда масжид ёнида мадраса фаолият юрита бошлади. 1847–1849 йилларда Султон Абдулмажидхон даврида улкан таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу ишларда 800 нафар ишчи қатнашди ва уларга италиялик ака-ука Гаспар ва Жузеппе Фоссатилар раҳбарлик қилди. Бугун кўриниб турган улкан айлана паннолар айна шу даврда ўрнатилган бўлиб, уларда Аллоҳ, Муҳаммад (с.а.в), Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Ҳасан ва Ҳусайн исмлари хаттот Қозиаскар Иззат афанди томонидан арабий хатда ёзилган. Ушбу панноларнинг диамтери 7,5 метр.

Аё София музейи

1918 йилда Биринчи жаҳон уруши натижасида Усмонли ҳудудлари эгаллаб олинди ва Антанта давлатлари Аё София динамитлар билан портлатишни мақсад қилиб қўйди (Guillaume Perrier, «Sainte-Sophie fait de la politique», Le Monde, 14 décembre 2013, p. 3). Аммо Истанбулни қўлга ололмагач, бу режадан воз кечилди. Империя қулагач, Аё София «империянинг катта жоме масжиди» мақомини амалда йўқотди. Ҳукумат тепасига келган Мустафо Камол Отатурк масжид реконтрукциясини давом эттирди. Айнан шу даврда масжид ичидаги улкан паннолардан ташқари Усмонли замонида амалга оширилган ишлар бузиб ташланди, хаттотлик намуналари ўчириб ташланди. Панноларни олиб чиқишнинг имкони бўлмагани сабабли улар ичкарида қолдирилди. 1934 йилда масжид музейга айлантирилди.

1951 йилда Мендерес ҳукумати панноларни жойига қайтаришга буйруқ берди. Ўтган давр мобайнида Туркия ҳукумати Аё Софияга масжид мақомини қайтариш бўйича бир неча бор уринди. 2019 йилги Туркиядаги муниципал сайловлар пайтида мамлакат президенти Эрдўғон Аё Софияга масжид мақомини қайтариш вақти келганини таъкидлади. 2020 йил 10 июль куни Туркия олий маҳкамаси 1934 йилдаги Вазирлар маҳкамасининг Аё Софияни музейга айлантириш ҳақидаги қарорини ноқонуний деб топди ва ортидан Туркия президенти Эрдўғон уни қайтадан масжид сифатида очиш ҳақида буйруққа имзо чекди. 24 июль куни 86 йилда илк бор Аё Софияда илк жума намози, 31 июль куни эса илк ҳайит намози адо этилди.

Император Юстиниан қолдирган ушбу меъморий обида 1 500 йилдан буён инсониятга хизмат қилиб келмоқда. Бугунги авлод эса уни асраб-авайлаб, келажак авлодларга эсон-омон етказишга масъулдир.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.