Microsoft Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли TikTok сервисини сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.

Фото: Bloomberg

Microsoft ва TikTok эгалари ўртасидаги музокаралар ҳозирда қайси босқичда эканлиги номаълум. Компания вакиллари вазиятга изоҳ беришдан бош тортган.

Bloomberg’нинг ёзишича, агарда Microsoft TikTok’ни харид қилса, у АҚШ ҳукумати томонидан текширувдан ўтказилади. Сўнгги йилларда Хорижий инвестициялар қўмитаси (CFIUS) — идоралараро ҳукумат комиссияси — миллий хавфсизликка потенциал таҳдид солиши мумкин бўлган битимларни диққат билан текширмоқда.

Нашр TikTok’нинг харид қилиниш эҳтимоллигини Microsoft учун «улкан ютуқ» деб атаган. Илова ҳозирга қадар 2 миллиард маротабадан ортиқ юклаб олинган.

Аввалроқ Трамп администрацияси ушбу видеосервисни АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид туғдириши мумкинлигида айблаганди. Трампнинг ўзи эса АҚШда TikTok бутунлай тақиқланиши мумкинлигини маълум қилган.

Маълумот учун, ByteDance TikTok’ни 2017 йилда харид қилган Musical.ly караоке-иловаси базасида яратган. TikTok қисқа мусиқий видео яратишга, жонли эфирларни амалга оширишга ва хабар алмашишга имкон берувчи ижтимоий тармоқ сервиси ҳисобланади.

Аввалроқ инвесторлар TikTok сервисини 50 миллиард долларга баҳолагани тўғрисида хабар берилганди.