Бугунги кунда Хитой ҳар тарафлама, айниқса иқтисодиёти билан тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Мамлакат армияси ҳам кучайиб бормоқда. У дунёнинг энг қудратли армиясига айланиши ва жаҳон сиёсатида муҳим ‘орин тутиши кутилмоқда. 1 август эса Хитой халқ озодлик армияси ташкил этилган кун. «Дарё» армиянинг тарихи, таркиби ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида маълумот беради. 

Фото: Google Photos

Хитойнинг жадал равишда кучайиши ва аста-секин минтақавий етакчидан глобал миқёсдаги катта кучга айланиши, сўнгги ўн йилликлардаги диққатга сазовор геосиёсий тенденциялардан бири бўлди. Бугун ХХР дунёда иккинчи иқтисодиётга эга ва у билан ўсишда давом этмоқда, ҳозирда дунё ЯИМ ўсишининг учдан бир қисмидан кўпроғи Хитой улушидир. Аммо бугун диққат марказимизда Хитой армияси.

Мамлакат қуролли кучларининг расмий номи – Хитой халқ озодлик армияси (ХХОА) бўлиб, у фуқаролар уруши даврида 1927 йил 1 августда ташкил этилган, аммо бу ном Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бироз кейинроқ берилган. Бугунги кунда ХХОА дунёдаги энг кучли армиялардан бири ҳисобланади, мутахассислар уни дунё мамлакатлари қуролли кучлари рейтингида иккинчи ёки учинчи ўринларга қўяди.

Мамлакат конституциясига мувофиқ, ХХР армияси ҳукуматга ёки Коммунистик партиянинг раҳбариятига бўйсунмайди, балки махсус орган – Марказий ҳарбий кенгашга бўйсунади. Марказий ҳарбий кенгаш раиси эса ҳокимият иэрархиясининг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади.

2013 йилга келиб, ХХОАнинг сони икки миллион 250 минг кишини ташкил этди (бошқа манбаларга кўра 2,6 миллион). 2016 йилга келиб, ХХР қуролли кучлари 300 минг кишига қисқариши ҳақида эълон қилинди. Ушбу режалар амалга оширилгандан сўнг, Хитой армияси таркибида икки миллионга яқин ҳарбий қолди. Хитой армияси муддатли ҳарбий хизматга чақирув асосига қурилган, 18 ёшга тўлган эркаклар ҳарбий хизматга чақирилади ва 50 ёшга қадар захирада қолади.

Фото: Google Photos

Хитой мудофаа эҳтиёжлари учун сарф-харажатларни кўпайтиришда давом этмоқда: агар 2000 йилларнинг бошларида армия ва ҳарбий-саноат комплексига 17 миллиард доллар сарфланган бўлса, 2013 йилга келиб бу рақам 188 миллиард долларга етди (ЯИМнинг икки фоизи). Ҳарбий харажатлар бўйича ХХР Россияни ортда қолдириб, иккинчи ўринга чиқиб олди, аммо ХХР армия ва ҳарбий комплекслар учун АҚШдан уч баравар кам миқдорда маблағ сарфлайди.

Хитой мудофаа саноатининг улкан ютуқларини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Ҳозир «Made in China» сўзи арзон, сифатсиз ва қалбаки нарса билан синоним бўлган вақтларни унутиш мумкин. Бугунги кунда ХХР деярли барча турдаги қурол ва ўқ-дориларни ўзи ишлаб чиқаради. Агар илгари Хитой асосан Совет Иттифоқи ва Россия қуролларини нусхалаган бўлса, бугунги кунда Хитой мудофаа саноати АҚШ, Европа ва Исроил каби технологик жиҳатдан энг илғор қуролларга тақлид қилишга ҳаракат қилмоқда.ХХР аста-секин арзон ва юқори сифатли қурол-аслаҳалар ишлаб чиқариш орқали жаҳон қурол бозорида ҳам кучли ўйинчига айланмоқда.

ХХОА тарихи

Аслида, Хитой қуролли кучларининг тарихи тўрт минг йилдан ошади. Бироқ ХХРнинг ҳозирги замонавий армияси мамлакатда 1920–1930 йилларда содир бўлган фуқаролар уруши пайтида пайдо бўлган коммунист қуролли гуруҳларининг меросхўридир. 1927 йил 1 августда Нанчан шаҳрида қўзғолон бошланган, ушбу қўзғолон давомида Хитойнинг бўлғуси раҳбари Мао Цзедун бошчилигида Қизил Армия ташкил қилинган.

Хитой Қизил Армияси Гоминдан қуролли кучларига қарши, кейинчалик, япон босқинчиларига қарши курашди. Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейингина ушбу қуролли кучлар ХХОА номини олди.

Ҳозирги вақтда ХХОА таркибида беш турдаги жанговар қуроли кучлар мавжуд:

  • Қуруқлик қўшинлари;
  • Ҳарбий-денгиз флоти;
  • Ҳарбий ҳаво кучлари;
  • Стратегик аҳамиятга эга ракета кучлари;
  • Стратегик қўллаб-қувватлаш қўшинлари.

Фото: Google Photos

ХХРнинг қуруқликдаги қўшинлари

Хитой дунёдаги энг катта қуруқлик қўшинлари армиясига эга. Мутахассислар унинг сонини 1,6 миллион кишидан иборат деб ҳисоблайди. Таъкидлаш жоизки, жорий ХХОАда амалга оширилган ҳарбий ислоҳотлар, қуруқликдаги кучларнинг сезиларли қисқаришини таъминлади. Ҳозирги вақтда Хитой дивизион армия тизимидан кўра янада мослашувчан бўлган бригада тизимига ўтишда давом этмоқда.Қуруқликдаги кучларнинг захирадаги аскарлари сони тахминан 500 минг кишига тенг. Хитой армиясининг камида 40 фоиз қисми механизациялашган ва зирҳланган.

Хитой қуруқлик қўшинларидаги асосий муаммоларидан бири – ўтган асрнинг охирида Совет Иттифоқи моделлари асосида ишлаб чиқарилган ва ҳозирда эскирган ускуналар ва қуролларнинг сонидир. Бироқ бу масала аста-секин ҳал қилинмоқда ва қўшинлар замонавий қурол турлари билан таъминланмоқда.

Ҳарбий ҳаво кучлари

ХХР ҳарбий ҳаво кучлари сон жиҳатдан дунёда АҚШ ва Россиядан кейинг учинчи ўринда туради (390 минг киши). Ҳаво кучлари 24 та дивизиядан иборат. ХХОА ҳаво кучлари ҳар хил турдаги тўрт мингга яқин жанговар самолётлар билан қуролланган, шунингдек, ушбу кучлар таркибида юздан ортиқ жанговар вертолётлар мавжуд.

Хитой ҳарбий ҳаво кучларининг ҳам асосий муаммоси уларнинг таркибида жуда кўп эскирган Совет транспорт воситаларининг (МиГ-21, МиГ-19, Ту-16 ва Ил-28 аналоглари) ишлатилишидир. Ўтган асрнинг охирига келиб, ХХР ҳаво кучларини жиддий модернизация қилиш бошланди. Хитой Россиядан ўнлаб энг янги Су-27 ва Су-30 самолётларини сотиб олди. Кейин ушбу машиналарни лицензия асосида ўзида ишлаб чиқара бошлади.

Сўнгги ўн йилликнинг ўрталаридан бошлаб, Хитой ўзининг бешинчи авлодга мансуб бўлган Ж-31 ва Ж-20 қирувчи самолётларини ишлаб чиқармоқда. Ж-20 қирувчи самолёти 2018 йилнинг кузида оммага намойиш этилган эди. Хитой раҳбариятининг режаларида нафақат ўз ҳаво кучларини ушбу машиналар билан жиҳозлаш, балки уларни экспортга ҳам фаол етказиб бериш акс этган.

Хитой денгиз флоти

Хитойда90 йилларнинг бошларига қадар ҳарбий денгиз кучларининг ривожланишига бўлган эътибор жуда кам эди. Қўшинларнинг бу тури ёрдамчи деб ҳисобланарди, аммо кейинчалик бу борадаги вазият кескин ўзгарди. ХХР раҳбарияти денгиз флотининг муҳимлигини тушунди ва уни модернизация қилиш учун маблағни аямади.

Фото: Google Photos

Айни пайтда Хитой ҳарбий-денгиз кучларининг сони 255 минг кишини ташкил этади (бошқа манбаларга кўра – 290 минг). Ҳарбий денгиз флоти учта флотга бўлинган: жанубий, шимолий ва шарқий денгизлар. Флот кемалар, сувости кемалари, денгиз авиацияси билан қуролланган, шунингдек, денгиз пиёда қўшинлари ва қирғоқ мудофаа қўшинлари ҳам мавжуд.

2013 йилда ХХОА генштаб бошлиғи замонавий Хитой учун асосий таҳдидлар денгиздан келишни таъкидлаб, шунинг учун денгиз флотини ривожлантириш устувор вазифа эканини айтиб ўтган.

Стратегик аҳамиятга эга ракета кучлари

Ҳарбий ислоҳотлар бошланишидан олдин Хитойнинг стратегик аҳамиятга эга ракета кучлари Иккинчи артиллерия корпуси деб номланган ва фақат 2016 йилдагина улар янги мақомга эга бўлган. Уларнинг сони 100 минг кишига яқин. Хитой эга бўлган ядро қуролларининг сони кўплаб саволларни туғдиради. Мутахассислар уларнинг сонини 100 тадан 650 донагача баҳолайди, аммо бир неча ўн йилликлар ичида ХХР бир неча минг ядро қуролларини ишлаб чиқиши мумкин эди, деган фикрлар ҳам бор.

Америкаликларнинг фикрича, Хитой 2020 йилга келиб, янги авлод қуроллари билан жиҳозланган 200 га яқин ҚБР (қитъалараро баллистик ракета) яратишга қодир. Dongfeng-31 (11 минг км) ва Dongfeng-41 (14 минг км) каби Хитойнинг янги ракета тизимлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш керак (Dōng fēng dǎo dàn – Шарқ шамоли ракетаси).

Фото: Google Photos

Стратегик қўллаб-қувватлаш қўшинлари

Бу 2016 йил 31 декабрда пайдо бўлган Хитой армиясининг энг ёш бўлинмасидир. Стратегик қўллаб-қувватлаш қўшинларининг аниқ мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумотлар жуда кам. Улар асосан разведка, ахборот уруши, кибер ҳужумлар ва радиоэлектрон қаршиликлар билан шуғулланишлари маълум қилинган.

Таъкидлаш жоизки, турли манбаларда Хитойнинг ҳақиқий ҳарбий кучини баҳолашлар бир-биридан жуда катта фарқ қилади. Бутун дунёни эгаллаб олишга қодир бўлган «аждар таҳдиди» ҳақидаги ваҳимали материаллардан тортиб, Хитой ҳарбий-саноат комплекси ривожланаётганини очиқчасига рад қилувчиларгача. Шундай бўлса-да, аксарият экспертлар сўнгги йилларда Хитой ҳарбий раҳбарияти эришган ютуқларни тан олади.

Нурбек Алимов тайёрлади.