Мексика президенти Адрес Мануэль Лопес Обрадор журналистлар олдида қилган баёнотида мамлакатда коррупция устидан ғалаба қозонганидан кейин тиббий ниқоб тақишни бошлашини ваъда берди. Унинг баёноти Twitter’даги расмий саҳифасида эълон қилинган.

Адрес Мануэль Лопес Обрадор

Фото: Debate

Аввалроқ Мексика давлат раҳбари тиббий ниқобнинг вируслардан ҳимояланишда фойда бериш ёки бермаслиги фанда исботланмагани сабаб уларни тақмаслигини айтганди. Лопес Обрадор мамлакатдаги оммавий чиқишларида, турли тадбирларда ва ҳар куни ўтказиладиган матбуот-анжуманларида тиббий ниқоб тақмасдан чиқиш қилмоқда. Бироқ у одамлар билан ижтимоий масофаланиш тартибига риоя этади. Обрадорнинг айтишича у тиббий ниқобни фақат ушбу қоида жорий қилинган ерларда, масалан самолётда тақиши мумкин.

El Universal газетаси Мексика миллий ҳаракати (Partido Acción Nacional) депутатлари президентнинг коронавирус пандемияси шароитида тиббий ниқоб тақмаётгани юзасидан судга мурожаат қилмоқчи экани ҳақида ёзганди.

«Мен коррупцияга барҳам берилганидан кейин тиббий ниқоб тақаман. Келинг, шундай келишиб оламиз», – дея журналистларга мурожаат қилган Лопес Обрадор.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра Мексикада 416 179 кишида коронавирус инфекцияси борлиги тасдиқланган. 46 минг нафар бемор касаллик асоратлари оқбатида вафот этган. 320 100 киши касалликдан тузалган.