Гамалей маркази томонидан ишлаб чиқилган коронавирус вакцинасининг клиник синовлари якунланди. Бу ҳақда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Михаил Мурашкога таяниб «ТАСС» хабар берди.

Фото: Oriongazette

Вазирнинг таъкидлашича, ҳозир вакцинани рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар тўплами тайёрланмоқда, шундан сўнг чекланган гуруҳлардан одамлар, хусусан, шифокорлар ва ўқитувчилар эмлана бошлайди. Вазир октябрь ойида оммавий эмлаш жараёни бошланиши мумкинлигини маълум қилган.

Вазир қўшимча қилиб, Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизматининг «Вектор» вирусология ва биотехнология давлат илмий маркази томонидан ишлаб чиқилган яна бир вакцина ҳозирда клиник синовлар босқичида эканини таъкидлади.

Аввалроқ ЖССТ коронавирусга қарши вакцинация 2021 йилдан олдин бошланмаслигини маълум қилганди.

Маълумот учун дунё бўйлаб бир неча вакциналар ҳозирда якуний синов жараёнида. Хусусан, АҚШда Moderna компанияси ишлаб чиқарган вакцина 30 минг кишида якуний синовдан ўтказилмоқда. Шунингдек, Хитойнинг Sinopharm Group компанияси ўз вакцинасини Ўзбекистон ва БАА давлатидаги 15 минг кишида якуний синовдан ўтказмоқчи.