Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Сергели тумани «Ҳумо» маҳалласида нақд пул шаклидаги бир марталик ёрдам пули масаласида маҳалла аҳолиси ва маъмурияти ўртасида юзага келган зиддиятли ҳолат акс этган видеоёзув тарқалган эди. Ушбу можаро сабаб Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев маҳаллага бориб аҳоли билан учрашди.

Фото: Видеодан скрин

Шаҳар ҳокими ёрдамга муҳтожларга берилаётган пул ҳақида гапирар экан, аслида бу пул кимларга бериш кераклиги ҳақида аҳолига мурожаат қилган.

«Маҳалладан шу вақтгача ҳеч кимдан ёрдам сўрамаганман. Бу ноинсофлар ҳам ҳайит ўтади, бошқа ўтади… шундай хайрли ишлар бўларкан, бизни хабаримиз йўқ экан. Давлат бераётганда, халқни ўз ризқини бераётганда бизга (пулни) олиб кириб беришга булар мажбурми? Сизлар шуларни ишониб қўйгансизлар шу ерга», – дея ўз фикрини билдирган аҳоли вакилларидан бири.

Фото: Видеодан скрин

Шундан сўнг, Ортиқхўжаев пул олиши керак бўлганлар рўйхатини аҳолининг ўзи тузиб беришини таклиф қилди.

«Ўзингиз одам танланглар. Ўтириб рўйхат тузинглар. Сиз берган рўйхатга қараб биз буни қиламиз. Сиз бу рўйхатни бир соатда қилиб беролмайсиз. Икки соатда ҳам қилиб беролмайсиз. Қанчада қилиб бериш мумкин? Бир кун вақт кетади, узоғи билан бир ярим кун вақт кетади. Бир ярим кун ичида рўйхат тайёрланглар. Кейин биз унга қараб пулни шакллантирайлик. Бир нарсани тушунайлик, ўзига тўқ одамларга пул бериб юборсак, бизни ҳам жавобимиз бор», – деди шаҳар ҳокими.

Шунингдек, Ортиқхўжаев Тошкентда 3000-4000 та одамлар жон билан талашаётганини айтиб ўтди. Бу вазиятда бундай можаролар арзимаслигини таъкидлади.

Ҳоким аҳоли томонидан шакллантирилган рўйхатга кўра 3 кун ичида ёрдам пулини уйма-уй тарқатишни маълум қилди.

Бундай ҳолат Тошкентдан ташқари Хоразмда ҳам кузатилди. Тегишли видеода аҳолига 1 миллион сўм ўрнига 700 минг сўм тарқатилётгани, агар шунга рози бўлишмаса кейинги ёрдам пулини бермаслик билан таҳдид қилингани айтилган. Бундай ҳолатларга жавобан Маҳалла вазирлиги ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 июлдаги фармонига мувофиқ пандемия шароитида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар»га) киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам пули берилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматнинг тегишли фармойишига асосан «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга Қурбон ҳайити арафасида 1 миллион сўмдан моддий ёрдам тарқатилиши таъкидланган эди.

Ушбу янгиликлар юзасидан изоҳ бераркан, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқов: «Пулларни қайсидир бир идоранинг кичик ходими ёки кассирига ишониб топшириб қўйганмиз йўқ, давлатнинг ваколатли одамларига ишониб топширилди бу пуллар», деганди. У озиқ-овқат тўплами ёки дори-дармон шаклида моддий ёрдам тарқатишда камчиликлар учрагани, «ҳамма масъуллар ҳам бу масалага виждон билан ёндашмаётгани» учун, бир марталик моддий ёрдам пулларини нақд пул шаклида тарқатишга қарор қилинганини айтиб ўтган эди.