Хитойда сўнгги суткада коронавирус билан касалланиш бўйича 45 та ва касаллик белгисиз ўтаётган 23 та ҳолат аниқланди, деб хабар бермоқда «Интерфакс» Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб.

Фото: Anadolu

Аниқланган янги касалланиш ҳолатининг 39 таси мамлакатнинг ўзида (31 таси — Шинжон-Уйғур автоном ҳудудида, Ляонин провинциясида — 8 та) қолган олтита белгили ва 11 та белгисизлар четдан юқтирилган.

Мамлакатда умумий ҳисобда 84 337 киши коронавирусга чалинган, 4634 нафар бемор COVID-19 қурбонига айланган.

Бир кун аввал Хитойда коронавирус билан касалланиш бўйича 127 та ва касаллик белгисиз ўтаётган 11 та ҳолат аниқланган эди.

Жанубий Кореяда эса сутка давомида 31 киши коронавирусга чалингани қайд этилиб, касалланганларнинг умумий сони 14 336 нафарга етди, деб хабар беради «Regnum».

Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази (КCDC) маълумотларига кўра, янги касалланиш ҳолатининг 8 таси мамлакатнинг ўзида, 23 таси четдан кириб келган.

Ўтган бир сутка ичида шифохоналарда 50 кишига жавоб берилган бўлиб, Жанубий Кореяда ҳозирга қадар коронавирусдан соғайганлар сони 13 233 кишига етган. Пандемия бошланганидан буён COVID-19’дан вафот этганлар сони эса 301 кишини ташкил этмоқда.