Ўзбекистонда 31 июль соат 23:30 дан 1 август соат 23:30 га қадар 774 кишида коронавирус қайд этилди ва антирекорд янгиланди. Кетма-кет иккинчи кун касалланиш ҳолатлари 700 дан юқори бўлмоқда. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 24783 нафарга етди. Ўзбекистондаги барча касалланиш ҳолатларининг 3,1 фоизи 1 августга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 147, «Дарё» ҳисоби бўйича 155 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 774 кишининг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  1. Тошкент шаҳрида — 484 нафар;
  2. Тошкент вилоятида — 190 нафар;
  3. Андижон вилоятида — 22 нафар;
  4. Бухоро вилоятида — 21 нафар;
  5. Қашқадарё вилоятида — 18 нафар;
  6. Сирдарё вилоятида — 16 нафар;
  7. Фарғона вилоятида — 13 нафар.
  8. Навоий вилоятида — 4 нафар;
  9. Сурхондарё вилоятида — 4 нафар;
  10. Қорақалпоғистон Республикасида — 2 нафар.

1 август куни фақат Жиззах, Хоразм, Наманган ва Самарқанд вилоятларида янги касалланиш ҳолатлари кузатилмади.

Тошкент шаҳрида 484 кишида коронавирус қайд этилди. Бу Тошкент шаҳрида бир кунда касаллик аниқланиши бўйича антирекорд ҳисобланади. Бунгача 27 июль куни 475 кишида коронавирус қайд этилиши энг юқори натижа бўлиб турганди. Қорақалпоғистон, Жиззах, Навоий, Фарғона ва Хоразм вилоятларида эпидемия мавсуми бошидан бери пойтахтда 1 август куни қайд этилган ҳолатларчалик касалланиш ҳолатлари кузатилмаган. Жорий ҳафтанинг ўзида Тошкентда 2086 кишида касаллик қайд этилди.

Тошкент вилоятида 190 кишида касаллик аниқланди. Бир кун ичида Тошкент вилоятидаги беморлар сони 7 фоизга кўпайди. Ҳафта давомида вилоятда бирон марта ҳам кунлик касалланиш ҳолатлари 100 тадан камаймади ва 27 июлдан бери 978 кишида коронавирус қайд этилди.

Андижон вилоятида 22 кишида коронавирус қайд этилди. Андижонда коронавирус беморлари сони 1017 нафарга етди ҳамда вилоят Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнг коронавирусга чалинганлар сони 1000 нафардан ошган учинчи ҳудуд бўлди.

Бухоро вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 21 кишида касаллик аниқланди. Вилоятда коронавирус юқтириб олганлар орасида Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов ҳам бор, ҳозирда у Тошкентда даволанмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевнинг маълум қилишича, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда 25 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Аммо қизиқ томони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23—27 июль оралиқларида Бухорода янги касалланиш ҳолатлари бўлгани ҳақида хабар бермаганди.

Қашқадарё вилоятида 18 кишида касаллик қайд этилди. Вилоятда касаллик аниқланганлар сони 711 нафарга етди. Қашқадарё Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро ва Наманган вилоятларидан сўнг касалланганлар сони 700 нафардан ошган 7-ҳудуд бўлди.

Сирдарё вилоятида 16 кишида коронавирус аниқланди25 июлдан бери вилоятда ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. 17 июлдан бошлаб ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган, 16 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 2,8 бараварга кўпайиб, ҳозирда 597 нафарга етган.

Фарғона вилоятида 13 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда ҳафта давомида 28 ва 29 июль кунлари ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилганди. 29 ва 30 июль кунлари Фарғона вилоятида коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус комиссиянинг қарори билан икки кунга вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда жойлашган буюм бозорларининг фаолият юритди. Мониторинг натижаларига кўра, Марғилон ва Қўқон шаҳарларидаги улгуржи ҳамда чакана буюм бозорларига қўшни вилоятлар — Наманган ва Андижондан ҳам харидорлар келгани кузатилган.

Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 4 кишида касаллик аниқланган25 июлдан бери вилоятда ҳар куни янги ҳолатлар қайд этилмоқда, аммо бу кунларнинг ҳеч бирида кунлик касалланиш ҳолатлари 11 тадан ошгани йўқ. Навоийда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Қобул Турсунов ҳам борлиги маълум бўлди. У 5 кундан бери Тошкентда даволанмоқда.

Сурхондарё вилоятида 4 кишида коронавирус аниқланди. 19 июлда вилоятда 3 кишида касаллик қайд этилгач, бирон марта ҳам кунлик касалланиш ҳолатлари 10 ва ундан паст бўлмаётганди. Сурхондарё  ҳокими Тўра Боболов айни вақтда Тошкентда коронавирусдан даволанмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 2 кишида касаллик аниқланган. Республикада 28 июлдан бери янги касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. 5 кун ичида Қорақалпоғистонда жами 22 кишида коронавирус қайд этилди. 31 июль куни вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси – Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов 1 август куни Нукус шаҳридаги «Шорша баба» қабристонига дафн этилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга ташриф буюриб, Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Шунингдек, Нукус шаҳрида Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан таъзия маросими бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида 5 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида 1 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди. 31 июль куни вафот этган Қорақалпоғистон раҳбари Муса Ерниязовнинг ўлимини ҳам ССВ 1 августда эълон қилди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши ва Бош прокуратура 1 нафардан ўз ходимлари вафот этганини маълум қилди. Шу тариқа, 1 август куни 7 та янги ўлим ҳолати ҳақида хабар берилди. Илгари ҳеч қачон бир кунда бунча кўп одамнинг вафот этгани маълум бўлмаганди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Сергели туманида яшаган 75 ёшли К.Х. исмли эркакда 26 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва оғир ҳолатда Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов коронавирус инфекцияси асоратларидан вафот этди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгашига асосланиб, «Kun.uz» хабар берди.

Хайриддин Алимуҳамедов.

Фото: Илёсхўжа Султонхўжаев / «Дарё»

Тошкент вилоят суди судьяси Шермуҳамедов 31 июль куни вафот этган. Таъкидлашларича, у коронавирусга чалинган ва касалхонада даволанаётган эди. Ушбу ўлим ҳолати ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маълумот берилмаган.

Хайриддин Шермуҳамедов «Аҳмадбой иши»ни кўрган ва 2020 йилнинг февралида унга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари (эски таҳрирдаги) билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани ҳақида ҳукмни эълон қилган эди.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 67 ёшли М.Т. исмли аёлда 12 июль кунидан тана ҳарорати кўтарилган, уй шароитида даво муолажаларини олган. 20 июль куни эса нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия, семизликнинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшаган 59 ёшли М.М. исмли аёлда 15 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик, ўткир буйрак етишмовчилиги каби асоратлар билан кечган.

Таъкидлаш жоизки, беморда 2014 йил буйрак трансплантацияси амалиёти бажарилган бўлиб, 2017 йилда кўчириб ўтказилган буйрак ўз вазифасини бажаришдан тўхтаган ва у доимий гемодиализ олиб юрган. Шунингдек, беморда қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия, сурункали буйрак етишмовчилиги, семизликнинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Бешинчи ўлим. Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани прокурори, адлия маслаҳатчиси Фарҳод Абдухолиқов 58 ёшда вафот этди.

Фото: Бош прокуратура

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг «Дарё»га маълум қилишича, 1962 йилда туғилган Фарҳод Абдухолиқов бир ҳафтадан буён коронавирусдан даволанаётган бўлган. 1 август куни эса ҳаётдан кўз юмган.

Тойлоқ тумани прокурорининг ўлими бўйича ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот берганича йўқ.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 67 ёшли Қ.Н. исмли эркакда 20 июль COVID-19 тасдиқланган ва нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Еттинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 64 ёшли А.Т. исмли эркакда 25 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига кун давомида тана ҳарорати кўтарилиб нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабабли ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик нафас етишмовчилигининг 3-даражаси ҳамда ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензиянинг 3-даражаси ва семизликнинг ҳам 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 147 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 155 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу саккиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 9 337 нафар бемордан 592 нафари оғир, 185 нафари эса ўта оғир аҳволда. 10 кун ичида биринчи марта аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони камайди. Бир сутка аввал даволанаётган беморларнинг 594 нафари оғир, 197 нафари эса ўта оғир аҳволда эди.

Касалликдан даволаниш

1 август куни Ўзбекистоннинг 12 ҳудудида коронавирус инфекциясидан даволанаётган беморлардан 835 нафари соғайди. Соғайиш бўйича кетма-кет 6-кун рекорд янгиланмоқда.

Беморларнинг

  • 396 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 184 нафари Тошкент вилоятида;
  • 98 нафари Бухоро вилоятида;
  • 36 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 32 нафари Андижон вилоятида;
  • 30 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 17 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 15 нафари Наманган вилоятида;
  • 14 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 5 нафари Навоий вилоятида;
  • 4 нафари Жиззах вилоятида;
  • 4 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 24 783 нафар бемордан 15 299 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 61 фоизни ташкил этмоқда. Охирги марта 11 июль куни даволаниш кўрсаткичи 60 фоиз бўлганди. 23 июлда эса бу борадаги кўрсаткич 53 фоизга тушиб кетганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 9337 нафар бемор даволанмоқда. Уч кун аввал беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 6995 нафар. Жиззахда 13, Фарғонада 17, Хоразмда 39, Навоийда 43, Сирдарёда 80, Андижонда 122, Қорақалпоғистонда 126, Самарқандда 136, Наманганда 154, Сурхондарёда 159, Бухорода 166, Қашқадарёда 205 ва Тошкент вилоятида 1082 нафар бемор қолди.