Карантин чоралари юмшатиладиган бўлса, касаллар сонининг ортиб кетиши эҳтимолига мамлакат соғлиқни сақлаш тизими тайёр. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқиши вақтида маълум қилди.

«Икки-уч ҳафта олдин халқимизни огоҳликка чақириб, ваҳимага ўзимиз давъат қилган бўлсак, ҳозирги кунда ҳеч қанақа сафсата ва ваҳимага ўрин йўқ. Вазият жиловланган, шифокорларимиз тайёр, керакли асбоб-ускуналаримиз бор. Захиралар, койка-ўринлар бор. Карантин чоралари яна юмшатиладиган бўлса, касаллар сонининг ортиши мумкин бўлган вазиятга ҳам ҳозирда соғлиқни сақлаш тизимимиз ва маҳаллий ҳокимиятларимиз тайёр», — дейди профессор Оқилов.

Оқиловнинг таъкидлашича, мослаштирилган клиникалар барчаси бўшаганидан кейин дезинфекциядан ўтиб, ўзининг асосий фаолиятига қайтади ва бу йўналишдаги етишмовчиликлар ҳам бартараф этилади.

Аввалроқ Ҳабибулло Оқилов соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов коронавирусдан даволанаётгани ҳақидаги тахминларни рад этгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, профессор Оқилов 8 июль куни қилган чиқишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар «поёнига етгани», бўш койка-ўринлар қолмаганини маълум қилган. 9 июлдаги брифингда эса Оқилов койка-ўринлар, дори захираси мавжудлигини, тизим ҳар қанча беморни қабул қила олишини таъкидлаганди.