Ўзбекистонда 1 август соат 23:30 дан 2 август соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 770 та ҳолат қайд этилди. Уч кундан буён кунлик касалланиш ҳолатлари 700 дан юқори бўлмоқда. 1 августда 774 кишининг касалланиши ҳозирча антирекорд ҳисобланади. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 25553 нафарга етди. Ўзбекистондаги барча касалланиш ҳолатларининг 3 фоизи 2 августга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 153, «Дарё» ҳисоби бўйича 161 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 99 нафари хориждан келиб карантинга олинганлар орасида;
  • 671 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида (Тошкент шаҳрида — 325 нафар, Тошкент вилоятида — 142 нафар, Самарқанд вилоятида — 103 нафар, Бухоро вилоятида — 27 нафар, Андижон вилоятида — 19 нафар, Сирдарё вилоятида — 18 нафар, Қашқадарё вилоятида — 14 нафар, Навоий вилоятида — 9 нафар, Наманган вилоятида — 5 нафар, Фарғона вилоятида — 5 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 4 нафар) аниқланган.

Кун давомида 11 та ҳудудда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди. Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидагина коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари аниқланмади.

Тошкент шаҳрида 325 кишида коронавирус аниқланди. Тошкент шаҳрида бир ҳафта ичида (27 июлдан 2 августгача) 2411 кишида коронавирус аниқланди. Бу Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро ва Жиззахдаги эпидемия мавсуми бошидан бери барча касалланиш ҳолатлари (2415 та) билан деярли тенг.

Тошкент вилоятида 142 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 26 июлдан бери ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда. Тошкент вилоятида бир ҳафта ичида (27 июлдан 2 августгача) 1120 кишида коронавирус аниқланди. Тошкент вилояти пойтахтдан сўнг касалланганлар сони 3000 нафардан ошган 2-ҳудуд бўлди. Тошкент вилоятида 29 июлдан бери касалликдан тузалаётганлар ҳам ҳар куни 100 нафардан ошмоқда. Ҳозирга келиб вилоятда касалликдан тузалганлар сони 2000 нафардан ошиб кетди.

Самарқанд вилоятида 103 кишида коронавирус қайд этилди. Бу вилоят учун антирекорд ҳисобланади. 2 август куни Самарқандда 11 июль куни ўрнатилган аввалги антирекорддан (52 та касалланиш ҳолати) 2 баравар кўп одамда касаллик аниқланди. Ушбу ҳолатлардан сўнг Самарқанд вилояти Тошкент шаҳри, Тошкент ва Андижон вилоятларидан сўнг коронавирусга чалинганлар сони 1000 нафардан ошган 4-ҳудудга айланди. Самарқандда беморлар сони энди 1000 нафардан ошган бўлса-да, вилоят касалланганлар сони бўйича Андижондан ўтиб кетди. Қизиқ томони, 2 август куни Самарқандда коронавирусдан тузалганлар сони ҳам 103 нафарни ташкил этди.

Бухоро вилоятида 27 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда бир ҳафта ичида (27 июлдан 2 августгача) фақат 29 июль куни янги ҳолатлар аниқланмади. Бу вақт ичида Бухорода 177 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда коронавирус юқтириб олганлар орасида Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов ҳам бор, ҳозирда у Тошкентда даволанмоқда.

Андижон вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 19 кишида касаллик аниқланган. Вилоятда сўнгги 17 кун ичида фақат 25 июль куни янги ҳолатлар аниқланмади.

Сирдарё вилоятида 18 кишида касаллик аниқланди25 июлдан бери вилоятда ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. 17 июлдан бошлаб ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган, 17 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 402 нафарга кўпайиб, ҳозирда 615 нафарга етган. Сирдарё Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро, Наманган ва Қашқадарё вилоятларидан сўнг касалланганлар сони 600 нафардан ошган 8-ҳудуд бўлди.

Қашқадарё вилоятида 14 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 28 июлдан бери ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Қашқадарё вилояти махсус комиссияси қарори билан вилоятда 3 августдан бошлаб бир қатор карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши режалаштирилган.

Навоий вилоятида 9 кишида коронавирус аниқланди25 июлдан бери вилоятда ҳар куни янги ҳолатлар қайд этилмоқда, аммо бу кунларнинг ҳеч бирида кунлик касалланиш ҳолатлари 11 тадан ошгани йўқ. Навоийда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Қобул Турсунов ҳам борлиги маълум бўлди. У 6 кундан бери Тошкентда даволанмоқда.

Наманган вилоятида 5 кишида коронавирус қайд этилди. Наманганда сўнгги 14 кунда касаллик аниқланган кунда ҳеч қачон коронавирусга чалинганлар сони 10 нафардан кам бўлмаганди.

Фарғона вилоятида ҳам 5 кишида коронавирус аниқланди. Янги ҳолатлардан сўнг вилоятда касалланганлар сони 269 нафарга етди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаровнинг сўзларига кўра, Қува туманида тиббиёт ходими ўғлида клиник белгилар пайдо бўлишига қарамасдан уни уйда даволашга ҳаракат қилган, оқибатда ўзи ҳам вирус юқтириб олиб, коронавирус инфекциясини ҳамкасбларига ҳам юқтирган.

Қорақалпоғистон Республикасида 4 кишида касаллик қайд этилди. Республикада 28 июлдан бери ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда, бироқ бу кунларда янги касаллар сони бирон марта ҳам 10 тага етмади.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ кун давомида Тошкент шаҳрида 5 нафар, Андижон вилоятида 1 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди. Аммо уларнинг қайси санада вафот этгани маълум қилинмади. Бундан ташқари, андижонлик 63 ёшли Б.П. исмли эркак ва тошкентлик 56 ёшли Д.Ш. исмли аёлда қайси куни касаллик тасдиқлангани ҳақида ҳам ахборот бермаган.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 46 ёшли С.Л. исмли эркакда 20 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия ҳамда семизлик каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. 46 ёшли эркак ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 58 ёшли Ш.Д. исмли эркакда 20 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига кун давомида тана ҳарорати кўтарилиб, нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабабли ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлар билан кечган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. 58 ёшли эркак ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Учинчи ўлим. Андижон вилоятининг Андижон туманида яшаган 63 ёшли Б.П. исмли эркакда COVID-19 тасдиқлангач, нафас етишмовчилиги белгилари кучайган ҳолатда вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, 2016 йилда бўлган инфарктдан сўнги кардиосклероз, гипертония, артериал гипертензия, қандли диабет, диабетик ангиопатия ва нефропатия каби ҳамроҳ хасталиклари билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган. 63 ёшли эркак Андижонда коронавируснинг иккинчи қурбони бўлди.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 56 ёшли Д.Ш. исмли аёлда COVID-19 тасдиқланган ва тана ҳарорати кўтарилиб, нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабабли Тошкент тиббиёт академиясининг клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка шиши, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шунингдек, беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ хасталиклар ҳам бўлган. Аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шишидан вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 43 ёшли Р.А. исмли эркак 27 июль куни оғир ҳолатда Тошкент тиббиёт академиясининг клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, стабил стенокардия каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган. Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшовчи 57 ёшли Р.К. исмли аёлда 21 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва шифохонага ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, инфексион токсик шок асоратлари билан кечган.

Шунингдек, унда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ хасталиклар ҳам бўлган.

Аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, инфексион токсик шокдан вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 153 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 161 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу саккиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 8 893 нафар бемордан 564 нафари оғир, 215 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ўта оғир аҳволдаги беморлар сони биринчи марта 200 нафардан ошди. Бир кун аввал даволанаётган беморларнинг 592 нафари оғир, 185 нафари эса ўта оғир аҳволда эди.

Касалликдан даволаниш

2 август куни 1208 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Бу тузалиш бўйича мутлақ рекорд ҳисобланади. Илгари бир кунда тузалган беморлар сони 900 нафарга ҳам етмаганди. Соғайиш бўйича рекорд кетма-кет 7-кун янгиланмоқда. Коронавирусдан тузалганлар 16 мингдан ортиқ одамнинг 7 фоизи айнан 2 август куни соғайди.

Тузалганларнинг

  • 678 нафари Тошкент шаҳрининг 20 та шифохонасида ва уй шароитида даволанганлар;
  • 185 нафари Тошкент вилоятида;
  • 103 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 102 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 50 нафари Бухоро вилоятида;
  • 35 нафари Андижон вилоятида;
  • 20 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 13 нафари Наманган вилоятида;
  • 11 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 9 нафари Фарғона вилоятида;
  • 2 нафари Хоразм вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 25 553 нафар бемордан 16 507 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 64 фоизни ташкил этмоқда. Охирги марта 6 июль куни даволаниш кўрсаткичи 64 фоиз бўлганди. 23 июлда эса бу борадаги кўрсаткич 53 фоизга тушиб кетганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 8893 нафар бемор даволанмоқда. Тўрт кун аввал беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 24 июль кундаги беморлар сонига яқинлашиб қолди. 25 июлдан бошлаб коронавирусдан даволанаётган беморлар сони 9 мингдан ошиб кетганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 6736 нафар. Жиззахда 13, Фарғонада 13, Хоразмда 37, Навоийда 52, Сирдарёда 87, Андижонда 105, Қорақалпоғистонда 130, Самарқандда 136, Наманганда 146, Сурхондарёда 139, Бухорода 143, Қашқадарёда 117 ва Тошкент вилоятида 1039 нафар бемор қолди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 72 700 нафар, стационар карантинда эса 20 536 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Уч кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 2233 нафарга кўпайган бўлса, стационар карантиндаги фуқаролар сони 2253 нафарга камайди.