Генерал Андрей Власов ҳақида турли қарашларга эга бўлган нуқтаи назарлар шу даражада кўпки, афтидан ушбу тарихий шахснинг салбий қиёфаси мутлақо аниқ эмас. Андрей Власов ҳақида рус тарихчилари ва жамоат арбобларининг баҳолари ҳам турлича шаклланган. Ҳатто айримлар уни ватан хоини сифатида эмас, балки болшевизм ва сталинистик тоталитаризмга қарши курашчи сифатида тақдим этишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, Андрей Власовнинг Европа халқларига қарши геноцид уюштирган ва Совет Иттифоқининг энг ашаддий душмани бўлган Гитлер Германияси томонида туриб жанг қилган армия тузгани тарихий фактдир. «Дарё» генерал Андрей Власовнинг фаолияти ва тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

Генерал Андрей Власов.

Фото: Google Photos

Сталин қўмондони

Атиги тўрт йил ичида Андрей Власов энг истиқболли ва обрўли Совет генераллари сафидан Совет Иттифоқининг «биринчи рақамли хоини» мавқейига ўтишга улгурди. Россиядаги фуқаролар уруши пайтида Қизил армия сафига қўшилган 18 ёшли Андрей Власов 21 ёшга келиб шахсий таркиб ва қўмондонлик лавозимларини эгаллаган. 39 ёшида эса 99-ўқчи дивизиясининг қўмондони ва генерал майор рутбасига эга бўлган.

Унинг қўмондонлиги остидаги дивизия Киев ҳарбий округидаги энг илғор бўлинмага айланган. Власовнинг ўзи Қизил Байроқ ордени билан тақдирланди. Иккинчи жаҳон уруши бошланишида эса Власов Лвов шаҳри яқинида жойлашган 4-механизациялашган корпус қўмондони эди. Кейин Иосиф Сталиннинг шахсан ўзи генерални олдига чақириб, унга 20-армияни тузишни буюради. Ушбу армияга Власовнинг ўзи қўмондонлик қилади.

Власовнинг жангчилари, айниқса, немисларга қарши Москва яқинидаги жангларда алоҳида ажралиб турган, шу сабабли ҳатто махсус топшириқ билан Қизил армия бош сиёсий бошқармаси томонидан Власов ҳақидаги «Сталин қўмондони» номли китоб ёзилди. 1942 йил 8 мартда генерал-лейтенант Власов Волхов фронти қўмондонининг ўринбосари этиб тайинланди ва орадан бироз вақт ўтиб, ушбу лавозимни сақлаб қолган ҳолда 2-армия бош қўмондони бўлди.

Шундай қилиб урушнинг биринчи йилида Андрей Власов Иосиф Сталиннинг шахсий симпатиясига эришган ва Совет Иттифоқининг энг қобилиятли ҳарбий раҳбарларидан бири деб ҳисобланган. Ким билади, агар ўшанда Власов қуршовга олиниб асирга тушмаганида, эҳтимол, у маршалл унвонига кўтарилиб, хоин эмас, балки қаҳрамонга айланган бўлар эди.

Душман тарафига ўтиб кетиш

Аммо 1942 йил 12 июль куни Власов немислар томонидан қўлга олиниб асирга тушди, охир-оқибат Гитлер Германияси билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Фашистлар учун энг қобилиятли Совет ҳарбий раҳбарларидан бирини «Сталин қўмондони» бўлган генерал-лейтенантни ўз томонига оғдириб олиш жуда катта ютуқ эди. 1942 йил 27 декабрда Власов фашистлар ҳарбий раҳбариятига собиқ Совет ҳарбий асирлари ичидан Гитлер Германияси томон ўтишга рози бўлган ва шунингдек, совет режимидан норози бўлган бошқа инсонлар орасидан «Россия озодлик армияси»ни ташкил этишни таклиф қилди.

Фото: Google Photos

РОАнинг сиёсий раҳбарияти учун «Россия халқларини озод қилиш қўмитаси» тузилди. РХОҚҚ сафига нафақат фашистлар Германияси томонига ўтган Қизил армиянинг юқори мартабали ҳарбийлари, балки фуқаролар уруши пайтида Оқ армия сафида танилган кўплаб ҳарбийлар, жумладан, генерал майор Андрей Шкуро, атаман Пётр Краснов, генерал Антон Туркул ва бошқалар ҳам қўшилган.

Власов штабининг бошлиғи сифатида собиқ совет генерали, генерал майор Фёдор Трухин тайинланган бўлиб, у қўлга олинишидан олдин шимоли-ғарбий фронт штаб бошлиғининг ўринбосари эди ва қўлга олинганидан кейин Германия ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. 1945 йил 22 апрелга қадар Россия халқларини озод қилиш қўмитасининг Қуролли кучлари таркибида турли хил бўлинмалар пайдо бўлди, жумладан, пиёда қўшинлари, казаклар корпуси ва ҳаттоки ҳарбий ҳаво кучлари ҳам бор эди.

Қўл остидагиларни ташлаб қочмаган генерал

Фашистлар Германиясининг Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубияти собиқ Совет лейтенанти Андрей Власов ва унинг тарафдорларини жуда қийин аҳволга солиб қўйди. Айниқса, Власов хоин сифатида Совет ҳукумати томонидан кечирилишига ишонмасди ва у буни жуда яхши тушунарди. Шунга қарамай, у негадир бир неча бор таклиф қилинган қочиш вариантларидан воз кечди. Власовга биринчи бўлиб бошпана бермоқчи бўлганлардан бири Испания диктатори Франциско Франко эди. Франко ўз таклифини 1945 йилнинг апрель ойи охирида Германиянинг мағлуб бўлишига саноқли кунлар қолганида тақдим қилди.

Испан диктатори Власов учун уни Пиреней яриморолига олиб борадиган махсус самолёт жўнатмоқчи эди. Гарчи Испания Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этмаган бўлса ҳам Франко Власовга нисбатан ижобий муносабатда эди, чунки уни антикоммунистик курашда шерик сифатида кўрарди. Эҳтимол, агар Власов Франконинг таклифини қабул қилганида у Испанияда бахтли яшаган бўларди. Чунки Франко Власовга қараганда анча қонли бўлган кўплаб фашист жиноятчиларини ҳам ўз юртида муваффақиятли яширган. Аммо РОА қўмондони Испанияга кетишдан бош тортди, чунки у ўз қўл остидагиларни тақдир қўлига қолдиришни истамади.

Кейинги таклиф қарама-қарши томондан келди. Германия устидан қозонилган ғалабадан сўнг, Андрей Власов Америка қўшинларининг ишғол зонасида эди. 1945 йил 12 майда Власов жойлашган зона коменданти лавозимини эгаллаб турган капитан Донахью собиқ РОА командирини Америка зонасининг анча ичкари қисмига киритиб юборишни таклиф қилди. У Власовга Америка ҳудудидан бошпана беришга тайёр эди, аммо Власов бу таклифни ҳам рад этди. Чунки у нафақат ўзи учун, балки ўзининг барча аскарлари ва офицерлари учун ҳам паноҳ сўрашни истаганди.

Фото: Google Photos

Москва. Лубянка

Шу куни 1945 йил 12 майда Власов Америка истило зонасига кириб борди. У Плзен шаҳридаги АҚШ нинг 3-армия штаб-квартирасида Америка қўмондони билан учрашувга эришмоқчи эди. Бироқ йўлда Власовнинг машинаси 1-Украина фронтининг 13-армиясининг 25-танк корпуси хизматчилари томонидан тўхтатилди. РОА собиқ қўмондони ҳибсга олинди. Маълум бўлишича, РОАнинг собиқ капитани П.Кучинский совет зобитларига қўмондоннинг қаердалиги ҳақида маълумот берган. Андрей Власов 1-Украина фронти қўмондони маршал Иван Koнeвнинг қароргоҳига олиб борилди. Власов Koнeвнинг штаб-квартирасидан тезда Москвага олиб кетилди.

Власовнинг Россия халқларини озод қилиш қўмитаси ва Россия озодлик армияси қўмондонлигидаги энг яқин шериклари тақдирига келадиган бўлсак, генераллар Жиленков, Малишкин, Буняченко ва Малцевлар Америка ишғол зонасига етиб борган. Бироқ бу уларга ёрдам бермади. Америкаликлар Власовнинг генералларини бир зумда совет контрразведкасига топширди, шундан кейин уларнинг ҳаммаси Москвага жўнатилди. Власов ва унинг генераллари ҳибсга олингандан сўнг, РХОҚҚни РОАнинг генерал майори, собиқ совет зобити Михаил Меандров бошқарган. Аммо Меандров ҳам озодликда узоқ вақт юрмади.

У америкаликлар томонидан асирлар учун ташкил этилган ерга жойлаштирилган ва у ерда узоқ вақт қолиб кетган. 1946 йил 14 февралда уруш тугаганидан деярли бир йил ўтгач, у ҳам Америка қўмондонлиги томонидан советларга топширилган. Уни Совет Иттифоқига топширмоқчи эканликларини билиб, ўз жонига қасд қилишга уринган, аммо юқори мартабали маҳбуснинг қўриқчилари бу уринишни тўхтатишга муваффақ бўлган. Меандров Москвага — Лубянкага олиб келинди ва у ерда Андрей Власов ишида айбланувчиларнинг қолган қисмига қўшилди.

СMEРШдаги тергов

Шу вақт ичида СССРдаги оммавий ахборот воситаларида «биринчи рақамли хоин»нинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар берилмаган. Власов ишининг тергови катта давлат аҳамиятига эга эди. Совет ҳокимиятининг қўлида шунчаки генерал эмас, асирга тушгач нацистлар томонига ўтиб, антисовет курашини олиб борган ва уни мафкуравий мазмун билан тўлдиришга ҳаракат қилган инсон бор эди.

Москвага келганидан сўнг уни Контрразведка бош бошқармаси СMEРШнинг бошлиғи генерал-полковник Виктор Абакумов шахсан сўроқ қилган. Абакумов томонидан биринчи сўроқдан сўнг Андрей Власов Лубянкадаги ички қамоқхонага 31-сонли махфий маҳбус сифатида жойлаштирилган. Генералнинг асосий тергови 1945 йил 16 майда бошланди. Власовни «конвеерга қўйишган», яъни доимий равишда узлуксиз сўроқ қилишган. Фақат терговчилар ва Власовни қўриқлаётган соқчилар алмашиб турарди холос. Ўн кунлик узлуксиз сўроқлардан кейин Андрей Власов ўз айбини тўлиқ тан олди. Аммо унинг иши бўйича тергов яна саккиз ой давом этди.

Фото: Google Photos

Тергов 1945 йил декабрь ойига келибгина тугади ва 1946 йил 4 январда генерал-полковник Абакумов Иосиф Сталинга Россия халқларини озод қилиш қўмитасининг раҳбарлари, Андрей Власов ва унинг шериклари СMEРШнинг бош бошқармасида ушлаб турилгани тўғрисида хабар берди. Абакумов ватанга хиёнат учун ҳибсга олинганларнинг барчасини осиб ўлдириш кераклигини таклиф қилди.

Суд

Абакумов Андрей Власов иши бўйича тергов якунлангани тўғрисида Сталинга хабар берганидан кейин орадан яна етти ой вақт ўтди. 1946 йил 23 июлда Бутуниттифоқ Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг Сиёсий бюроси Власов, Жиленков, Малишкин, Трухин ва бошқа бир қатор айбдорларнинг иши СССР Олий судининг Ҳарбий ҳайъати томонидан ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши бўйича қарор қабул қилди.

«Власовчилар» иши бўйича суд 1946 йил 30 июлда бошланди. Суд мажлиси икки кун давом этди. СССР Олий судининг Ҳарбий ҳайъат аъзолари Власов ва унинг шерикларига ҳукм чиқаришдан олдин масалани етти соат давомида муҳокама қилишди.

Ҳукм

1946 йил 1 августда Андрей Власов ва шериклари осиб ўлдириш орқали ижро этилувчи ўлим жазосига ҳукм қилинди. 3 август куни осиб ўлдирилган Власов ва «власовчилар»нинг жасадлари махсус крематорийларда ёқилди ва куллари Москвадаги Донской монастири яқинидаги номаълум хандаққа сочиб юборилди. Шундай қилиб, ўзини Россия халқларини озод қилиш қўмитаси раиси ва Россия озодлик армиясининг бош қўмондони деб атаган генерал Андрей Власовнинг ҳаётига нуқта қўйилди. Ушбу бир гуруҳ юқори мартабали инсонларнинг қатл қилиниши Гитлерга хоинлик қилган немис зобитларининг тақдирига ўхшаш бўлди. Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя.

Нурбек Алимов тайёрлади.