00:18, 05.08.2020 // 139881

Ўзбекистонда 4 август куни 746 кишида коронавирус аниқланди. Етти киши вафот этгани маълум бўлди

Ўзбекистонда 3 август соат 23:30 дан 4 август соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 746 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет тўртинчи кун кунлик касалланиш ҳолати 700 дан юқори бўлмоқда. 1 августда 774 кишининг касалланиши ҳозирча антирекорд ҳисобланади. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 27047 нафарга етди. Ўзбекистондаги барча касалланиш ҳолатларининг 2,75 фоизи 4 августга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 165, «Дарё» ҳисоби бўйича 174 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 23 нафари хориждан келиб карантинга олинганлар орасида (бари Ўртасарой карантин зонасида);
  • 723 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида (Тошкент шаҳрида — 489 нафар, Тошкент вилоятида — 157 нафар, Самарқанд вилоятида — 31 нафар, Хоразм вилоятида — 14 нафар, Навоий вилоятида — 14 нафар, Қашқадарё вилоятида — 11 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 5 нафар, Андижон вилоятида — 2 нафар) аниқланган.

Кун давомида 8 та ҳудудда коронавирус юқтириб олиш ҳолати қайд этилди. 27 июлдан сўнг бир кунда 9 тадан 12 тагача ҳудудда коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари кузатилаётганди.

Тошкент шаҳрида 489 кишида коронавирус аниқланди. Бу Тошкент шаҳрида бир кунда касаллик аниқланиши бўйича антирекорд ҳисобланади. Бунгача 1 август куни 484 кишида коронавирус қайд этилиши энг юқори натижа бўлиб турганди. Ўртасарой карантин зонасида ҳолатлар билан бирга Тошкент шаҳрида коронавирусга чалиниш ҳолатлари 16 мингдан ошди.

Тошкент вилоятида 157 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 26 июлдан бери ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). Август ойининг 4 куни ичида Тошкент вилоятида 725 кишида коронавирус аниқланди. Солиштириш учун, ССВ жадвалидаги 14 та ҳудуддан ярмида эпидемия мавсуми бошидан бери касалланиш ҳолатлари 700 тага ҳам етмаган. Ҳозирда вилоятда 3451 кишида коронавирус қайд этилган, бу аҳолиси деярли 70 миллионга тенг Таиланддаги барча касалланиш ҳолатларидан (3321) ҳам кўп.

Самарқанд вилоятида 31 кишида коронавирус қайд этилди. 3 кун ичида вилоятда 187 кишида коронавирус аниқланди. Ҳозирда Самарқандда умумий касалланганлар сони 1125 нафарга етди. Самарқанд Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан сўнг коронавирусга чалинганлар сони 1100 нафардан ошган, касалликдан тузалганлар сони 1000 нафардан ошган 3-ҳудуд бўлди.

Хоразм вилоятида 14 кишида коронавирус аниқланди. 1,5 ой ичида биринчи марта Хоразмда кетма-кет иккинчи кун янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Бир кун олдин 11 кишида коронавирус аниқланганди.

Навоий вилоятида ҳам 14 кишида коронавирус қайд этилди. Охирги 11 кун ичида Навоийда фақат 3 август куни касаллик аниқланмади. Навоийда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Қобул Турсунов ҳам бор. У 8 кундан бери Тошкентда даволанмоқда.

Қашқадарё вилоятида 11 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда 28 июлдан бери ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. 3 августдан бошлаб Қашқадарёда карантин чекловлари енгиллаштирилишни бошлаган.

Қорақалпоғистон Республикасида 5 кишида коронавирус қайд этилди. Республикада 28 июлдан бери ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Андижон вилоятида 2 кишида коронавирус аниқланди.Вилоятда сўнгги 19 кун ичида фақат 25 июль куни янги ҳолатлар аниқланмади. Ушбу кунлар ичида энг кам касалланиш ҳолати 9 тадан камаймаганди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

4 август куни ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар қилди. Шунингдек, Бухоро халқаро аэропорти директори Тоҳир Баҳронов ҳам коронавирусга чалингач вафот этгани маълум бўлди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 80 ёшли О.А. исмли эркак 28 июль куни Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшаган 41 ёшли Ф.Т. исмли эркакда COVID-19 инфекцияси тасдиқлангач, Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, ўпка шиши, ўпка артерияси тромбоэмболияси каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўпка шишидан вафот этган.

Учинчи ўлим. Бухоро халқаро аэропорти директори, собиқ сенатор Тоҳир Баҳронов 3 август куни 61 ёшида вафот этди.

Telegram’даги каналларда Баҳроновнинг коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. «Gazeta.uz»нинг Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб хабар беришича, Баҳроновга ҳақиқатан ҳам коронавирус инфекцияси ташхиси қўйилган. Ушбу ўлим ҳолати юзасидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ахборот берилмаган.

Тоҳир Баҳронов 1959 йил 21 апрелда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. У 1986 йилда Бухоро давлат педагогика институтини, 1996 йилда Санкт-Петербург фуқаро авиацияси академиясини (сиртдан) тугатган. Меҳнат фаолиятини 1976 йилда Бухоро сув хўжалиги бошқармаси киномеханиги ёрдамчиси сифатида бошлаб, Бухоро «ХАТП-11» автокорхонаси ҳайдовчиси (1977—1978), Бухоро авиаотрядининг ташиш бўлими диспетчери (1980—1982), Бухоро шаҳар авиаагентлиги бошлиғи (1982—1985), Бухоро аэропорти йўловчилар ташишни ташкил қилиш хизмати бошлиғи, директор ўринбосари (1985—1997) лавозимларида ишлаган.

У 1997 йилдан буён «Бухоро халқаро аэропорти» ДУК директори лавозимида ишлаб келаётганди. Шунингдек, Олий Мажлис депутати (1999—2004), Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгаши депутати (2014—2019), Олий Мажлис Сенати аъзоси (2014—2019) бўлган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 64 ёшли А.А. исмли эркакда COVID-19 инфекцияси тасдиқлангач, аҳволи оғир бўлганлиги сабабли жорий йил 27 июль куни Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Бешинчи ўлим. Сергели туманида яшаган 30 ёшли Б.А. исмли эркакда 26 июль куни COVID-19 инфекцияси аломатлари кучайган ва нафас етишмовчилиги оғирлаша бошлагач, у ҳам Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлар билан кечган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдромидан вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшаган 56 ёшли Л.Р. исмли аёл вафот этган.

Еттинчи ўлим. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 42 ёшли Ш.Х. исмли эркак вафот этган.

Бир кун аввал ССВ вилоятларда коронавирус асоратларидан вафот этаётганларда қайси куни касаллик аниқлангани ҳақида ахборот бермаётганини қайд этгандик. 4 августда вафоти эълон қилинган охирги икки бемор ҳақида ССВ янада камроқ маълумот тақдим этди. Улар касалликни қачон юқтириб олгани, қаерда даволангани ва қаерда вафот этгани ҳақида ССВ маълумот бермади. Фақат марҳумнинг исм-шарифи, ёши, жинси яшаган жойи ҳақидагина ахборот берилди. Анча олдин вазирлик марҳумлар қайси куни вафот этгани ҳақидаги маълумотларни беришни тўхтатганди.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 165 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 174 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, 3 август куни Бухоро халқаро аэропорти директори Тоҳир Баҳронов 61 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 8 831 нафар бемордан 619 нафари оғир, 155 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал оғир ва ўта оғир аҳволдаги беморларнинг умумий сони 779 нафардан 1151 нафарга (деярли 50 фоиз) кўпайганди. Энди эса 1151 нафардан 774 нафарга тушди. 4 августда эса ССВ фақат 6 кишининг вафоти ҳақида хабар берди.

Касалликдан даволаниш

4 август куни 789 нафар бемор коронавирусдан тузалди. Уларнинг

  • 340 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 181 нафари Тошкент вилоятида;
  • 88 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 87 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 34 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 20 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 19 нафари Наманган вилоятида;
  • 12 нафари Хоразм вилоятида;
  • 6 нафари Андижон вилоятида;
  • 2 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган. Куни кеча ССВ коронавирусга чалинган беморларни уй шароитида даволаш бўйича асосий тавсия ва қоидалар ҳам тақдим этганди.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни уй шароитда даволаш бўйича асосий тавсия ва маслаҳатлар

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг сўзларига кўра, энди вилоятда коронавирусга чалинган беморлар эндиликда уй шароитида эмас, стационар шароитда даволанади. «Ўрганишлар шуни кўрсатяптики, уйда даволанишдан кўра стационар шароитда даволаниш анча ишончли ва самарали. Қолаверса, вилоятда яратилган захира ўринларидан ташқари шифохоналарда коронавирусни даволаш учун ажратилган ўринлар сони ҳам, дори-дармон захираси ҳам етарли», — деди Зоир Мирзаев.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 27 047 нафар бемордан 18 051 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда. Охирги марта 1 ой олдин — 4 июль куни даволаниш кўрсаткичи 66 фоиз бўлган. Шундан сўнг бу кўрсаткич фақат тушиб, 23 июлда 53 фоизгача тушиб кетганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 6722 нафар. Жиззахда 13, Фарғонада 22, Навоийда 51, Хоразмда 50, Қорақалпоғистонда 60, Андижонда 86, Сирдарёда 97, Самарқандда 107, Қашқадарёда 109, Сурхондарёда 111, Наманганда 126, Бухорода 143 ва Тошкент вилоятида 1134 нафар бемор қолди.

Президент селектори

Шавкат Мирзиёев 4 август куни видеоселектор йиғилиши ўтказди. Ушбу йиғилишда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга бир ҳафта муддатда етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда вакцинани харид қилиш ва Ўзбекистон аҳолиси вакцинациясини амалга ошириш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш топшириғи берилди.

Шунингдек, касалликнинг олдини олиш, коронавирусга шубҳа бўлган фуқароларни шифохоналарга етказиш, карантин талабларини тушунтириш ва бу жараёнда жамоатчилик назоратини амалга оширишда жойларда маҳалла идораларининг иштирокини кескин кучайтириш кераклиги уқтирилди.

Республика бўйича 9 минг 150 та маҳаллада қарийб 40 минг одам бюджетдан ойлик олиб ишлайди. Уларнинг ойликларини ҳам жорий йилда қарийб 1,5 баробарга ошириб бердик. Шундай оғир шароитда нима учун улар четда туришлари керак? Ўз аҳолисининг аҳволидан яхши хабардор бўлган, қайси хонадонда қандай бемор борлигини, кимнинг яшаш шароити қандайлигини, ким ёрдамга, ким врачга муҳтожлигини улардан яхши биладиган бошқа одамнинг ўзи йўқ пастки тизимда.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Бунинг учун ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ҳар бир маҳаллада маҳалла раислари, профилактика инспектори ва бошқа ходимлар, маҳалла фаоллари ва нуронийлар, маҳаллаларга бириктирилган тиббиёт муассасалари ходимларини бирлаштириб, ўз ҳудудидаги аҳоли, айниқса, кексалар ҳолидан ҳар куни хабар олиш, коронавирусга шубҳа бўлган ва касалликка чалинганларни тез тиббий ёрдам хизмати ва шифокорлар билан боғлашни ташкил этишга бош-қош бўлишлари шартлиги тайинланди.

Энг кўп ўқилган

Қидирув