Ўзбекистон Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Отабек Назиров иқтисодиётни кейинги пасайишлардан асраш қолиш учун олтин валюта захирасини сотиш вақти келганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзиб қолдирган.

Фото: Халқаро пресс клуб

«Олтин нархи энг баланд даражада, иқтисодий фаоллик эса тушган, иқтисодиётни кейинги пасайиш ва ишсизлик ортишидан зудлик билан қутқариш учун айнан ҳозир олтин валюта захирасини сотиш ва маблағлардан фойдаланиш керак деб ўйлайман», — деб ёзади Назиров.

Олтин нархи йил бошидан бери ўсишда давом этмоқда. У ўзининг тарихий рекордини ўрнатган ҳолда октябрь ойи фьючерслари бўйича илк марта 1 унсия учун 2000 доллар кўрсаткичидан ошди. Қимматбаҳо металнинг нархи сўнгги уч йилда долларнинг энг кучли ойлик пасайиши фонида рекорд даражадаги ўсишни намойиш этмоқда. Таҳлилчилар қимматбаҳо металл ўсишда давом этишини тахмин қиляпти.

2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 32,3 миллиард долларни ташкил этган. Захиранинг катта қисми – 19,4 миллиард доллари монетар олтин ва 12,4 миллиард доллари эса  хорижий валютада сақланади. Шу йилнинг февраль ойида мазкур кўрсаткич 29,4 миллиард долларни ташкил қилган.