Тошкент шаҳар Чилонзор туманида ишсизларга тўланиши лозим бўлган жами миқдордаги 36,2 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Фото: «Дарё»

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «К.Х.» маҳалласи раиси Н.Р. туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспектори А.Р. билан тил бириктиргани аниқланган.

Маълум бўлишича, улар марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатига киритилмаган 26 фуқаро жамоат ишларига жалб этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, жами 36,2 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Ҳолат юзасидан маҳалла раиси Н.Р. ва марказ инспектори А.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «в», «г» бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.