Август ойининг навбатдаги ҳафтаси ҳам жаҳон сиёсий майдонида қизғин баҳсларга бой ўтмоқда. Жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг навбатдаги таҳлилларини ҳавола этамиз.

Коронавирусга қарши эмлашни ҳозирдан бошлаш керакми?

Сир эмаски, бугун бутун дунё аҳолиси 1918 йилдан бери кузатилмаган улкан ҳажмдаги вирус юқиш хавфи остида яшамоқда. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, 18 306 842 нафар шахсда коронавирус инфекцияси аниқланган, коронавирусдан вафот этганлар сони 694 406 нафарни ташкил қилмоқда. Шундай бир вазиятда кўп мамлакатларда коронавирусга қарши эмлаш жараёни кўнгилли аҳоли орасида олиб борилмоқда ва вакцина яратиш сўнгги – учинчи босқиш даражасига кирган пайтда аҳолини эмлаш ишларини бошлаш учун вақт келмадимикан, деб ёзади The Forbes нашри.

Фото: Google Photos

Коронавирусга қарши вакцина тайёрлаш жараёни ҳозирда анча тезлашди. Бу эса барча учун яхши янгилик. АҚШ ва Европада клиник тадқиқотлардан муваффақиятли ўтган иккита вакцина натижалари ҳам деярли тайёр. Клиник тадқиқотлар давомида минглаб инсонлар коронавирусга қарши эмланганда қандай натижа беришини кутиш қолди. Агарда вакцина натижа берадиган бўлса, тиббиёт ходимлари вакциналарни дунё миқёсида ишлаб чиқаришга старт беради.

Moderna ва Astra Zeneka farm компаниялари ишлаб чиққан вакциналар аллақачон клиник тадқиқотлар коронавирус инфекциясига чалинган инсонларда ижобий натижа бераётгани ўз тасдиғини топмоқда. Шу сабабдан мазкур компаниялар ўз вакциналарини 30 минг одамда синаб кўрмоқда ва ижобий натижага эришмоқда. The New York Times нашрининг маълумотига кўра, дунё миқёсида яна уч вакцина клиник тадқиқотлардан муваффақиятли ўта бошлаган. Улардан бири немис-америка ҳамкорлигида «Байонтек» (BioNTech) дори ишлаб чиқариш компаниясида, қолган иккитаси эса Хитойнинг «Синофарм» (Sinophram) ва «Синова Байотек» (Sinova BioTeck) компанияларида ишлаб чиқилмоқда.

Шундай экан, мазкур эм дориларни нега аҳоли орасида қўллаб бўлиш ва бўлмаслигининг ижобий ва салбий оқибатлари ҳақида фикр юритамиз, деб ёзади The Forbes нашри. Коронавирусга қарши клиник тадқиқотлар учинчи босқичга ўтди дегани олимлар муваффақиятга эришди дегани ҳам эмас. Ҳали вакциналарнинг турли ёш ва касалликларга эга бўлган беморларда ножўя таъсирлари қандай кечади – ўрганилиши вақт талаб қилади. Ножўя таъсирлар аниқланганда вакцина устидаги клиник тадқиқотлар тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Ҳиндистон вакциналар институти директори миллиардер Адар Пунавала ҳозирда Оксфорд университети олимлари билан ҳамкорликда катта таваккалга қўл уриб, юз миллион дона вакцина ишлаб чиқаришга тайёрланмоқда. Миллиардер назарида вакцинанинг самарали бўлишига ишончи катта. Бироқ АҚШ ва Европадаги фарм компаниялар Адар Пунавала тутган йўлдан бормоқчи эмас. Чунки бунинг бир нечта сабаблари бор.

Фото: Google Photos

Аввало, юз миллионлаб вакцина ишлаб чиқариш билан боғлиқ пул масаласи. Агарда ишлаб чиқарилган вакцина самарасиз деб топиладиган бўлса, у ҳолда катта миқдордаги пул ҳавога учди дегани. Шунга қарамасдан айрим давлатлар фарм компанияларга катта миқдорда маблағ ажратмоқда. Мисол учун, АҚШ ҳукумати «Новавакс» компаниясига 1,6 миллиард доллар ажратди. Мақсад вакцинанинг сўнгги клиник тадқиқотларини амалга ошириш ва вакцина тайёр бўлганда биринчи бўлиб сотиб олишга имкониятига эга бўлиш. Ҳозирда АҚШ ҳукумати вакцина ишлаб чиқарилишига уч триллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлаб қўйди.

Иккинчидан, эҳтиёткорлик. Одатда, вакцинани синаб кўриш ва уни қўллашга рухсат олиш уч босқичдан иборат. Синовларнинг биринчи ва иккинчи босқичида фарм компаниялар вакцинанинг хавфсизлигини ва қандай миқдорда берилган вакцина энг яхши таъсир қилишини ўрганади. Кўп ҳолатларда бу босқичларда вакцина яхши таъсир натижаарига эга бўлади, сабаби вакцинани синаб кўрадиганлар озчиликни ташкил қилади. Учинчи босқичда эса кўпроқ одамларда вакцина синаб кўрилиши жараёни бошланади. Кейин эса яна узоқ ойларга чўзиладиган кутиш жараёни бошланади. Тиббиёт ходимлари вакцина касалланган минглаб одамларга қандай ёрдам бермоқда, текширилиши ҳам керак.

Ҳозирда инсоният 1918 йилдан бери кузатилмаган глобал пандемия шароитида яшамоқда. Ҳар дақиқада минглаб одамлар коронавирусдан вафот этмоқда. Шу сабабли вакцинани ишлаб чиқариш жараёнига старт берилиши ва вакциналар бепул тарқатилиши лозим, деб ёзади The Forbes нашри.

Аёллар триумвирати диктаторга бас кела оладими?

Яна икки кундан сўнг, 9 август санасида Беларусда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Александр Лукашенко эса қандай қилиб бўлмасин президентлик курсисини сақлаб қолишга уринмоқда, деб ёзади The Project Syndicate нашри.

Чўкаётган одам жонини сақлаб қолиш учун чўпга ҳам ёпишади. Беларусь махсус хизматлари ҳозирда сайловларга ҳеч қанча вақт қолганига қарамасдан «қама-қама» жараёнларини бошлаб юборди. Шу кунларда «Белгазпром» тергов иши юзасидан Иьля Шапоткоскийни қамоққа олди. Мамлакатда юзага келган бугунги сиёсий вазият эса ҳали кўпчилик панжарага ортига ташланиши мумкинлиги ҳақидаги тасаввурларни уйғотади….. Башарти Лукашенко президентлик курсисида қоладиган бўлса…

Фото: Google Photos

Александр Лукашенко 1994 йилдан бери Беларусни бошқариб келаётган якка ҳоким. Кўп чиқишларида аёллар ҳақида ажойиб иқтибослар қилиши билан ҳам танилган. Бугун эса гўзал жинс вакилларидан иборат учлик Лукашенкога қарши кураш олиб бормоқда. Кўп эҳтимол билан айтиш керакки, Лукашенко гўзал аёллар нимага қодир эканликларини ҳисобга олмаган кўринади.

1994 йилдан бери беларуслар беш марта президентлик сайловларида иштирок этди. 9 август санасидагиси эса олтинчиси. Ҳар сафар беларуслар мамлакатда ўзгариш бўлар, ҳаётимиз яхшиланар деган умид билан Лукашенкога овоз беради. Бироқ ҳар сафар беларусларнинг умидлари сароб бўлади, яна эски тос, эски ҳаммом.

Влогер Сергей Тихановский бу сафарги сайлов олдидан мухолифат учун кутилмаган ташаббус бошлади. У Беларуснинг энг қашшоқ туманларидаги аҳоли билан учрашди ва «Суваракни тўхтатинг» акциясини бошлаб юборди. Ўз ҳаракатининг рамзий белгиси сифатида шиппакни танлади. Шиппаклар ёрдамида суваракни ўлдириш эса муаммо эмас. Мамлакатда сиёсий намойишлар ўтказилиши тақиқланишига  қарамасдан минглаб одамлар амалдаги президентдан норозилигини ифодалаш учун кўчаларга чиқди.

Лукашенко эса мазахларга тоқати йўқ. Бир кишининг овози ўчирилса, халқ тинчланиб қолади деди-ю, Сергей Тахановскийни қамоққа олишни буюрди. Айнан шунда влогернинг турмуш ўртоғи, оддий уй бекаси ва инглиз тили фани ўқитувчиси  Светлана Тихановская сиёсат майдонига чиқиб келди. У Лукашенкога мухолиф сифатида президентлик сайловларида қатнашиш учун керак бўлган 100 минг овозни тўплай олди ва 14 июль санасида президентликка расмий номзод сифатида рўйхатдан ўтди.

Светлана Тихановская.

Фото: Google Photos

Лукашенко Тихановхкаяга номзод бўлишга рухсат бериб унча катта таваккалга қўл урмаётганига ишонганди. Лукашенко таъбири билан айтганда, «Конституция юклаётган мажбуриятлар ҳаттоки эркак кишига ҳам оғирлик қилади. Агар бу юкни аёл киши зиммасига оладиган бўлса, уни, бечорани босиб қолади», дея фикр билдирганди.

Лукашенкога сиёсий рақиб сифатида чиққан беларусь истеблишменти вакиллари собиқ банкер Виктор Бабарико ва собиқ элчи Валерий Сепкало ҳам сайловларда пичоққа илинадиган номзод бўла олмади. Беларуслар Бабарико номзоди кўрсатилиши учун соатлаб навбатда турган бўлса-да, Бабариконинг молиявий махинациялар туфайли қамоққа олиниши, кейинроқ эса Сепкалонинг овоз йиғиш жараёнида сохталикларга йўл қўйгани маълум бўлди-ю, Лукашенкога рақибликдан чиқиб кетди. Улар учун президентлик ўйинлари ниҳоясига етди. Лукашенко сайловларда ғалабасини таъминлагандек бўлди.

Кутилмаганда 16 июль санасида ўтказилган матбуот анжуманида Бабарико ва Цепкало сайлов штаби ўз овозларини Тихановская сайлов штабига беришини маълум қилди. Уч штаб қўшилиши эса аёллар триумвиратини ҳосил қилди. Сўнгги даврларда Беларусда бундай катта воқеа кузатилмагани мамлакат учун аҳамиятли воқеа сифатида кўрила бошланди. Улар сайлов учун «Севганимиз учун ҳам ғалаба қозонамиз» шиорини танлаб олишди. Юз минглаб беларуслар улар ортидан эргашмоқда.

Светлана Тиханановская, Мария Колесникова ва Вероника Цепкало «учлик» ҳозирда ҳукуматнинг босимларига учрамоқда. Уларнинг турмуш ўртоқлари қамоқда, фарзандлари ҳар дақиқада олиб қўйилиши ва давлат қарамоғига олиниши мумкин. Айнан шу босимлар юкини камайтириш учун Светлана Тихановская ўз фарзандларини хорижга олиб чиқиб яшириб қўйишга ҳам мажбур бўлди.

Триумвират Лукашенкони даҳшатга солиб, сайловолди кампаниясида қонуний ва мутлақо креатив сиёсий тадбирларни амалга оширмоқда. Аёллар ҳаттоки сайловлар бузилишини қайд этадиган хакатон рақамли ускуналаридан ҳам фойдаланишни ўйлаб топди. Рақамли технологиялар муваффақиятни белгилаб берадиган омил бўлди. Аёллар сайловчилардан овоз бериш жараёнида қўлларига оқ рангли электрон билак узук тақиб олишларини сўрамоқда. Бу эса овозларнинг тўғри ҳисобланишида жуда муҳим.

Фото: Google Photos

Светлана Тихановская бугун мамлакатнинг бош қаҳрамонига айланган. Беларусдаги сиёсий носоғлом вазият оддий уй бекаси бўлган аёлни сиёсий мухолифатчи даражасига етишида муҳим вазифани бажарди. Унинг Лукашенко учун жиддий рақиб бўлишини президентнинг ўзи ҳам кутмаган бўлса, эҳтимол.

Марказий Осиёнинг чегара муаммолари Хитойга қандай имкон беради?

Яқинда Хитой матбуотида Хитойнинг Тожикистиннинг Помир ҳудудларига нисбатан даъвоси расмий Душанбеда оғриқли дардни қўзғатди. Афтидан бу билан расмий Пекин Маркзий Осиё давлатларига куч ва тилёғламалик билан таъсир ўтказишга уринаётгандек тасаввурларни юзага келтиради деб ёзади, «The Euroasia.net» сайти.

16 июль санасида Марказий Осиё раҳбарлари онлайн тарзда мулоқот ўтказди ва бу мулоқот чоғида Маркзий Осиё ташқи ишлар вазирлари хитойлик ҳамкасбини ҳам мулоқот жараёнида иштирок этишларига имкон берди. Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ўз нутқи двомида Марказий Осиё Хитой учун муҳим ҳамкор эканини таъкидлар экан, Марказий Осиё давлати раҳбарларига Хитойни Гонконг ва Шинжондаги сиёсий масалалардаги позисиясини олқишлашга ҳам вақт топди.

Хитой ташқи ишлар вазири АҚШ ва Хитой ўртасида 2018 йилда бошланган савдо урушлари ҳақида гапирар экан, бугунги дунё кескин туб бурилишларни бошидан кечираётгани ҳақида ҳам нутқ ирод қилди ва минтақага пандемия шароитида савдо ва хавфсизлик борасида ўз ёрдамини ҳам таклиф қилди. Хавфсизлик масаласи эса Марказий Осиёнинг тўлиқ ёки қисман нолиберал бўлган давлат раҳбарларини сергак торттирди. Бу онлайн мулоқотнинг Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги чегаравий низолардан кўп вақт ўтмасдан ташкил қилиниши ҳам диққатга молик. Мазкур низодан кейин Хитой тарафи Бутаннинг айрим ҳудудларига даъвогарлик қила бошлади. Ва шу орада Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан Хитой ўртасидаги чегаралар ҳақида ўз қўшнилари билан дўстона ҳамкорликда эканини ҳам қистириб ўтди.

Бироқ онлайн мулоқотдан ҳеч қанча вақт ўтмай, Хитой матбуотида Тожикистоннинг Помир ҳудуди тарихан Хитойга тегишли экани ҳақида мақола чоп этилди. Гарчи мақола хитойлик миллатчи тарафидан ёзилган расмий Пекиннинг позициясини белгилаб берадиган омил бўлмаса-да, расмий Душанбе бу мақоладан анча ташвишга тушди.

Фото: Google Photos

Бироқ СССР парчаланган, Марказий Осиё мустақилликка эришган даврдан бошлаб минтақа давлатлари Хитой тарафидан бўладиган хавфларни ҳис қилиб келади. 2011 йилда расмий Душанбе ҳаттоки Хитой олдидаги қарзларини тўлай олмагани ҳисобига Помирдаги минг квадрат километр ҳудудини Хитойга бергани ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд. Орадан беш йил ўтиб Тожикистон ҳукумати Хитойга Помирда ҳарбий база очишга рухсат беради. Тожикистон ташқи қарзларининг ярмидан кўпи эса Хитойга тегишли.

22 июль санасида Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Нозир Хусрав Хитой элчиси Лю Бин билан боғланиб, Хитой матбуотида эълон қилинган мақола цензурага олиниши ҳақида сўради. Мақола эса олиб ташланди. Вазирлар ушрашуви чоғида эл боши Назарбоев Хитойга «Қозоғистонда номаълум вирус тарқалгани борасида» маълумотлар юзасидан эътироз билдирди. Бироқ Хитой расмийси аслида ҳам коронавирус Марказий Осиёда хавфли тус олгани ҳақиқат экани, бу маълумотларни яширмасдан эълон қилиш кераклигини маълум қилиб, эл бошини ҳовуридан туширади.

Бугунда Марказий Осиё шамол тегирмонлари ёрдамида қайта ишланадиган энергия саноатига катта урғу бермоқда. Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида қуввати 100 МВт бўлган хитойликлар сармоясига қурилган шамол электро станцияси қуриб битказилди. Хитой бош сармоячи бўлган Осиё банки мутахассислари фикрича, мазкур лойиҳа Қозоғистонга йилига 110 минг тўнна кўмирни тежаб қолишга имкон беради.

26 июль санасида Шаҳрихондаги ГЭСни таъмирлашга Хитой тарафи 63 миллион доллар миқдорида ёрдам кўрсатган. Аввалроқ эса 14 кунлик карантиндан сўнг хитойлик мутахассислар Навоийдаги ПВХ ишлаб чиқариш заводидаги жараённи кузатиш учун йўл олган. Ўтган йили қуриб битказилган завод Ўзбекистонга 430 миллион долларга тушган.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон газини энг йирик харидори ҳам ҳозирда Хитой саналади. «Sinxua» ахборот нашри тарқатган маълумотларга кўра, Хитой 2020 йилнинг биринчи чорагида Марказий Осиё мамлакатларидан 19 миллиард кубометр газ харид қилган. Рақамлар 2019 йилга солиштирган 17 фоизга камдир.

Фото: Google Photos

Хитой Маркзий Осиёдан газ харид қилишни камайтирган бўлса-да, янги газ конларини аниқлашда ва ишлаб чиқаришда ёрдам бериб келмоқда. Хитой ҳукумати, шунингдек, Ўзбекистондаги автомобилсозлик ва инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда ҳам сезиларли даражада олдинда. Марказий Осиё мамлакатлари орасида инсонпарварлик ёрдамини олишда биринчи ўринда Тожикистон, кейин Ўзбекистон ва Россия етакчилар қаторидан жой олган. Бундай маълумотлар эса барчани диққатини тортирадиган ҳолат. Хитой Марказий Осиёни ўзининг «Бир камар, бир йўл» лойиҳасига фаолроқ жалб қилиш ва керак бўлса, Марказий Осиёга «қамчи ва ширинлик» сиёсатини кўрсатиб қўйишга тайёр.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.