Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳардаги бешта туманнинг ҳокимини жазолади. Бу ҳақда, шаҳар ҳокимининг 8 августдаги 113-ф сонли фармойишига асосланиб, «Xabar.uz» хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Эргашев, Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев, Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов, Юнусобод ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Яшнобод тумани ҳокими Ҳожиакбар Тиллашайховга «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

Фармойишда қайд этилишича, санаб ўтилган туманларнинг раҳбари «пандемия даврида аҳоли томонидан кўплаб эътирозлар билдираётганлиги ҳамда белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйганлиги» учун жазоланган.

Аввалроқ, 8 август куни Сергели тумани ҳокими Бахтиёр Шомуротов ўз аризасига асосан лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди. «Xabar.uz»нинг ёзишича, ҳоким билан бирга Сергели тумани прокурори, ИИБ бошлиғи ва бош солиқчиси ҳам ишдан олинган.