Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат органлари ва ташкилотларида эркин тарқатиладиган, очиқ кодли дастурий таъминотларни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Фото: Znak.com

Давлат органлари ва ташкилотларида 2021 йил 1 январдан эркин тарқатиладиган, очиқ кодли, сертификатланган ва ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган барча турдаги дастурий таъминотлардан фойдаланиш жорий этилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларида эркин тарқатиладиган, очиқ кодли дастурий таъминотларни жорий қилиш чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

Давлат органлари ва ташкилотлари 2021 йил 1 июлдан техник тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар билан ўрнатилган, ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ «Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонаси томонидан сертификациядан ўтказилган очиқ кодли дастурий таъминотлардан мажбурий фойдаланиш белгиланади.

«Киберхавфсизлик маркази» ДУК сертификацияланган очиқ кодли дастурий таъминотлар Ягона реестрини шакллантиради ва доимий равишда юритиб боради.

Давлат органлари ва ташкилотлари:

  • чора-тадбирлар режасида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди;
  • бажарилган ишлар бўйича ҳар чоракда Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига маълумот бериб боради.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар давлат органлари учун уларнинг бюджетдан ташқари фондлари ҳисобидан, бошқа ташкилотлар учун ўзларининг даромадлари ҳисобидан таъминланиши белгиланади.

Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти зиммасига юкланади.