Актёр ва режиссёр Алишер Узоқов «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ кино ижодкорлар Жалолиддин Мангуберди ҳақида Туркияда суратга олинаётган тарихий сериалда суратга тушмоқда.

Ушбу сериалда рол ижро этиши кутилаётган актёр Алишер Узоқов эса айни вақтда Туркиядан Тошкентга қайтди.

Суҳбат давомида Алишер Узоқов Туркиядан қайтиши сабаби, карантин вақтида Туркиядаги кунлари ва турк фильми ҳамда ўзбек киноси ўртасидаги фарқли жиҳатлар ҳақида гапириб берди.

Туркиядан Адиз иккаламиз қайтдик. Аввало оила бошимиз, болаларимиз ҳали ёш, бунинг устига Адиз эндигина фарзандли бўлиб, боласини туғруқхонадан уйига олиб чиқди-ю, дарров Туркияга кетган эди. Биринчи сабаби шу, яъни оғирроқ вазиятда оилани олдида бўлиш.

Иккинчидан, дастлаб менга таклиф қилинган рол 100 фоиз кўнглимга ўтирмади. У ердаги ташкилотчилар билан маслаҳатлашган ҳолатда сериал давомида мен хоҳлагандек роль ёзилишига келишдик. Бу ерда кутаман. Пандемия бўлганлиги сабаб жараён барибир узоқ давом этади. Ҳеч ким билмайди. Шунинг учун, оиладан узоқда юргандан кўра оиламиз бағрида юришни афзал кўрдик.

Туркияда олти ой давомида дастлаб фильмга тайёргарлик кўрдик. Бу бутун дунёда бор жараён, айниқса у тарихий фильм бўладиган бўлса аввало актёр-актрисалар ўзининг ролига пухта тайёрланишади. Биз ҳам тайёргарлигимизни кўрдик. Кейин эса карантин бўлди, биз ҳам ҳамма қатори карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, ҳеч қаерга чиқмасдан хонамизда кутиб ўтирдик.

Алишер Узоқов, актёр ва режиссёр

Алишер Узоқов турк фильми ва ўзбек киносидаги фарқ ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

Аввало бюджет масаласи. Кейин ҳар бир ижодий гуруҳда ҳар бир ишчи ўзининг вазифасини аниқ билади. Бизда бу нарса афсуски йўқ, бу ишни орқага тортадиган нарса. Мисол учун у ерда режиссёр келади, креслосига ўтиради ва ўзининг хаёлидаги иш билан банд бўлади. Бизга ўхшаб «чироқни қандай қўйиш, грим нима бўлади, либосни қандай қилиш керак», деган ўй-хаёл йўқ. Малакали ишчилар кам бизда. Балки бунга бюджетнинг ҳам сабаби бордир, қанчадир миқдорда, аммо 100 фоиз ҳаммасига бюджет сабаб дея олмайман.

Кейинги фарқларидан бири, уларнинг рассомларига, айниқса либослар бўйича рассомларига қойил қолдим. Бу лойиҳа актёр-актрисаларимизга ёки бошқа ишчиларимизга катта мактаб бўлиши мумкин бўлган лойиҳа, катта қадам.

Уларнинг офисига борганимда, энг кўп кўрган нарсам китоб бўлди. Улар доимий изланишда. Китоб олиш учун катта пул керак эмас, унга бюджет ажратилиши шарт эмас. Балки қорни тўқлиги, оиласи ҳамма нарсаси жойида, тўрт-беш хоналик уйи борлиги ҳам қанчадир миқдорда сабаб бўлиши мумкин. Аммо буни ҳам 100 фоиз сабаб дея олмайман.

Лекин уларнинг ҳам биздан ўрганадиган жиҳатлари кўп. Очиғи мен уларнинг актёрлик мактабига, актёрлик маҳоратига мазза қилмадим. Барибир мен кутган даражада эмас. Чунки бизда бутун дунё тан олган Станиславский системаси бўйича ишланади. Уларда қандайдир қуруқроқдек туюлади-да. Бизнинг актёрлар юракдан ижро этишади, шунинг учун ҳам тез-тез касал бўлиб туришади.

Алишер Узоқов, актёр ва режиссёр

Маълумот учун, Жалолиддин Мангуберди ҳақида суратга олинаётган тарихий сериалнинг суратга олиш ишлари бошланган бўлиб, сериалда бош ролни туркиялик таниқли актёр Эмре Кивилжим ижро этмоқда. «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати маълумотига қараганда сериалнинг илк мавсуми 13-қисмдан иборат бўлади.