Ўзбекистонда 10 август соат 23:30 дан 11 август соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 679 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет тўртинчи кун кунлик касалланиш ҳолати 700 га етмаяпти. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 31983 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 206, «Дарё» ҳисоби бўйича 215 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 679 кишининг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 427 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 174 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 21 нафар;
  • Андижон вилоятида — 13 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 12 нафар;
  • Наманган вилоятида — 9 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 8 нафар;
  • Навоий вилоятида — 8 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 7 нафар.

Кун давомида 9 та ҳудудда янги касалланиш ҳолати қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 427 кишида коронавирус аниқланди. Август ойининг ортда қолган 11 куни ичида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (2 август) 325 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилди. 1—11 август оралиғида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 4668 та янги ҳолат аниқланди. Бу Тошкент вилоятидаги барча беморлар сони (4670) билан деярли тенг.

Тошкент вилоятида 174 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда 23 июлдан бошлаб ҳар куни касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда, 26 июлдан бери эса ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). Август ойининг 11 куни ичида Тошкент вилоятида (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 1860 кишида коронавирус аниқланди. Тошкент вилоятида август ойида аниқланган ҳолатлар ҳеч бир вилоятда эпидемия мавсуми бошлангандан бери қайд этилмаган.

Самарқанд вилоятида 21 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда август ойининг ўзида 365 кишида коронавирус қайд этилди, аммо булардан 300 га яқини соғайишга улгурган, айни вақтда Самарқандда 86 кишида коронавирусдан даволанмоқда. Самарқанд Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнг коронавирусга чалинганлар сони (1303 нафар) бўйича 3-ўринда бормоқда. Вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси карантин чекловларини юмшатишга қарор қилди. 12 август кунидан бошлаб вилоятда соат 06:00 дан 23:00 га қадар автотранспорт воситаларида стикерсиз ҳаракатланишига рухсат берилади. Шунингдек, соат 08:00 дан 20:00 гача икки метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаб, бир стол атрофида тўрт кишидан кўп бўлмаган ҳолда умумий овқатланиш объектлари фаолиятига ҳам рухсат берилади.

Комиссия қарорига кўра, нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдо дўконлари ва заргарлик дўконлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари, меҳмонхоналар, очиқ сунъий қопламали спорт ўйингоҳлари, спорт сексиялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублари ҳам ўз фаолиятини бошлайди.

Андижон вилоятида 13 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда сўнгги 17 кун ичида фақат 8 август куни янги ҳолатлар аниқланмади. Ҳозир Андижонда коронавирусга чалинганлар сони 1116 нафарга етган. Бу водийнинг қолган икки вилояти — Наманган (789 та ҳолат) ва Фарғона (302) вилоятларидаги умумий касалланганлар сонидан (1091) ҳам кўп деганидир. Ҳозирда Андижондаги беморларнинг 95 фоизи соғайган. Шу сабабли вилоятда 6 августдан бошлаб ошхоналар, буюм бозорлари, хусусий боғчалар, гўзаллик салонлари ҳамда меҳмонхоналар ўз фаолиятини бошлашига рухсат берилган.

Сирдарё вилоятида 12 кишида коронавирус аниқланди. 17 июлдан бошлаб ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган бўлса, ортда қолган 26 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 490 кишига кўпайди ва ҳозирда 703 нафарни ташкил этмоқда. Сирдарё Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро, Наманган ва Қашқадарё вилоятларидан сўнг касалланганлар сони 700 нафардан ошган 8-ҳудуд бўлди.

Наманган вилоятида 9 кишида коронавирус қайд этилди. Август ойида вилоятда 44 кишида COVID-19 қайд этилган. Касалланиш ҳолатлари камлиги ҳисобга олиниб, вилоят комиссияси 11 августдан бошлаб карантин чекловларини юмшатди. Наманган шаҳар ва туманлар ҳудудида ҳамда шаҳар (туман)лараро йўналишларда жамоат транспортида (автобус, йўналишсиз такси) йўловчи ташиш фаолиятига рухсат берилди.

Ҳокимликлар ҳузуридаги карантин чекловларини юмшатиш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига босқичма-босқич рухсат бериш бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳлар хулосаси асосида қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:

  • барча турдаги ихтисослаштирилган бозорлар;
  • умумий овқатланиш шохобчалари. Ошхоналар соат 12.00 дан 14.00 гача, ресторанлар эса соат 18.00 дан 21.00 гача ишлаши мумкин. Банкетлар ҳамда бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди;
  • парк ва истироҳат боғлари;
  • меҳмонхоналар;
  • спорт заллари, фитнес клуб ва тренажёр заллар (ижтимоий масофани таъминлаш имконияти бўлмаган жамоавий спорт турларини ўтказмаслик тавсия этилади);
  • давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари;
  • нодавлат таълим марказлари, тўгараклар (10 кишидан кўп бўлмаган гуруҳлар ташкил этиб, машғулотлар вақтини олдиндан келишган ҳолда);
  • барча хизмат кўрсатиш объектлари, жумладан, сартарошхона ва гўзаллик салонлари.

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.

Сурхондарё вилоятида 8 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 5 августдан бери энди янги касалланиш ҳолати рўйхатга олинди. Август ойида вилоятда жами 43 кишида COVID-19 аниқланди. Сурхондарёда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам бор. Ҳокимда коронавирусдан Тошкентда даволанаётгани ҳақида 18 июлда эълон қилинган, бироқ унда касаллик қачон аниқлангани айтилмаганди. Боболов 1 ой олдин — 11 июль куни Ангор ва Қизириқ туманларига янги ҳокимларни тайинлаш бўйича сессияларда бевосита иштирок этмай, йиғилишга Zoom дастури орқали уланганди. Коронавирусдан даволанаётган Тўра Боболов ва бошқа мансабдорларнинг аҳволи ҳозир қандайлиги бўйича 11 август куни АОКАда ўтказилган брифингда савол берилди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов умумий жавоб бериб, уларнинг саломатлигида ташвишли нарса йўқ, даволаш ишлари давом этаётганини таъкидлади.

Навоий вилоятида 8 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда август ойида 44 кишида коронавирус қайд этилди. Навоий вилоятидаги жами касалланиш ҳолатларининг 9 фоизи августга тўғри келди. Навоийда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Қобул Турсунов ҳам бор. У 15 кундан бери Тошкентда даволанмоқда. 12 августдан Навоий шаҳридаги буюм бозорлари ва улар атрофидаги йирик савдо нуқталари ўз фаолиятини бошлайди. Сал аввалроқ эса вилоятнинг Зарафшон шаҳрида йўналишсиз таксилар, сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолиятига маълум талаблар асосида рухсат берилганди.

Бухоро вилоятида 7 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 9 июлдан сўнг касаллик аниқланган кунларда янги ҳолатлар ҳеч қачон 15 тадан кам бўлмаганди. Август ойида Бухорода жами 150 кишида коронавирус қайд этилди. Бухорода 10 августдан бошлаб карантин чоралари юмшатилди. Вилоятда ошхона, меҳмонхона, буюм бозорлари, сартарошхона, нодавлат таълим муассасалари фаолияти қайта йўлга қўйилди. Коронавирус юқтириб олганлар орасида Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов ҳам бор, унда 25 июль куни коронавирус аниқланган, ҳозирда у Тошкентда даволанмоқда. Коронавирусдан даволанаётган Карим Камолов ва бошқа мансабдорларнинг аҳволи ҳозир қандайлиги бўйича 11 август куни АОКАда ўтказилган брифингда савол берилди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов умумий жавоб бериб, уларнинг саломатлигида ташвишли нарса йўқ, даволаш ишлари давом этаётганини таъкидлади.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 5 нафар, Тошкент вилоятида 1 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 60 ёшли А.А. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 60 ёшли А.М. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 63 ёшли Ш.Е. исмли аёл вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 57 ёшли Х.Қ. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 32 ёшли Ш.А. исмли эркак вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 64 ёшли Н.К. исмли эркак вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 206 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 215 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этганини хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 7687 нафар бемордан 1308 нафари оғир, 428 нафари эса ўта оғир аҳволда. Икки кун ичида аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 1764 нафардан 1736 нафарга тушди, аммо бу орада ССВ 12 кишининг вафот этгани ҳақида ахборот берди. Ҳозирда даволанаётган беморларнинг 22,5 фоизининг аҳволи оғирдир. Солиштириш учун, 20 июлда 7760 нафар бемор коронавирусдан даволанаётганида уларнинг 1,3 фоизи оғир аҳволда эди.

Касалликдан даволаниш

Кун давомида 10 та ҳудудда 1098 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Иккинчи марта бир кун ичида 1000 дан ортиқ бемор соғайиши кузатилмоқда. 2 август куни 1208 киши касалликдан тузалганди. Охирги 13 кун ичида 12 марта кунлик соғайиш кўрсаткичи касалланганлар сонидан ўтиб кетмоқда.

11 август куни тузалганларнинг

  • 781 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 205 нафари Тошкент вилоятида;
  • 35 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 18 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 17 нафари Андижон вилоятида;
  • 10 нафари Бухоро вилоятида;
  • 10 нафари Наманган вилоятида;
  • 10 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 9 нафари Хоразм вилоятида;
  • 3 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган. Куни кеча ССВ коронавирусга чалинган беморларни уй шароитида даволаш бўйича асосий тавсия ва қоидалар ҳам тақдим этганди.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 31 983 нафар бемордан 24 090 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 75 фоизни ташкил этмоқда. Бу дегани коронавирусга чалинган ҳар 4 бемордан 3 нафари соғайиб кетди деганидир. Бу 16 июндан бери энг баланд кўрсаткич ҳисобланади. Даволаниш кўрсаткичи 21-23 июль кунлари 53 фоизгача тушиб кетганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 7687 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 20 июль кунидаги беморлар сонидан (ўша куни 7760 нафар бемор даволанаётганди) ҳам камайди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 6161 нафар. Фарғонада 4, Жиззахда 9, Навоийда 23, Хоразмда 37, Қашқадарёда 38, Сурхондарёда 45, Қорақалпоғистонда 56, Андижонда 58, Сирдарёда 61, Наманганда 62, Бухорода 67, Самарқандда 86 ва Тошкент вилоятида 980 нафар бемор қолди.

Тошкент вилоятида 27 июлдан бери биринчи марта даволанаётганлар сони 1000 нафардан камайди. Вилоятда охирги 4 кун ичида ҳар куни 200 дан ортиқ бемор коронавирусдан соғаймоқда. Тошкент шаҳрида эса 5 августдан бери ҳар куни 400 дан ортиқ бемор шифо топмоқда.