Шавкат Мирзиёев 12 август, чоршанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида карантинни босқичма-босқич юмшатиш зарурлигини, аҳолининг ўзи шуни илтимос қилаётганини таъкидлади, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Шуни ҳисобга олиб, Президент 15 августдан бошлаб фуқароларга ўз уйида 30 кишилик оилавий тантана, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишга рухсат бериш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 10 июлдан карантин талаблари кучайтирилган, ушбу даврда, жумладан, оилавий тантана, тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш тақиқланган эди.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев 15 августдан автомобилларнинг кун давомида ҳаракатланишига, 17 августдан вилоятлараро қатновларга рухсат бериш кераклигини таъкидлагани ҳақида хабар берилган эди.