Президент Шавкат Мирзиёев 12 август, чоршанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳар бир фуқаронинг соғлиғи ва ҳаёти учун курашни янада кучайтирган ҳолда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсадида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: «Дарё»

Шу муносабат билан, Шавкат Мирзиёев 20 августдан бошлаб буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес-клуб ва бассейнлар ҳам ишлай бошлаши лозимлигини таъкидлаган. Республика махсус комиссиясига ҳар бир фаолият тури бўйича қандай санитария талабларига амал қилиш зарурлигини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда 15 августдан автомобилларнинг кун давомида ҳаракатланишига ва 30 кишилик тўй-маросимларни ўтказишга, 17 августдан эса вилоятлараро қатновлар ва диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.