Тошкент вилояти Қибрай туманида саёҳат чамадонидан мурда топилгани, жасад 1968 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилиб келган Ш.А. бўлиб чиққани, марҳум илгари Ўзбекистон Олий судида таъминотчи вазифасида ишлагани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот берди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йил 8 август куни Қибрай туманида саёҳат чамадонида эркак кишининг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 97, 169 (ўғрилик), 227 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 241-моддалари (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) билан айб эълон қилиниб, уларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.