Президент Шавкат Мирзиёев 12 август, чоршанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари охирги бир ойда барча ҳудудларда даволаш ўринлари ва нафас олдириш аппаратлари сони бир неча баробар кўпайтирилгани, муолажа қилиш усуллари янгилангани ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати кучайтирилганини қайд этди. Буларнинг натижасида Ўзбекистон бўйича коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 59 фоиздан 77 фоизга етди. Вирус юқтирганлар сони 32 мингдан ошган бўлса-да, уларнинг 25 мингдан зиёди соғайган, 7 минг бемор даволанмоқда.

«Ҳар бир фуқаромиз соғлиғи ва ҳаёти учун курашни янада кучайтирган ҳолда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсадида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарур. Халқимизнинг ўзи шуни илтимос қилмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шуни ҳисобга олиб, Президентнинг таъкидлашича, 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш керак. Худди шу кундан санаторийлар, пансионатлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала-ҳовлини ижарага бериш, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланиши керак.

Президент 17 августдан вилоятлар ўртасида автотранспорт қатновини ҳамда жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобус қатновини тиклаш ҳақида ҳам кўрсатма берди.

Республика махсус комиссиясига ҳар бир фаолият тури бўйича қандай санитария талабларига амал қилиш зарурлигини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди.