Фарғона вилояти Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида режалаштирилган барча чора-тадбирлар ўз муддатида сифатли амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 12 август, чоршанба куни туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар бермоқда туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг қарорига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлигига бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаларини ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Айни кунларда бу борада амалий ишлар бошланган. Хусусан, Сўх тумани «Новобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кичик аэропорт ташкил этилмоқда. Мазкур майдон салкам 10 гектар майдонни эгаллайди. Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган. Шунингдек, «Фарғона» халқаро аэропортида ҳам мазкур йўналишда аниқ тадбирлар ишлаб чиқилди.

Авиақатновларга Ўзбекистондаги Humo Air авиакомпаниясининг «Ан-2» самолёти ҳамда Uzbekistan Helicopters компаниясига қарашли «Ми-8» вертолётларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

«Ан-2» самолёти 12 нафар йўловчи сиғимига, «Ми-8» вертолёти эса 16 нафардан 20 нафаргача одам олиш имкониятига эга. Йўловчилар 35—40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади. Парвозларни ҳозирча кунига 2 марта амалга ошириш мўлжалланмоқда. Келгусида талабга қараб авиқатновлар сони кўпайиши мумкин.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Транспорт вазирлиги авиақатновларнинг чипта нархлари йўловчилар учун мақбул нархларда бўлиши бўйича тегишли тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Қарорда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини 2020 йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан қопланишини ва келгуси йилларда давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминлаш белгиланган.

Аввалроқ Президент Сўх тумани аҳолисига бир қатор имтиёзлар берувчи қарорни имзолаганди.

Эслатиб ўтамиз, Сўх туманидаги эски аэродромни қайта таъмирлаб, вилоят марказига ҳаво йўллари орқали бориб келишни йўлга қўйиш масаласи Қирғизистон билан чегарада юз берган можародан кейин кун тартибига чиққанди.