Британиялик қўшиқчи Эд Ширан ва рафиқаси Черри Сиборн биринчи фарзандининг дунёга келишини кутмоқда. Бу ҳақда жуфтликка яқин бўлган инсайдерлардан бири маълум қилди, деб ёзади Cosmopolitan.

Фото: Insider

Таъкидланишича, ушбу хушхабардан масрур Эд ва Черри айни дамда бола дунёга келиши учун тайёргарликни якунлаш арафасида. Инсайдер берган маълумотга кўра, чақалоқ шу ёзда туғилиши керак.

Черри ҳомиладорлиги билан боғлиқ янгиликни коронавирус сабаб эълон қилинган карантинда ўзини ўзи изоляция қилгани сабаб сир сақлашга муваффақ бўлган, дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоиз, Эд ва унинг турмуш ўртоғи ҳаётини кўз-кўз қилишни ёқтирмайдиганлардан. 2018 йилда турмуш қурган жуфтликнинг тўйи бўлгани ҳақида орадан бир неча ой ўтибгина маълум бўлган. Маросимнинг қандай ва қаерда ўтказилгани эса ҳали-ҳамон сир. Шираннинг 2019 йилнинг охирида шахсий ҳаётига вақт ажратиш учун ижодий танаффус эълон қилгани, ота бўлиши ҳақида хабар топгани билан боғлиқ деган тахминлар ҳам йўқ эмас.

Бундан аввал берган интервьюларида Эд Черри билан янги ҳаёт бошлагани ва ҳаётининг кейинги 20 йилини гастрол сафарларида эмас, оила ва фарзандлар даврасида ўтказишни исташи, оиласи учун машҳурликдан воз кечишга тайёр эканини бир неча бор таъкидлаган.